Қўшничилик ҳақлари

Инсон ҳаёти давомида ҳар қандай ҳолатда ҳам оила, маҳалла ва жамият ичида бўлади. Табиийки, ҳаёти давомида унинг атрофдагиларга нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари пайдо бўлади. Мана шундай ҳуқуқлардан бири қўшничилик ҳаққи бўлиб, бу борада динимизда алоҳида эътибор берилган.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилиш ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка буюрганидан кейин, бир қанча тоифаларга яхшилик қилишга буюради. Ўша кишилар ичида қўшнилар ҳам зикр қилинган. Нисо сураси 36-оятида: “…Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмасдейилади.

Аллоҳ таолонинг қўшниларга яхши муносабатда бўлиш ҳақидаги буйруғини бандалари устидаги Ўзининг энг буюк ҳаққи бўлмиш тавҳид – “якка Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиш” ҳақидаги буйруғи билан бирга жамлаши, қўшни ҳақининг қанчалик улуғ ва нақадар катта аҳамиятга эга эканига далолат қилади. Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин  қўшни»ни қариндош қўшни, яьни, яқинлиги бор қўшни, деб; «ён қўшни» эса, оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтирганлар.

Абу Шурайҳ ал-Хузоийдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин!” (Имом Муслим ривоятлари).

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Аллоҳнинг ҳузурида дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилик қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисига яхшилик қилганидир», деганлар.

Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати экан. Ким Аллоҳга иймон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим экан.

Қўшнига яхшилик қилиш уни кўрганда салом бериш ва ҳолини сўрашдан бошланади.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган ишларида ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни даф қилиш билан бўлади.

Шунингдек, ўзаро ҳадя ва таом улашиш ҳам қўшнига яхшилик қилишдандир. Абу Зарр разияллоҳу анҳу айтадилар: “Суюкли Пайғамбарим менга буюрганлар:

“Шўрва қайнатсангиз, сувини кўпайтиринг, сўнгра қўшниларингиз аҳлига қараб, яхшилик-саховат билан ундан сузиб беринг” (Имом Муслим ривоятлари)

Албатта ўзига тўқ қўшнилар ҳеч қачон қийналган қўшниларни эътиборсиз ташлаб қўймаслиги керак. Қўшнилар зарурий таом ва кийим кечак каби нарсаларга муҳтож бўлиб қолишса, албатта, уларга ёрдам қўлини чўзиш зарур. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ён қўшниси оч эканини билиб туриб, тўқ ҳолида тунни ўтказган киши менга имон келтирмабди” дедилар (Имом Табароний ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшничилик ҳақларини тушунтириб,   “Билинг, қўшничилик ҳақларидан яна бири, беҳудага девордан унинг уйига қараманг, мабодо кўзингиз тушиб қолса, айбли бир иш бўлса уни ёпинг. Сизни эшитишингиз керак бўлмаган нарсаларга қулоқ тутманг. Қўшнингиз маҳрамларига назар солманг. Мана шу мусулмончилик қоидаларидандир” деганлар.

Қўшнига фақат ва фақат яхшилик қилинади. Унга зинҳор озор берилмайди. Имом Бухорий (р.а)«Адабул-муфрад»да қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади. Кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади», дейилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир», дедилар. (Бояги кишилар):

«Фалончи аёл бўлса фарз намозларини ўқийди, бир бўлаккина қурут садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир», дедилар».

Бу ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш экани таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди.

Дарҳақиқат, қўшничилик ҳақи қўшнига фақат азият бермаслик эмас, балки гоҳида ундан етадиган озор, ёмонликларни кўтариш, уларга сабр қилиш ва кечиримли бўлиш, мулойимлик ва яхшиликни биринчи бўлиб бошлашлик ҳамдир.

Ҳасан Басрий: “Ҳуснул живор” яъни яхши қўшничилик деб фақат қўшнига зарар етказмасликкина эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб, жанжал кўтаравермасликни айтурлар” деган эканлар.

Қўшнилар ўртасидаги можаролар одатда, кўпроқ ёш болалари ўрталарида содир бўлиб туради. Шундай пайтда, болаларнинг ўртасига тушиб ота-оналар айбни бир-бирларига ағдаравермасдан, ҳар бирлари ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақириб борсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.

Сўзимиз охирида қуйидаги ҳадисларни келтириб ўтсак, Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, яхшилик ё ёмонлик қилганимни қандай биламан?” деб сўради. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қўшниларингиз “яхши қилдингиз” деса, яхшилик қилган (яъни яхши одам экансиз), “ёмон қилдингиз” деса, ёмонлик қилган (яъни ёмон одам),  бўласиз”, дедилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Агар кишини ўз қўшниси яқинлари ва ҳамроҳи мақтаса, унинг яхшилиги ҳақида шубҳа қилманг” деган эканлар.

Албатта кишига қўшнилари берган баҳо энг тўғри баҳодир. Шундай экан, Аллоҳ таоло барчамизни қўшниларга яхшилик қилишда пешқадамлардан қилиб, дунё ва охиратда қўшниларимизнинг мақтовларига созовор қилсин!

С. Худойқулов