Шамолларнинг физик хусусиятларига диний ва дунёвий штрихлар

Шамол — атмосферада ҳавонинг ер сиртига нисбатан горизонтал ҳаракати.[1]

Дарҳақиқат, Она заминимиз узра вақти-вақти билан турли хил йўналишларда шамоллар пайдо бўлиб қолади. Баъзи кунлари кун давомида эсиб турса, баъзида эса ҳафталаб давом этади. Шамоллар эсишини биз табиатнинг одатий ҳодисаси деб қабул қилишга аллақачон кўникиб қолганмиз. Аслидачи,

Улуғ Яратгувчи Зот Ўзининг муборак каломида:

“Аллоҳ шамолларни юборган зотдир…” деб  марҳамат қилади[2].  (Фотир-9)

Демак, аслида шамоллар ўз-ўзича тўсатдан пайдо бўлиб қоладиган ҳодиса бўлиб қолмай, балки, бутун борлиқни мукаммал ҳолатда яратиб, ҳикмат билан бошқариб турган Аллоҳ таолонинг изни иродаси ила юзага келар экан.

Коинот салтанатидаги барча ёритқичларнинг ўз орбиталарида қатъий интизом асосидаги ҳаракатларидан тортиб, атом ҳамда электронларнинг ҳам ўта аниқликдаги ҳаракатлари – ягона Яратгувчининг хоҳиши ила собит бўлиб турганда, шамолларнинг ҳам она заминимизда ўз ҳолича пайдо бўла олмаслигини англаб олиш фурсати аллақачон етиб келгандир.

Зеро Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 62- ояти каримасида бизга марҳамат қиладики:

“Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир”[3].

Ҳа, албатта, бу оламдаги барча нарсаларни яратувчиси ёлғиз Аллоҳ таолодир. Шу жумладан шамолларни ҳам. Ер юзасида ҳавонинг ўз-ўзидан ҳаракатга келиши мумкин эмас. Улкан галактикаларни, ёритқичларни ва ҳатто энг кичик заррачаларни ҳам интизомли, бардавом ҳаракатланишлари фақатгина ёлғиз Аллоҳ таолонинг изни-иродаси билангина мавжуддир.

Аллоҳ таоло Ўз каломида яна шундай марҳамат қилади. Яъни:

“… ва шамолларнинг йўналишида ақл юритадиган қавм учун оят-белгилар бор”[4].(Жосия-5)

Демак, шамолларни нафақат пайдо бўлиши, балки уларни ер юзасида айнан қайси минтақада, қайси томонга, қанақа йўналишда, қанча муддатга ва ҳатто қанақа тезликда эсиши ҳам ўз-ўзича содир бўладиган ҳолат эмас экан. Ҳа, айнан шамолларни йўналишида ҳам “ақл юритадиган қавм учун оят-белгилар бор” экан. Дарҳақиқат, Фурқон сурасининг 2- ояти каримасида марҳамат қилинадики:

“… ҳар бир нарсани ўлчов ила  ўлчаб яратган Зотдир”[5]

Ҳа бу дунёда ҳеч бир нарса ўлчовсиз, ҳисоб китобсиз яратилган эмас. Шу жумладан шамолларнинг тезлиги, уларнинг йўналиши, масофаси ва ҳатто эсиш даври ҳам. Планеталарнинг катталиги, уларнинг ҳаракатланиш тезликлари, оралиқ масофалари мукаммал ҳисоб китоб асосида яратилганлиги Аллоҳ таолонинг Ҳақлигига, Қодиру баркамол Зот эканлигига таслим бўлишимизга кифоя эмасми? Жисмларнинг массаси, зичлиги хилма-хил бўлган ҳолда, физикавий ҳамда кимёвий хоссалари ҳам нақадар турли-туман. Ҳаводаги кислород миқдори нега айнан 21 % га тенг? Кўпайиб ёки камайиб кетса аҳвол нима кечарди? Нега муайян оралиқдаги товуш тўлқинларинигина эшита оламиз? Аллоҳ таолодан бошқа ким ҳам бутун оламни бу қадар аниқ “ўлчов ила  ўлчаб” ярата оларди? Албатта ҳеч ким!
ДАВОМИ БОР…
Пармон РАСУЛОВ, Хожа Бухорий номли ўрта махсус   ислом билим юрти ўқитувчиси

[1] Ўзбекистон Мил.энцик. Давлат илмий нашр. Тош. 2000. 9 т. 685 бет.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси”. “HILOL NASHR” нашриёти. Тошкент 2018.  435-бет

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси”. “HILOL NASHR” нашриёти. Тошкент 2018.  465-бет

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси”. “HILOL NASHR” нашриёти. Тошкент 2018.  499-бет

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси”. “HILOL NASHR” нашриёти. Тошкент 2018.  359-бет