ҒОФИЛЛАРДАН БЎЛИБ ҚОЛМАЙЛИК!

 Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда ижтимоий, диний, эътиқод масалаларида ҳар хил қарашлар, фатволар кўпайган замонда яшаяпмиз. Агар тўғри йўлни топмасак адашиб қолишимиз мумкин. Ижтимоий  тармоқларда эгаси номаълум ёки исми бўлсада манзили номаълум шахслар томонидан тарқатилаётган маълумот ва фатволарга эргашишимиз керакми деган саволни ўзимизга доим беришимиз керак. Албатта йўқ.

Шундай экан ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшовчи барча халқлар билан тинч-тотув яшашга интилишимиз, оила, фарзанд тарбиясида муҳим бўлган одоб-ахлоққа риоя этишимиз керак.

Ислом динига кўра икки турли хасталик бор. Бири  жисмоний хасталик бўлса, иккинчиси маънавий хасталикдир. Жисмоний хасталик инсон қиёфасида кўзга ташланиб, билиниб туради. Жисмимизни турли жисмоний хасталиклардан сақлаш ўз олдимиздаги бурчларимиздан биридир. Бугунги пандемия шароитида жисмимизни касалликдан сақлаш энг муҳим ва вазифа бўлиб турганда иккинчи маънавий хасталик билан касалланиб қолишдан ёки шу касаллик тарқалиб кетишига сабабчи бўлшимиздан Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Маънавий хасталик эса инсон жисмида кўринмайди. У ғийбат, ёлғончилик, туҳмат, ҳийлакорлик, алдамчилик, такаббурлик, хасислик ва ялқовлик каби касалликларда намоён бўлади.

Одамларнинг номуси ва шарафини ҳурмат қилишимиз лозим. Инсон энг улуғ, энг шарафли мавжудотдир. Уни обрўсизлантириш учун туҳмат қилиш, ғийбат қилиш, ёмонлаш, чақимчилик қилиш ёки уларни  тўғри йўлдан адаштириш исломда ҳаром қилинган иш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканлигини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги ҳақида қайғурмайдиган кимсалар ҳақида шундай марҳамат қилади:
“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”.
Тафсир китобларида ушбу оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панду насиҳатни эшитсалар-да унга амал қилмаганлари қораланмоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар:

“Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ғийбатни эшитишга ҳам рухсат бермасдилар. Ул зот бир ҳадисларида «Ғийбат қилувчи билан ғийбатни тингловчи гуноҳда баробардир», — деганлар. Шундай экан азизлар бугунги мураккаб вазиятда ҳар хил фитна-фасодлардан эҳтиёт бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилшимиз динимиз Исломнинг кўрсатмасидир.

“Хожа Бухорий ” ислом билим юрти  мудири    Ў. Ғузаров