Сохта салафийларнинг эътиқодга таҳдиди

Ислом уламолари умматни доимо бирликка чақирган ва бирликка раҳна соладиган омиллардан огоҳлантириб уни даф қилиш ҳаракатида бўлганлар. Шундай бўлишига қарамасдан Набий алайҳиссалом ўтганларидан бери Ислом умматининг бирлигига анчайин таҳдидлар бўлди. Бу орқали уммат иттифоқига анча-мунча путур ҳам етди. Авваллари мусулмонлар орасида ихтилоф чиқарувчилар ташқи омиллардан фойдаланишган бўлса, кейинчалик бу ишлар фойда беравермагач, аста-секин мусулмонларнинг ўзлари орасидаги ихтилофли масалаларни ўртага чиқариб, уларни адаштириш ва бирлигини парчалаш мақсадлари амалга оширилиб келинмоқда. Маълумки, Қуръони каримда муҳкам ва муташобиҳ оятлар мавжуд. Бу тақсимот ҳадиси шарифларга ҳам тегишли. Ҳозирги кунда ўзларини ҳақ тарафдорлари даъвоси ила баъзи “воиз”лар уммат орасига, айниқса, туркийзабон қардош халқлар орасига ихтилофли масалаларни ташлаб, уларнинг эътиқодларига таҳдид қилишмоқда. Яқин кунлардан бери “Аллоҳ осмонда демаган киши кофир бўлади” деган гаплар тарқатилмоқда. Уларнинг даъволарига қараганда Аллоҳ осмонда эмиш. Бунга Қуръони Каримда далиллар бисёр эмиш. “Аллоҳ аршга истиво қилди” оятидаги истиво калимасининг маъноси маълум эмиш-да, унинг кайфиятини Аллоҳга топширишгина кифоя қилармиш. Баъзи биродарларимиз омма орасида кўтарилмайдиган муташобеҳ оят ва ҳадисларни майдонга олиб чиқиб, омма халқнинг бошини айлантиришмоқда. Албатта, бунга қарши ўз ўрнида керакли тарзда жавоб бериш мусулмон ва аҳли суннанинг вакили сифатида муҳим ишимиздир. Шу маънода Мотуридий ақидасининг мўътабар матнларидан бўлмиш Сирожиддин Ўший битган “Бадъул амолий” манзумасида истиво ҳақида келган байтларни изоҳласак.

Арш Роббиси аршдан юқори бироқ,

Жой олиш васфидан У пок.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир неча ўринда “Аллоҳ таоло аршга истиво қилди” оятини нозил қилган.

Мутакаллим уламолар “Арш барча жисмларни ўраб турадиган нурдан бўлган улкан жисмдир”, дея аршга таъриф берганлар. Истиво маъносидаги оятлар борасида анчайин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтган. Шайх Муҳаммад Алий Собуний Аъроф сурасининг 54-оятининг тафсирида “истиво” борасида қуйидагича маълумотлар келтирган: “Сўнгра аршга истиво қилган”, яъни ўзининг улуғлигига муносиб, бирор ўхшашсиз истиво қилган. Шундай тушуниш ўтган улуғларимизнинг йўллларидир. Имом Молик: “истиво”(нинг луғавий маъноси) маълум, қандайлиги номаълум, у ҳақда сўраш бидъат, иймон келтириш эса вожибдир”, дебдилар.

Ҳанафий мазҳабининг забардаст алломаларидан бўлган Мулла Алий қори роҳимаҳуллоҳ ўзларининг  ”Бадъул амолий“ манзумасига ёзган “Зовъул маолий”  шарҳида юқоридаги байтни қуйидагича шарҳлайдилар: “Кейинги уламоларимиз Қуръони каримда келган “истиво”ни “истеъло” деб таъвил қилишни жоиз санаганлар. Салафи солиҳлар эса таъвил қилмасдан, ундан кўзланган муродни Аллоҳ таоло ва У Зотнинг илмига топширишни ихтиёр қилганлар. Бундай эътиқод бўлиш эса убудиятнинг камолоти белгисидир. Кўплаб муташобеҳ оят ва ҳадисларда ворид бўлган “қўл”, “юз”, “кўз” ва шу каби сифатлар ҳам шу ҳукм жумласидандир”.

Энди юқоридагиларни аниқроқ тушуниш учун “فوق”  лафзи борасидаги маъноларга тўхталиб ўтиш зарур. Аллоҳ таоло “Анъом” сурасининг 18-оятида: “У Зот бандалари устидан ғолибдир”, дея марҳамат қилган. Яна бошқа ўринда, “Наҳл” сурасининг 50-оятида: “Улар Устидаги Роббиларидан қўрқурлар”, дейди.

Салафи солиҳлар ушбу оятлардаги “фавқо” лафзини “улуғворлик”, “юксаклик” деб таъвил қилишмайди. Ушбу оятларда карромийлар ва мужассималар ҳамда ҳозирги кунда Аллоҳни осмонда деб эътиқод қилиш зарурлигини даъво қилаётган баъзи бир мусулмонларнинг Аллоҳга томонни исбот қилишларига раддиялар мавжуд. Чунки карромийлар: “Аллоҳ таоло аршга ўрнашмагани ҳолда юқори тарафдадир”, дейдилар ва бу гаплари билан Аллоҳ таолога жиҳатни исбот қиладилар. Бу эса ҳудди ҳозирда Аллоҳ осмонда деган эътиқод билан бир хил деса ҳам бўлади. Мужассима(ҳашавий)лар оятнинг зоҳирини олиб: “Аллоҳ таоло аршга ўрнашган”, деб очиқ-ойдин айтишади. Ҳолбуки, ушбу оятда бунга бирорта ҳужжат йўқ. Чунки “истиво”нинг “эгаллаш”, “камолига етказиш”, “ўрнашиш” каби бир қанча маънолари бордир. Бир нечта маънони эҳтимол қилиш билан далил олиб бўлмайди.

Шу ўринда Аллоҳ таолони осмонда дейиш орқали унга жой, тараф нисбат бериб қўйилаётгани ва бу иш хатарли экани маълум бўлади.

Ўткир Ғузаров, билим юрти мудири