Олимнинг гўшти захарлидир

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, қадимда мусулмонлар орасида турли тафриқага бўлинган гуруҳлар бўлган. Хаттоки, хулафои рошидинлар даврида ҳам. Улар хар доим мусулмонларга бўладиган яхшиликлардан ташвишда бўлишар, ғашланар эдилар. Гўёйинки, уларнинг наздида хар қандай яхши ишнинг ортида хайрият йўқдек эди.

Бу тоифа инсонлар ҳар доим одамлар орасида фитна уруғини сочиб, уммат орасидаги келишмовчиликлардан озуқаланиб келардилар. Ваҳоланки, Аллоҳ одамлар орасида фитна чиқариш нақадар жирканч ишлигини бир неча марта зикр қилган. Хусусан, Бақара сурасининг 191-оятида “Фитна-одам ўлдиришданда ашаддийроқдир” Бақара сурасининг 222-оятида эса

“Фитна-одам ўлдириш кўра гуноҳи каттароқдир”, деб марҳамат қилади.

Мусулмонлар ўртасида фитна чиқариб, уларни ўзаро бир-бирига қарши қайраш бу мунофиқларнинг аломати ҳисобланади.Чунки, Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган пайтларида устма-уст фитна қўзғашган. Доимо ишларни остун-устун қилиб, бузиб юришган.

Бугунги кундаги жамиятни пароканда қилишга уриниб, ижтимоий тақмоқларда ҳар-хил бўҳтонларни тўқиб, уламоларни, дин пешволарини, қориларни масхара қилиб, уларни обрўсизлантиришга уринаётган шахслар ҳам ўша даврдаги мунофиқларнинг зурриёди десак муболаға бўлмаймиз. Сабабики, исломнинг аввалида улар Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васалламга озор беришган бўлса, бу кунга келиб, улар Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламоларни обрўсига, шаънига тажовуз қилмоқдалар.

Ушбу фитначи шахслар олимлар ва имомларнинг обрўсини тўкиб, атрофдаги одамларни ўзидан бошқа ҳақиқатпарвар йўқдек кўрсатишга уринади.Уларга ҳамма ҳам эргашаётгани йўқ. Балки, “Хақ қаерда бўлса эргашаман деган эмас, балки, хақ мен айтган жойда бўлиши керак” деган баъзи бир ёшлар эргашяпти, холос. Улар хақни, шариат мезони билан эмас, балки ўзларнининг ҳавои-нафслари билан ўлчаяптилар.

Шундай экан, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган асоссиз хабарларга             кўр-кўрона ишониб, мунофиқларнинг тегирмонига сув қуймаслик керак. Ҳар бир хабарни синчиклаб ўрганиб, кейин хулоса чиқариш зарур. Бир-биримизга билмасдан озор беришдан сақланайлик. Бир инсон бошқа бир инсонни ғийбат қилиши, унга туҳмат қилиши — бу ўз биродарини гўштини ейиш билан баробарлиги барчамизга маълум. Лекин, ўша туҳмат тоши отилаётган шахс олим, қори бўлсачи, бунинг гуноҳи оддий инсонга нисбатан оғирроқ бўлади.

Шундай экан, олимларимиз, қориларимизни гапиришдан хариз бўлайлик. Чунки, олимларнинг гўшти захарлидир. Охир оқибат халокатга олиб бориши хеч гап эмас. Аллоҳ таоло тавба сурасининг 65-оятида шундай марҳамат қилади…

Агар улардан сўрасанг, албатта: “Биз фақат ўзимизча гап қилиб, ўйнаётган эдик холос”, дерлар. Сен:”Аллоҳними? Унинг оятлариними? ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?”деб айт.

Ушбу оят мунофиқлар борасида нозил бўлган.Табук ғазотида бир мунофиқ Авф ибн Моликка шундай дейди: “Анави қориларимиз қорни энг катталаримиз, тили энг ёлғончилариз ва энг қўрқоқларимиздир” деб саҳобий қорилар ҳақида фитна тарқатди. Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: “Мен ўша мунофиқни Пайғамбаримизнинг туяларнинг жабдуғига осилиб, қоқила, қоқила   “Биз фақатгина ўйнаб, киришиб кетибмиз, холос” деб Пайғамбаримизга узрини айтарди. Шунда Пайғамбаримиз ”Аллоҳними? Унинг оятлариними? ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?” деб,оятни давом эттириб қўйдилар. Яъни, уларнинг узрини қабул қилмадилар.

Хулоса шуки, дин, шариат, унинг аҳкомлари ҳақида гап кейганда тилимизни тийиб, жуда ҳам эҳтиёт бўлайлик. Эътиқодан қарайдиган бўлсак, Аллоҳни, унинг Расулини, унинг китоблари ва ҳукмларини истеҳзо қилиш — бу куфрдир. Аллоҳ барчаларимизни Ўзи фитналардан узоқда қилсин!

 

Тўхтаев Алибек, ўқитувчи