“ИНСОН СЎЗИДА НИҲОНДИР”

Инсоният яратилгандан буён, у билан бирга шодлик ва қайғу, хурсандчилик ва алам, енгиллик ва оғирлик, омад ва бахт, бойлик ва қашшоқлик, кўз ёш ила кулгу, яхшилик ва ёмонлик, йўқотиш ва эга бўлиш, ҳаром ва ҳалол, нафс ва ақл, ширин ва аччиқ ҳаёт борлиғига сабри ва шукри синовда бўлган ҳолда яшаш учун келгандир аслида…  Аллоҳга шукурлар бўлсинки, бизни халок бўлганлардан кейин дунёга келтирди яъни, “Раҳм қилинган уммат” номини бергандир. Ҳазрат пайғамбар инсонларни фарқлаш хусусида: “Инсон сўзида ниҳондир”, — деганлар. Дарҳақиқат, инсон вужуди ўрмонга ўхшайди. Агар огоҳ бўла олсангина, бу вужуддан чекинмоғинг лозимдир. Чунки, вужудимизда минглаб бўрилар, тўнғизлар…, яхши – ёмон, ҳалол ва ҳаром минглаб сифатлар бор. Қайси атвор устун бўлса, шунинг ҳукми ҳукмдир. Маъдан таркибида олтин мисдан кўпроқ бўлса, олтин ҳисобланади. Вужудингда қайси табиат устун бўлса, шунга мослашишинг керакдир. Инсон баъзан бўри бўлса, баъзи лаҳзаларда Юсуфдек хушсурат бўлади. Кўнгилда ҳар лаҳза бошқа бир туйғу бош кўтаради… Инсон баъзан шайтонлашади, баъзан малакка айланади, баъзан тузоқ бўлади, баъзан йиртқич ҳайвон каби…! Инсон ёзда қишни истайди, аммо қиш келиши билан ундан ҳам воз кечади, истамайди. Бирор ҳолатга қатъиян рози бўлмайди. На борлик, на йўқлик, на иссиқ, на совуқдан хушланади… Мавлоно Румий ҳазратлари айтганларидек, “Инсон тоққа ўхшайди, тоғ қандай алданади, қандай қилиб илонга алданади? Шўрлик одам ўзини танимади, билмади, фазилат мақомидан нуқсон оламига қулади. Инсон ўзини арзон сотди. Шоҳи эди, ўзини хирқага ямоқ қилди!”

Ривоят қилинишича:

Уламолардан (олимлардан) бир зот ёш ва гўзал аёлни имтиҳон этиш учун бундай деди:

  • Сендай гўзал бир аёлнинг шундай хунук эри бўлиши яхши эмас.

Эри хунук, кир юрадиган, нохуш одам бўлган бу гўзал хотин ул олимга ушбу гўзал жавобни берди:

  • Эй Ҳаким! Сиз кўп янглиш сўзладингиз. Гапингиз тўғри эмас. Бундай сўзларни сиздай олим одамдан эшитиб кўп ранжидим. Чунки эримнинг Аллоҳ Таоло олдида бир савоби борлигидан бўлса керак, мени ул савобга нисбатан бир мукофот ўлароқ насиб этгандир. Балки мен бирор иш қилган бўлишим мумкин. Ҳақ Таоло бу гуноҳимнинг жазоси сифатида мени унга бергандур. Жаноби Ҳақнинг берган тақдирига рози бўлиш керак.

Ул олим гўзал аёлга:

  • Болажоним, мен сени диндор ва ақлли бир аёл эканлигингни сезган эдим, шунинг учун имтиҳон қилиб кўрай, дегандим. Қизим, аёлларда Жаннатга кириш учун энг буюк нишон (аломат) эрларининг ёмон феълларига сабр қилмоқдир. Бу сабр уларни Жаннатга олиб боради. Жаннатий солиҳа аёлнинг нишон ва аломати эрига итоат этмоғи, эрининг хотирини хуш тутиши, эри йўқлигида хайр – дуо этмоғи ва эрининг мол – мулкини сақлаб, эҳтиёт қилмоғи каби хусусиятлардан иборатдир. Менинг бу айтганларим солиҳа аёлнинг Жаннатга кириши учун бир нишондир, — деб насиҳат қилган экан.

…илло, аччиқ – ширинни кўз билан кўриб бўлмайди. Басират аҳли уларни оқибат панжарасидан кўра олади. Оқибатни кўрган кўз тўғрини кўра олади…

ХУЛОСА ўзингиздан…

    Нилуфар Аҳатовна