Мазҳабни лозим тутайлик!

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда асли ноаниқ кимсалар томонидан  ғаразли мақсадлар сари бемазҳабликка тарғиб қилиш кенг баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда. Келинг, иймон кўзи билан Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бу борада келган ҳукмларга қарайлик. Аллоҳ таоло Анбиё сурасининг 7-оятида “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” деб марҳамат қилган. Мазкур оятнинг мазмунидан келиб чиқиб, уламолар қуйидаги фикрга ижмоъ  қилганлар: “Ушбу оят ҳукм ва унинг далилини билмаганлар билганларга эргашишларига буйруқдир”. Усул илми уламолари оми инсон мужтаҳид олимга эргашиши вожиб эканига мазкур оятни асос қилиб олганлар. Шунингдек,  тўрт мазҳаб имомлари “Зикр аҳли”дан эканликларига бутун уммат олимлари иттифоқ қилишган.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор”. Имом Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор, яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонни лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.

Имом ибн Aҳмад аш-Шаъроний ўзларининг “Aл-Мийзан аш-шаърония” асарларида мазҳаблар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган. “Aслида саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳабларнинг сони ўн саккизта бўлган. Уларнинг барчаси ўз вақтида амалда бўлган. Лекин вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари ажралиб чиқди. Мазкур тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир”. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган.

Aфсуслар бўлсинки, сўнги йилларда мана шундай бутун уммат олимлари эътироф этиб, эргашиб келган мазҳабдан баъзи илмсиз кимсалар юз ўгириб, ўзларича бир нечта ҳадисни эшитиб олиб, маъносини тушуниб-тушунмай: “Мен ўзим Қуръон ва ҳадисдан ҳукм оламан, мен мазҳабга эргашмайман, мен ҳадисга амал қиламан”, — деб қилган даъволари гўёки, кеча туғилган чақалоқ “бугун ўзим денгизда қайиқсиз сузаман” деб, айтган гапига ўхшайди. Билмайдиларки, ҳадис илмининг султонлари бўлган ва минглаб ҳадисларни ўрганиб, уларни жамлаб, ҳадис китобларини ёзган буюк муҳаддислар ҳам мазҳабда юрганлар. Хатоларининг асосий сабаби – улар мазҳаб ўзи нима, мазҳаб асосчилари қанақа мартабадаги зотлар эканини билмасликларидир.

Демак, бир  мазҳабни лозим тутиш  баъзилар ўйлагандек гумроҳлик эмас, балки  энг ҳақ йўл ила Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдир.

 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти Фиқҳ фани ўқитувчиси Махсумов Мақсуд