Мўмин кишининг зийнати – унинг ахлоқ ва муомаласининг гўзаллигидадир

Ким бирор кишини  яхшилик қилишга чақирса, унинг савоби, яхшиликни қилган кишининг савобичадир.

(Ҳадис)

Ҳар бир мўмин инсон ўзи яшаб турган заминида дўст бўлсин ёки душман бўлсин, у билан гўзал муомалада бўлиши матлубдир. Чунки мўминлик яхшилик, хайирлик ва барокатлик аломатидир. Мўмин киши мўмин инсонлар ичида худдики, гўзал юзни чиройли қилиб турган ҳолдек бўлиши матлубдир. Шунинг учун ҳам, мўмин кишининг одоби ҳамма тарафдан – сиртқи тарафидан ҳам, ички тарафидан ҳам, унинг хатти-ҳаракатида ҳам, ўзини тутишида, олди-бердисида, қиладиган барча тасарруфотларида ҳам энг гўзал тарзда намоён қила олиши керакдир. Мўмин кишининг кийим – боши фахр учун эмас, зебу зийнатга бой кўриниш учун кийиши керак эмас, балки киши кўзида содда, тоза, сипо ва озода ҳолда бўлиб юриши керакдир. Мўмин киши ўзини тутишида, муомаласида бировнинг кўнглига қаттиқ ботадиган сўзларни гапирмайди. У ўзининг феъли ва ахлоқи билан ҳурмат – эътибор қозона оладиган киши бўлади. Мўмин киши ҳар бир сўзини дурни ипга тизиб чиққан каби сўзламоғи жоиздир. Ҳар бир сўзини гапирганда, асосли равишда сўзлаши, сўзлаганда нуқсонсиз сўзламоғи кишиларда савол туғдирмаслиги унинг одобидандир. Оғзидан чиқадиган ҳар бир сўзини ақли билан чархлаб, ўйлаб гапириши ўзини ҳурматига мос бўлган тарзда сўзламоғи даркордир. Муомала бобида ҳам суннатга мувофиқ ҳаракат қилиш керак. Мисол учун, жамоат ичига кирганда, ҳа деганда қимирлаб, атрофдагиларни ўзига жалб қилиши керак эмас. Кирганда ҳам, одоб билан кириб, ўтирганларга салом бериб кириши, одамларни тўртиб, ўриб олд қаторда ўтиришмас, балки бўш турган, кўзи етган жойга секин ўтириб, ўтирган жойида атрофдаги кишилар билан ҳол сўраб қўйиши керакдир, чунки пайғамбаримиз с.а.в.нинг одатлари шундай бўлган. Ўтирган жойида ҳам нотўғри хатти-ҳаракатлар қилиб, кўпчилик ичида соқолини ўйнаб, узугини бармоғига ўйнатиб, атрофига аланглаши, кераксиз сўзлар билан кўп бидирлаб, ўзидаги нарсалар билан мақтанишлик, бировни гапириб, устидан миш-миш тарқатишлик мўмин кишига хос бўлмаган ҳолатдир.

Ким бир яхшиликка далолат қилса, унга ўша яхшиликни қилувчига берилган ажрча ажр берилур. (ҳадис)

Айтиш жоизки, инсонлар эътибор бермайдиган, эътибор берса ҳам амал қилмайдиган кўп ҳолатлар мавжуд. Шунинг учун кичик эслатма қилишликни ўзим учун лозим деб билдим, зеро, эслатмоқ мўминлар учун манфаат келтирур. Гўзал муомала, ахлоқ ва одоб мўмин кишининг зийнатидир.

Бировларнинг мусибати устидан ҳеч қачон кулма! Камбағалнинг ҳузурида бойлигингни гапирма! Беморнинг ҳузурида соғлигингни гапирма! Кучсизнинг ҳузурида кучингни гапирма! Бахтсизнинг ҳузурида бахтингни гапирма! Маҳбуснинг ҳузурида эркингни гапирма! Бепуштнинг ҳузурида фарзандларингни гапирма! Етимнинг ҳузурида отангни гапирма! Уларнинг мусибатидан кулсанг, алами ортади. Жоҳиллигинг билан уларни тириклай гўрга тиқасан!

Сенга дастлаб яхши муносабат қилган кишига эътибор берма, сен билан охиригача яхши муносабатда қоладиган кишига эътибор бер!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шарифларида марҳамат қилинадики: Жаннатга дохил қилувчи сабабларнинг энг асосийси – Аллоҳдан қўрқишдир, тақводир, муттақий, хуш ахлоқли қул бўлмоқдир.

Инсон гўзал ахлоқли бўлса, ишлари юришади, инсонлар билан муомала, муносабатлари яхши йўлга қўйилади, бошқаларга ҳам фойдаси етади. Бошқаларнинг бахтли бўлишига сабабчи бўлади… Ёмон ахлоқли инсон эса, бошқаларнинг хафагарчиликларига, жамоат тартибининг бузилишига сабабчи бўлади. Бир қанча келишмовчиликлар, нотинчликларни юзага келтиради. Аллоҳ Таоло инсонни гўзал ахлоқи туфайли жаннатга киргизади…ᅠ

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ гўзал ахлоққа бундай таъриф беради: “Гўзал ахлоқ – очиқ чеҳрали бўлиш, инсонларга доимо яхшилик қилиш ва уларга азият етказадиган нарсаларни бартараф этишдир”.

Ўқиганда ёқимли ва қилиш осондек кўринган бу амаллар аслида динимизда энг улуғ савобга эришиш мумкин бўлган мақбул ибодат саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни тарозуда гўзал ахлоқдан ўзга оғирроқ келадиган нарса йўқ”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Шу нуқтаи назардан, асли фитратимизда бор бўлган, бизга олам-олам савоблар келтирадиган гўзал ахлоқни “уйғотиш” унчалик қийин иш эмас.

Қаерда ва қайси жойда бўлишимиздан қатъий назар Аллоҳдан қўрқишга чақириб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:  “Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳга тақво қилинг, агар бирорта гуноҳ қилсангиз албатта, унинг ортидан бирор савобли ишни қилинки, қилган гуноҳингизни ўчириб юборсин, инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилгин” (Имом Термизий ривоятлари).

Гўзал ахлоқ – ширин сўз, яхши муомала, муҳаббат, табассум, марҳамат кўрсатиш, аввало, инсоннинг ўзидан бошланиши керак. Яъни, инсон ўзига яхшилик қилиб, боқий дунёда хайр ва саодатга эришиши учун ана шу яхшиликларга қўл уриши лозим. Зеро, бу амаллар ўз ўрнида уни ҳаловат ва бахт кўчасига олиб киради…

Нилуфар Бердиева

“Хожа Бухорий”  ўрта махсус ислом билим юрти ўқув-услубий бўлим бошлиғи