ИЛМ БОЙЛИКДАН УСТУНДИР.

ИЛМ БОЙЛИКДАН УСТУНДИР.
“Илм гапнинг кўплигида эмас.
Илм қўрқишнинг кўплигидадир”

Ислом дини илмга қанчалик эътибор беришини, иймон ва ихлосдан кейин илм ҳамма нарсадан устун туришини кўрсатади. Чунки илм бўлмаса, намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа амалларни ўрганиш, адо этиш ҳам мумкин эмас.
“Бир вақтлар Мисрда ака-ука яшар эди. Бири илм ўрганди, бири эса бойлик орттирди. Илм ўрганганини ўз замонасининг энг буюк олими бўлди. Унинг укаси эса Мисрнинг энг бадавлат кишиси бўлди. Бой бўлган ука фақир бўлиб қолган илмли акасига менсимай қарар, уни доим камситарди.
— Мен бой бўлдим, буюк салтанат эгаси бўлдим. Сен эса фақир ва йўқсил, мискин ва ночор қолдинг, — дерди. Олим бўлган акаси унинг сўзларига ҳеч эътибор бермас ва ўзини мағрур тутар эди. У бой укасига шундай дерди:
— Эй ўзини билмаган қардошим! Тушунмасдан оғзингга келган сўзни гапирма! Мен Жаноби Ҳаққа қанча шукроналар қилсам арзийди. Чунки мени ўз пайғамбарларига ворис қилди, яъни менга илм сарвати (бойлик)ни берди. Менинг назаримда илмдан буюк, илмдан фазилатлироқ бошқа нарса йўқдир. Сен эса Фиръавннинг, Хомоннинг ва Қоруннинг меросига эга бўлдинг. Сен умрингни мол тўпламоққа бағишладинг. “Молимнинг бошида чўпонлик қилайин, қўриқлайин”, деб умринг бесамар кетди. Сен ўлганингдан сўнг эски сополни ҳам олиб кетолмайсан. Шунинг учун сен, молингни бошқалар учун тўплагансан. Сенга Аллоҳнинг савол-жавобидан ва азобидан бошқа нарса қолмайди. Мен эса оёқ остида чирқираган бир қушча каби хоксорман. Сен эса игнанг билан ҳаммани чақадиган, озор берадиган қизил қовоқари кабисан. Мен инсонларга азоб берадиган қувват бермагани учун Жаноби Ҳаққа қанчалар шукрона қилсам ҳам камдир.”
Албатта, илм соҳиби меҳр ва ҳурмат кўради, илмдан бенасиб киши эса умрини беҳаловат ўткаради. Илм ўз соҳиби билан охиратга қадар боради. Бойлик бу дунёда қолади, эгаси эса ҳисобини беролмаса, жаҳаннамга тушади. Илм инсоннинг шарафини юксалтиради. Бойлик инсонни қўриқламайди. Мол-дунёни эгаси қўриқлайди.
Бугун илму маърифат қадрлими, молу дунё, мансаб ва шунга ўхшаш ўткинчи нарсалар қадрлими? Ҳозирги ҳаётимизда илм халқасига ўзини урган қадрлими ёки сўму долларлар “халқаси”га ўзини урган қадрлими….?
“Ким илм талаб қилса, ўтган нарсаларга каффорат бўлур”.
Талаби илм ибодат эканлигини биламиз. Талаби илм савоб иш эканини ҳам биламиз алҳамдулиллаҳ. Билишимиз керакки, талаби илм баъзан ўтган гуноҳларнинг ювилишига ҳам сабабдир. Бу нарса Ислом динини талаби илмга қанчалик аҳамият беришини кўрсатади. Гуноҳга йўл қўймаган банда йўқ. Демак, ҳар бир банда ўз гуноҳининг ювилишига муҳтождир. Тавба билан, бошқа ибодатлар билан гуноҳлар ювилиб туради, аммо баъзи бирлари талаби илм билан ювилади. Ана ўша гуноҳларимизни ювиш учун ҳам талаби илм қилишимиз керак. Бундан ҳеч кимга эмас, фақат ўзимизга фойда келтирамиз холос. Ҳа, илм талабида бўлсак гуноҳларимиз, албатта ювилажак!
“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради”.
Илмга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарсага, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр туради. Илм талаб қилиш эса, жаннатнинг йўлига тушишнинг боши экан. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиққай иншааллоҳ!

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
Нилуфар Бердиева