Ёшлар тарбиясида ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсири ва олдини олиш йўллари

Илми бўлиб, унга амал қилмаган киши

тухум қўйиб бола очмаган товуққа ўхшайди.

Ҳазрат Навоий.

 

Бугунги кунда ёшлар ўртасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳолати жуда ачинарли бўлиб қолди. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тартиби ҳамда қонун-қоидаларига риоя қилинмай қолинди. Ижтимоий тармоқ аслида нима учун керак? Бу саволга саводи бор киши албатта, ижтимоий тармоқ илм олиш учун керак деб жавоб беради. Тўғри, у қандай соҳа вакили бўлишидан қатъий назар, керакли бўлган маълумотларни ижтимоий тармоқлардан олсин, амалиётида қўллашда фойдаси бўлсагина, илми манфаатли ҳисобланади. Билакс, нотўғри фойдаланиш асносида жуда кўп “бузилиш”ларга олиб келиши мумкин. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ў. Ҳошимов айтганларидек, “Бу дунё – муттасил айланиб турадиган мураккаб механизм. Одамлар ўша механизмнинг кичик бир винтчаси, холос. Ҳар битта винтча ўз вазифасини адо этмоғи лозим. Биттаси ишламай қолса, кўрасан нима бўлишини! Бутун бошли механизм чок-чокидан сўкилиб кетади”[1]. Таассуфки, ёшлар орасида диний таълимоти етарли бўлмаган ёшларимиз ҳар хил исломий каналларга уланиб, ўзларининг мафкуравий ғояларини бузмоқдалар. Бунга сабаб бўлаётган айрим “динда илми бўлмаганлар” динимиз номи билан фаолият олиб бораётган қўштирноқ ичидаги чаласаводлар дин ниқоби остида ўзларининг бузғунчилик ғояларини ёйиб, мамлакатимизнинг ўспирин ёшларини йўлдан урмоқдалар. Буни қуйидаги ҳолатга ўхшатиш мумкин. Бир киши тўпланиб, бир кишини ураётган бир гуруҳ кишилар олдидан ўтиб қолди. Ураётган кишиларнинг биридан: “Бу киши нима иш қилибди?” деб сўрабди. У: “Нима иш қилганини билмайман, қарасам ҳамма ураётган экан. Мен ҳам зора савоб бўлса деб, қўшиб уряпман”, деб жавоб қайтарган экан. Аслида ёшларимиз диний билимларни ижтимоий тармоқлардан ўрганишлари шарт эмас. Илмни диний соҳа вакилларидан ўрганишлари маъқулроқдир. Инсонга ва ҳайвонга фақат ишонтириш йўли билан таъсир ўтказиш мумкин. Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган манбалар илм саводи етарлича бўлмаган киши учун ишончлидек кўринади, аммо қанчаси зарарли, қанчаси фойдали манбаа эканлигини фойдаланаётган кишининг ақл – заковати кўтаролмаслиги мумкин. Ундаги бор илм ўн фоиз бўлса-ю, ижтимоий тармоқдаги нотўғри бўлган манбаадан фойдаланиш оқибатида ўзидаги ўн фоиз илмини бузиб ўрганишига олиб боради. Агар ўша маълумотни бир саводли, илмли бир устоздан олса, ўрганмоқчи бўлганларини фойдали, асосли ҳамда ишончли илм билан бойитади.

Зўр қобилият ҳаммада бор. Аммо балиқнинг қобилиятини дарахтга тирмашиб чиқишига кўра баҳо берадиган бўлсак, унда балиқ ҳаётини беҳуда ўтказиб юборган бўлиб чиқади. Бугунги ҳаётимизда ҳам ёшларимиз илм, маърифатли бўлишлари учун уларга ота-оналари янги русумли телефон олиб бериб, ичини бир ойлик қиммат тарифга улаб, интернет тармоғидан бемалол фойдаланишлари учун имконият яратиб беришади. Фарзандимни илм олишдаги хожатини чиқараяпман деб хурсанд бўлиб юришади. Минг афсуски, фарзанди интернет тармоғидан қандай фойдаланаётганлигини назоратини олишмайди. Натижада, бола қабул қилаётган нотўғри “информация” билан миядаги бўшлиқ тўлиб бўлади. Ундан кейин у бўшлиқни на ота-она ва на устоз ўзгартира олмайдиган даражага бориб қолади. Ижтмоий тармоқларда тарқалиб борилаётган баъзи маълумотлар аслида, пулга ёлланганлар томонидан тарқатилади. Ижтимоий тармоқдаги бузғунчиликни уюштиришни мақсад қилган бадхулқларнинг шиори: “Сенинг хожатинг чиқади, уни хожати чиқади, оқибатда мамлакат хожатхонага айланади…!” асоси каби ҳаракатга ўхшайди. Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзандини ёшлигиданоқ, унга маънавияти шаклланишида китобни дўст деб кўрсатиши, таништириши, тушунтириши ва ўрнак кўрсата олиши керак. Чунки, қуш уясида кўрганини қилади.

Ҳазрат Жалолиддин Румий айтганларидек: “Завқ ва орзулар зинапояга ўхшайди. Зиналар ўтириб, дам олишга мослашмаган. Умрни шу зиналарда беҳуда ўтказмаслик учун ғофилликдан тез уйғонган ва ҳаётнинг моҳиятини тўғри англаб етган одам нақадар бахтли!”

 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

Нилуфар Аҳадовна

[1] Ўткир Ҳошимов “Тушда кечган умрлар” асаридан