Дастлабки қироат имомлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Ўзининг охирги ва абадий китоби бўлмиш Қуръони каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Алийму Хобийр бўлмиш Аллоҳ таолога ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин.  Ўзларига Аллоҳ томонидан нозил этилган, икки дунё саодатини тамин этадиган Қуръони каримни умматларига омонат ила етказиб, унга қандай амал қилишни кўрсатган содиқу масдуқ пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва муаттар саловатлар бўлсин.

Барча дин илмлари қатори Қуръони каримни ҳам қироат қилиш ва уни оят-мазмунини ўргатишни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бошлаб бердилар. Бу илмни Жаброил алайҳисаломдан қандай олган бўлсалар худди шундай етказдилар.

«Қироат» (القراءات) луғатда масдари «жамламоқ», «қўшмоқ», «ўқимоқ», «қироат қилмоқ» маъносидаги (قراءة) нинг кўплик шаклидир.

Истилоҳда: Қуръон нутқида қори имомлар турли йўналишда бўлишидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида кўплаб саҳобалар қироат илмида пешқадам бўлдилар. Имом Заҳабий «Табоқат ал Кубро» асарида шундай дейди: «Саҳобалардан Қуръон ўқитишда энг машҳурлари еттитадир. Улар Усмон, Али, Убай, Зайд ибн Собит, ибн Масъуд, Абу Дардо, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумдир. Масалан Убай розияллоҳу анҳудан бир қанча саҳобийлар Қуръон қироатини ўрганишган. Жумладан, Абу Ҳурайра, ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб розияллоҳу анҳу шулар қаторига кирадилар. Ибн Аббос шунингдек, Зайддан ҳам қироатни ўрганган.

Мазкур саҳобалардан турли шаҳарладан келган кўплаб тобеъинлар қироатни ўрганганлар ва бу илмда пешқадамга айланганлар. Масалан: Мадина шаҳаридан ибн Мусайяб, Урва, Солим, Умар ибн Абдулазиз, Сулаймон, Ато ибн Ясор, Муоз ибн Хорис, Абдуллоҳ ибн Ҳурмус, ибн  Шиҳоб Зуҳрий, Муслим ибн Жундуб, Зайд ибн Асламлардир.

Маккадан Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Икрима, ибн Абу Мулайка ва бошқалардир.

Куфадан Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шураҳбил, Хорис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдураҳмон Суламий, Саид ибн Жубайр, Нахаъий, Шаъбий ва бошқалар.

Басрадан Абу Олия, Абу Ражо,  Наср ибн Осим, Яҳё ибн Яъмур, Ҳасан ибн Сирин, Қатода ва бошқалар.

Шомдан Муғийра ибн Абу Шиҳоб Маҳзумий(Усмон розияллоҳу анҳунинг дўсти), Халифа ибн Саъд(Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг дўсти) роҳматуллоҳи алайҳим.

Қисман ҳижрий биринчи асрнинг охири, иккинчи асрда тобеъинлардан бўлган бир қанча уламолар қироатларни тартиблашга киришдилар. Қироатлар илмини бошқа шаръий илмлар каби алоҳида илмга айлантирдилар. Чунки замон ва давр шуни талаб қилар эди. Натижада, тобеъинлар орасидан ҳам эргашиладиган ва уларни қасд қилиб сафар қилинадиган буюк устозлар сони кўпайиб борди. Улар ва улардан кейинги табақадан — тобеъин ва таба тобеъинлардан бугунги кундаги еттита қироат нисбат бериладиган имомлар машҳур бўлдилар. Улардан:

Мадинада: Абу Жаъфар ибн Язид Қоъқо, Нофеъ ибн Абдураҳмон;

Маккада: Абдуллоҳ ибн Касир, Ҳумайд ибн Қайс Аъраж;

Куфада: Осим ибн Абу Нажуд, Сулаймон Аъмаш, Ҳамза, Кисоий;

Басрада: Абдуллоҳ ибн Абу Исҳоқ, Исо ибн Амр, Абу Амр ибм Ало, Осим Жаҳдарий, Ёқув Ҳазрамий;

Шомда: Абдуллоҳ ибн Омир, Исмоил ибн Абдуллоҳ ибн Муҳожир, Яҳё ибн Ҳорис, Шурайҳ ибн Язид Ҳазрамий эдилар.

Ўша даврда ишончли, омонотдор, умри давомида қироатни ўрганиш ва ўргатишни маҳкам ушлаган, ҳамма ундан ишонч билан таълим олган санади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узлуксиз силсила билан боғланган, қироат илмида машҳур бўлган умумий ўнта қироат имомларининг қироатлари мутавотир эканига уламолар иттифоқ қилдилар. Ушбу қироат имомларининг иккитадан машҳур шогирдлари бўлиб, улар бу қироатларни ривоят қилганлар.

Яна бир қанча қироатлар шоз бўлиб, улар Ҳасам Басрий, Язидий Басрий, Аъмаш, ибн Муҳайсин Маккий ва бошқаларнинг қироатлари. Жумҳур уламолар машҳур мутавотир қироатлардан бошқа, хусусан шоз қироатида намоз ва ундан бошқа ўринларда бўлсин, қироат қилиш жоиз эмас дейдилар…. ДАВОМИ БОР…

Акбар Асқаров, ўқитувчи