ЁШЛАР ТАРБИЯСИДА ОТА-ОНАНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

Аллоҳ таоло томонидан ота она учун берилган энг буюк неъмат, шубҳасиз фарзанд неъматидир.  Демак, фарзанд анашундай буюк неъмат экан, унинг масъулияти ҳам шунчалик катта бўлиши шубҳасиздир. Фарзанд дунёга келар экан, ота-она зиммасига улкан масъулият юкланади. У масъулият жамият олдидаги масъулият, Ватан олдидаги масъулият ва динимиз олдидаги масъулиятдир.Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг каломи шарифида: “Сўнгра, ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз” деган. Ота-она анашу ҳақиқатни унутмаслик лозим. Ҳақиқат шуки, ота-она фарзандига қандай тарбия бера олди. Неъматни ўша неъматни берувчи Зот рози бўладиган қилиб тарбиялай олдими шу сўралади. Бу борада Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан шундай ҳадис ривоят қилганлар: “Ҳар бирингиз бошлиқ ва ҳар бир бошлиқ ўз қўл остидагилардан сўралур” деганлар. Ота-она оила бошлиғи экан, оиладаги ҳолатлардан, хусусан, фарзанд тарбиясидан жавоб беришни унутмаслик лозим.

Каттани кўрсанг салом бер, таомни ўнг қўлинг билан егин, ўзгани нарсасига қарама, ёмонларга қўшилма, устозлар ҳурматини жойига қўй, пухта билим олишга ҳаракат қил, барчага намуна бўлгин каби яхши сифатлар фарзандининг доимий ҳолатидаги хулқига айланиш чораларини кўриб бориш керак.

Ота-она фарзандини гўдаклик чоғидан ташқи ҳолатига, яъни жисмига эътибор берганидек унинг хулқи-одобига ҳам эътибор қаратиши даркор. Кишини таши чиройли бўлса-ю, унинг хулқи ёмон бўладиган бўлса ундай кишида яхшилик бўлмайди. Бу борада от-она ўз фарзанди учун намуна бўлиши лозим. Халқимизда қуш уясида кўрганини қилади деган ҳикматли сўз бежизга айтилмаган.

Ота-онанинг зиммасидаги вожиб нарсалардан энг муҳими фарзандининг одобини чиройли қилишдир. Бу борада Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларни яхши хулқ билан хулқлантиринг”  деганлар. Чунки, инсоннинг улкан ютуқларга эришиши, яхши инсон бўлиши, элу халқнинг олдида ҳурмат қозониши ёшликда берилган одобнинг самараси бўлади. Анашу ҳақиқатларни биз ота-оналар доимо эсда тутишимиз лозим.

Фарзандлар тарбиясига эътибор, ўзимизнинг келажагимизга бўлган эътибор эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз ва бу йўлда барчамиз бирдай харакат қилмоғимиз лозим.

Ўткирхон МАҲМУДОВ

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси