Икки муҳим омил…

Ислом динини ўзининг ҳақ дини деб ихтиёр қилган Аллоҳга беадада хамду санолар бўлсин. Ва ушбу динни мукаммал тарзда баён қилган Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин.

Алҳамдулиллаҳ, бир неча йиллардан бери юртимизда мўмин-мусулмонлар учун жуда ҳам катта имкониятлар яратилмоқда. Яъни, ҳамма ўзи истагандек ислом арконларига амал қилиб келмоқда. Масжидларда азонлар баралла янграмоқда. Бунинг учун роббимизга беҳисоб шукрлар қилмоғимиз лозимдир. Минг афсуслар бўлсинки, ушбу неъматларнинг қадрига етмасдан нонкўрлик қиладиганлар ҳам топилади. Баъзан бундай инсонларни қандай номлашни ҳам билмай қоласан. Бундай кимсалар ўзлари билиб-билмай юртимизнинг тараққий топиши ва диний эркинлигимизни кўра олмайдиганларнинг тегирмонига сув қуймоқдалар холос. Ушбу инсонларнинг сифатларидан бири шуки, улар ҳар доим давлат раҳбарларидан, яшаш тарзидан ва умуман олганда ҳамма нарсадан норози кайфиятда бўлади. Ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан рози бўмайди.
Инсонни фитратида шундай бир туйғу борки, инсон доимо яратувчисига интилади, кимгадир илтижо қилишга мухтождир. Яъни, инсонни динидан, эътиқодидан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Қалби қотган жоҳил инсон бўлса ҳам хеч бўмаганда бошига мусибат тушганда Роббисини эслайди ва унга илтижо қилади. Демакки, дин инсоннинг ажралмас бир бўлаги экан.
Ўзлари четдан турволиб, диёримизга сиёсий ва диний барқарорсизликни келтириб чиқармоқчи бўлган айрим ташкилот ва шахслар мана шу нозик туйғуни ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида марказий нуқта қилиб олганлар. Ўзларининг сиёсий мақсадларини диний фон остида яширишга уринадилар.
Мотурудийлик талимотининг етук намоёндаларидан бири Абул Муин Насафий ўз асарларида жуда ҳам муҳим 2 қоидаларни тузиб кетганлар. Булардан бири сиёсий жиҳатга эга бўлса, бошқаси эса диний жиҳатга эга.
1) Сиёсий жиҳатдаги муҳим омил бу-кўпчилик томонидан овоз бериш йўлига кўра сайланган раҳбарга итоат қилишлик лозим ва лобуддир.
Алҳамдулиллаҳ, бизнинг диёр мусулмон диёр ҳисобланади. Давлат раҳбаримиз ҳам мусулмондир. Шундай экан, биз бош раҳбаримизга итоатда бўлишимиз вожиб амал ҳисобланади. Ушбу Қонун Нисо сурасининг 59-оятидан истифода қилингандир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинг, унинг росулига итоат қилинг ва ўзларингиздан бўлган иш бошчиларингизга итоат қилинг…”.
Давлат раҳбарига итоат қилмай унга қарши чиққан кимсаларни боғий дейилади. Агар улар тавба қилмасалар уларни ўлдиришга ҳукм қилинган.
2) Диний жиҳатга эга бўлган омил эса бу- бир жамиятда мусулмонлар яшаб, уларнинг қозиси фаолият юритадиган бўлиб турса, ўша жамиятдаги мусулмонлар муфтийнинг фатвосига амал қилишлари керак. Гарчи, муфтий чиқарган фатво бошқа қўшни мамлакатлардаги фатвога мувофиқ келмаса ҳам. Бунинг мисолини Рамазон ойининг кириши ва ҳайит байрамини нишонлашда яққол кўринади. Яъни, бизнинг диёрда рўза тутилган кун 10- санада тўғри келса, бошқа мамлакатларда 9 ёки 11-кунларга тўғри келиши мумкин. Ҳайит байрамида ҳам худди шундай ҳолат кузатилиши мумкин.
Биз айнан мана шу икки жиҳатга қаттиқ амал қиладиган бўлсак, ин ша Аллоҳ ҳеч қандай ихтилоф юзага чиқмайди. Ғаразли ниятдаги шахслар айнан мана шу икки жиҳатдан фойдаланиб, халқ ўртасида норозичилик кайфиятини юзага чиқармоқчи бўладилар. Халқни давлатга нисбатан муносабатини ўзгартириб, сиёсий ўйинлар қилишади. Мақсадлари аниқ ва тиниқдир. Халқни қўзғаб, жорий тузумни йўқ қилиш ва давлатни кучсизланишидан фойдаланиб сиёсий мақсадни амалга оширишдир.

Диний жиҳатдан эса, дин пешволарига ҳар-хил туҳмат ва иғволарни қилиб, уларни обрўсизлантиришдир. Ва аҳолини уламоларга қарши қилиб қўйишдан иборат. Натижада, халқ орасида бўлиниш ва парокандаликни юзага чиқармоқчи бўладилар. Аллоҳ хамд бўлсинки, улар ҳозири кунимизгача бундай жирканч ишларини уддасидан чиқа олмади ва чиқа олмайди ҳам, ин ша Аллоҳ. Ўзимизнинг диёрдан етишиб чиққан мутафаккир бобомиз Абу Муин Насафий мана шунга ўхшаш ихтилофли вазиятларга тушиб қолмаслигимиз учун бизларга муҳим асосларни қолдириб кетганлар.
Азиз юртдошлар! агар биз мана шу икки муҳим омилга мукаммал тарзда амал қиладиган бўлсак, ин ша Аллоҳ, жоҳил кимсаларнинг тузоғига илинмаймиз. Уларнинг баланд-парвоз ва жимжимадор гаплари бизга таъсир қилмайди.

Алибек Тўхтаев, ўқитувчи