Абдуллоҳ Зуфарнинг “Ҳавои нафсига қул бўлганлар” мавзусидаги маърузасига раддия

Ўзининг муқаддас каломида “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг…” – деб, марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

“Менинг умматим залолат устида жам бўлмайди” – деб, марҳамат қилган пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салот ва саломлар бўлсин.

Яқинда ижтимоий тармоқда бир кишининг Абдуллоҳ Зуфарга ўзбек аҳли илмлари ҳақида берган саволини эшитиб қолдим. Саволда ўша аҳли илм (гап Аброр Мухтор Алий ҳақида кетмоқда) ўзининг қўполлиги билан одамларда ёмон таассурот қолдираётгани, динни ҳам тузук етказа олмаслиги ва устига устак хавфсизлик идораларига хизмат қилиши ҳам айтиб ўтилган. Саволнинг сўнгида, “аслида, бу каби инсонлар мулойим табиатли бўлиши ҳамда одоб-ахлоқ борасида қолганларга ўрнак ва намуна бўлиши керак эмасми, шу ҳақида сизнинг фикрингиз қандай”, дейилган.

Абдуллоҳ Зуфар саволга жавоб беришдан олдин саволда айтилган маълумотларга қўшимча қилишини айтиб, Қуръони каримнинг Анъом сурасидаги, “Ана шундай (услубда) оятларимизни батафсил (баён) қилурмиз ва гуноҳкорлар йўли ойдинлашиши учун ҳам (баён қилурмиз)” – деган оятини келтиради. Шундан сўнг “бу хилдаги одамларнинг номини айтиш шарт эмас. Лекин уларнинг сифатларини айтамиз шунга қараб одамлар уларни таниб олади. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам мунофиқларни номма-ном санаб ўтмаган. Балки уларнинг сифатларини айтиб берган. Аслида инсон тоғут ҳукумат остида даъват олиб бориши учун пайғамбар алайҳиссалом тутган йўлда бўлиши керак. Яъни, Расулуллоҳга Маккада “сизга буюрилган нарсани ошкор қилинг ва мушриклардан юз ўгиринг”, деган оят тушган. Мана, оятда нимага буюрилсангиз ҳаммасини очиқчасига айтинг, дейилмоқда. Хўш! Ана улар ҳам худди шундай даъват қила оладими ёки йўқми?. Қилолмайди!

Шу ўринда одамларда, улар ҳам борини етказяпти-да, деган нотўғри тушунча пайдо бўлиб қолган. Аслида ундай эмас. Инсон аввало ўзини, аҳлини ва бола-чақасини сақлаши керак. Шундан сўнг бошқаларни даъват қилса бўлади. Ҳали ўзини дўзахдан сақламай туриб бошқаларнинг ғамини ейиш тўғри эмас. Агар даъват қилишга имкон бўлмай қолса, ҳижрат қилиш керак. Бошқа гап йўқ. Расулуллоҳ ҳам шунинг учун ҳижрат қилган. Ҳозиргиларнинг луғатида эса, ҳижрат деган сўзнинг ўзи йўқ” – дейди.

Келинг энди Абдуллоҳ Зуфарнинг айтган гапларини бир таҳлил қилиб кўрайлик. Маълумки, инсон бир гапни айтиб, унинг изидан оят ёки ҳадис келтирса, бу унинг гапини қўллаб-қувватлайдиган далил ҳисобланади. Аммо келтирилган далил айтилган воқеъликка мувофиқ келиши шарт. Аксинча бўлса, у далил ўрнига ўтмайди. Абдуллоҳ Зуфар ҳам илк айтган жумласининг кетидан Ҳижр сурасининг 94-оятини келтириш билан  имомларнинг тутган йўли мунофиқ ва жиноятчиларнинг йўли эканлигини айтади.

Хўш! Тафсир китобларида мазкур ояти карима ҳақида нималар дейилган.

Имом Самарқандийнинг “Баҳрул улум” тафсирида “мужримларнинг йўли” дан мурод “мушрикларнинг йўли”, дейилган бўлса, “Тафсири ибн Касир”да “пайғамбарларга мухолиф бўлганларнинг йўли” дейилган. Шунингдек, Имом Зажжож оятдаги “мужримлар” дан мурод “кофирлар” деган.

Агар биз Абдуллоҳ Зуфарнинг гапи бўйича хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистондаги имом-хатиблар мушрик, кофир ва пайғамбарга хилоф қилган одамлар бўлиб чиқади. Демак, ояти каримада айтилган мужримлар бизнинг имомларимиз эмас, уларнинг тутган йўли ҳам, Абдуллоҳ Зуфар даъво қилганидек, жиноятчиларнинг йўли эмас.

Абдуллоҳ Зуфар келтирган иккинчи оят махфий даъватни ошкора даъватга айлантириш ҳақидаги оятдир. Унинг даъво қилишича, Ўзбекистондаги имом-хатиблар ҳақ гапни баралла айтишдан қўрқар экан. Афтидан у ўзи ҳақ деб билган гаплар (тоғут ҳукумат ва унга малай бўлиб хизмат қилиш) имомларимиз томонидан айтилмагани учун шу даъволарни кўтариб юргандир.

Келинг, энди мазкур ояти карима ҳақида тафсир китобларимизда нималар дейилганига бир разм солайлик.

“Ат-таҳрир ват-танвир” китобида ушбу оят қуйидагича тафсир қилинган. Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳиссаломга таблиғни (ислом даъватини) Маккада амалга оширишни амр қилди. Даъват тўхтаб қолмаслиги учун Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетишларига изн берилмади. Қолган мусулмонларнинг ҳижрат қилиб кетишларига уларнинг мушрикларга қарши туришга имкониятлари йўқлиги учун рухсат берилган.

“Азвонул баён фи тафсирул қуръон бил қуръон” китобида, уламолар ушбу оят ҳақида икки хил гап айтганлар.

Биринчи, ўзингизга буюрилган нарсани ошкор қилинг ва мушрикларнинг ёлғончига чиқаришлари ва истиҳзоларига эътибор берманг.

Иккинчи, пайғамбар алайҳисалом даъват ишининг аввалида мушриклардан юз ўгиришга буюрилган. Кейинчалик жиҳод ояти нозил бўлиши билан мазкур оят мансух бўлган.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ушбу оят махфий даъватни тугатиб ошкора даъватга ўтиш ҳақида нозил бўлган. Аллоҳга шукрки, ҳозирда исломни етказиш, динга даъват қилиш борасида ҳеч бир тўсиқ йўқ. Албатта, бу иш мутахассис одамлар томонидан амалга оширилса. Агар аксинча бўлса, унга қарши чора кўриш лозим. Чунки диндан гапириш ҳаммага ҳам эмас.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муҳтарам имом домлаларимиз ва соҳа мутахассислари ўзларида бор имкониятлардан тўлақонли фойдаланиб ислом динининг асл моҳиятини халқимизга етказишда жонбозлик кўрсатмоқдалар. Ҳатто, уларнинг бу фидойиликларини кўролмаётган баъзи нусхалар уларнинг обрўсини тўкиш учун қўлларидан келган барча ишни қилмоқдалар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни аҳли сунна вал жамоа йўлини маҳкам тутган динида собит қадам бандалардан қилсин. Адашиб йўлини йўқотганларни тўғри йўлга ҳидоят қилсин.

Қодиров Омон.

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси