Қуръон тиловати ва фазилати

Фақиҳ имом, тақводор, забардаст олим, шайх Абу Закарийя Яҳё Муҳйиддин Ибн Шароф ибн Ҳизом ан-Нававий роҳматуллоҳи таоло айтадилар:

“Бизларни иймонга ҳидоят қилиб, динимизни ўзга динлардан афзал қилган чексиз куч-қудрат, фазлу карам соҳиби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Аллоҳ таоло махлуқотларининг энг афзали ва мукаррами бўлган Ўзининг ҳабиби, бандаси ҳамда росули Муҳаммад алайҳиссаломни бизга инъом қилиб юборган Зотдир. Аллоҳ таоло Росулуллоҳ сабабли бут-санамларга ибодат қилишни йўқ қилиб, у зот алайҳиссаломни барча замонларда мўжизаси давомий Қуръон ила икром қилди. Қуръон мўъжизалари инсу жиннинг барчасини лол қолдирди. Қуръон мўъжизаси тўғри йўлдан тойган ва туғёнга кетганларнинг барчасини эсанкиратиб қўйди. Шунингдек, Қуръонни ақл-идрок соҳибларининг қалблари учун баҳорга айлантирди. Унга бўлган қайта-қайта мурожаат сабаб кўп замонларнинг ўтиши уни эскиртирмайди. Аллоҳ азза ва жалла Қуръонни зикр учун осон қилиб қўйди, ҳаттоки, ёш болалар ҳам уни осон ёдлай оладилар. У Зот муқаддас Китобини турли ўзгаришлардан ҳимоя қилишни Ўз зиммасига олди. Қуръон Аллоҳнинг фазл-карами ила то ҳануз сақланмоқда. Аллоҳ  таоло Ўзи ихтиёр қилган забардаст ва моҳир кишиларни Қуръоний илмлар билан шуғулланишликка муяссар қилди. Улар Мутақарриб зотларнинг қалблари таскин топадиган барча фанларни унда (ўз тадқиқотларида) жамладилар.

Аллоҳ азза ва жалла айтади: Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. (Фотир сураси 32-оят).

“ Албатта Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, биз уларга ризқ қилиб бнрган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Чунки У Зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур. Албатта У ўта мағфиратли ва Шакурдир1. ” (Фотир сураси,29-30 ).

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиларинигиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатган кишидир”, дедилар.( Ушбу ҳадисни Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ўзларининг Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китоб бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” да келтирганлар).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган киши мукаррам, улуғ фаришталар билан бирга бўлади. Қийналиб, тутилиб ўқийдиганга икки ажр бордир”, дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим роҳимаҳумуллоҳлар саҳиҳларида ривоят қилишган).

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар: “Қуръон ўқийдиган мўъмин утружжага2  ўхшайди: таъми ҳам ширин, ҳиди ҳам ширин. Қуръон ўқимайдиган мўъмин хурмога ўхшайди: таъми ширин-у, ҳиди йўқ. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳонга ўхшайди: ҳиди ширин-у, таъми аччиқ. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзалага3  ўхшайди: ҳиди ҳам йўқ, таъми бўлса аччиқ” ”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.)

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ровоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта Аллоҳ таоло  ушбу Китоб билан айрим қавмларнинг даражасини кўтарур, бошқаларини пастлатур.” ” (Имом Муслим ривоят қилган)

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши айтадилар: “МенРосулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз соҳибига шафоатчи бўлиб келади”, деганларини эшитдим”,”. (Имом Муслим ривоятлари).

Ибн Умар розияллоҳу анҳума Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтадилар: “Фақатгина икки кишига ҳасад4  қилиш бор. Аллоҳ Китоб берган ва у кеча-кундуз у билан қоим бўлган кишига ҳамда Аллоҳ мол-дунё бериб уни кечаю-кундуз садақа қиладиган киши”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).

Яна, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шу лафз билан ривоят қилинади: “Икки кишигагина ҳасад қилиш бор: Аллоҳ мол-дунё берган ва у молини ҳақ йўлда сарфлаган киши ҳамда Аллоҳ ҳикмат бериб, у шу ҳикмат билан ҳукм қилиб, уни бошқаларга ўргатадиган киши.” (Имом Буҳорий саҳиҳида ривоят қилган).

Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яҳшилик бўлади. Яҳшилик эса, ўн баробар қилинур. Ман Алиф Лом Мим бир ҳарф демайман. Балки, Алиф бир ҳарф, Лом бир ҳарф, Мим битта ҳарф дейман”.” (Имом Термизий ривояти).

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қилиб айтади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимники Қуръон ва Менинг зикрим Мендан сўрашдан машғул қилса, унга сўровчиларга берганимдан афзалини бераман”.  Аллоҳнинг каломини бошқа сўзлардан афзаллиги Аллоҳнинг маҳлуқотларига фазли кабидир.” (Имом Термизий ривоят қилган).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган киши, харобага ўхшайди”.” (Имом Термизийдан ривоят қилинган)

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қилади: “Росулуллоҳ алайҳиссалом айтадилар: “Қуръон соҳибига айтилади: “Ўқи ва кўтарил! Дунёда ўқиганингдек ўқи! Албатта сенинг манзилинг охирги ўқиган оятинг бўлади” , дедилар”.” (Абу Довуд, имом Термизий ва Насоийлар ривоят қилишган)

Саҳл ибн Муоздан у киши эса отаси Муоз розияллоҳу внҳудан ривоят қилади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Қуръон ўқиб, унга амал қилса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида ота-онасига ёруғлиги дунёдаги қуёшданда ёруғ бўлган тож кийдиради. Энди, унга амал қилган кишига нима бўлади деб ўйлайсиз?” дедилар. (Абу Довуд ривояти)

Доримий исноди билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан у киши эса Набий алайҳиссаломдан ривоят қиладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қуръон ўқинглар! Чунки Аллоҳ таоло Қуръон жо бўлган (сингдирган) қалбни азобламайди. Албатта бу Қуръон Аллоҳнинг зиёфатидир. Кимки унга кирса, омондир. Кимки Қуръонни севса, унга башорат бер! ” дедилар.

Абдулҳамид ал-Ҳамоний айтади: “Суфёни Саврийдан сизга Аллоҳ йўлида ғазот қилган киши яхшироқми ёки Қуръон ўқиган киши, деб сўрадим. У киши: “Қуръон ўқиган одам, деб, зеро Набий алайҳиссалом: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганларингиздир” деганлар” дедилар”.

«Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси  Худойназаров Миржалил