Абдуллоҳ Зуфарнинг нохолис ёндашуви

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал салот ва саломлар бўлсин.

Бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқларда ўзининг ислом дини асосларига зид бўлган фатволари ва ҳар қандай масалага ўта кескин муносабатлари билан танилган бир қанча радикал руҳдаги шахслар фаолият олиб бормоқда. Абдуллоҳ Зуфар исмли шахс ана шулардан бири. У амалдаги дунёвий қонунлар билан бошқариладиган тузумлар ва раҳбарларни тоғутликда ва куфрда айблаб, ҳукумат тарафида бўлган диний ходимларни “сарой мулласи” деб ҳақорат қилади.

Абдуллоҳ Зуфарнинг даъво қилишича, “…Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган диний соҳа вакиллари давлатга сотилган сотқинлар. Уларда дин ғами, исломга холис хизмат қилиш каби муқаддас тушунчалар йўқ. Имом-хатиблар ҳукумат вакиллари томонидан уларга ваъда қилинган мансаб ёки қандайдир моддий манфаатлар эвазига, дин йўлида Аллоҳ ризоси учун одамларни ҳақ йўлга даъват қилиб, уларни исломга чорлаётган кишиларни (шу жойда ўзига ишора қилади) танқид қилади. Натижада давлат ташкилоти ходимларида четда юрган биз каби даъватчилар ҳам кимнингдир ёки қайсидир давлатнинг айтганини қилиб юрган, нафсига қул бўлган қўғирчоқ даъватчилар деган тасаввур пайдо бўлиб қолмоқда…”.

Келинг, энди Абдуллоҳ Зуфарнинг айтган гапларини бир таҳлил қилиб кўрайлик. Ҳақиқатдан ҳам, кейинги пайтларда унга ўхшаган кишиларнинг даъватларига учиб, йўлини йўқотиб қўяётганлар сони кўпайиб кетди. Авваллари уларга қарши кураш олиб бориш биров билиб, биров билмай қоладиган даражада тор доирада бўлар эди. Эндиликда бу кураш давлат аҳамиятига молик масалага айланди. Табиийки бу борада биринчи бўлиб, диний соҳа вакилларининг ёрдамига эҳтиёж тушади. Шундан келиб чиқиб, турли оқим ва фирқаларга қарши ишлар тизимли равишда ташкил этилди. Ушбу жараёнда айрим имом-хатиблар ва соҳа мутахассислари ўзининг илмий малакаси ва иқтидори билан кўзга ташланиб, барчанинг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Албатта, улар ўз фаолиятларида холис Аллоҳнинг ризосини кўзлаб, динимиз мусаффолигини сақлашга ҳаракат қилаётганларига шубҳамиз йўқ.

Абдуллоҳ Зуфар даъво қилганидек, диний соҳа вакиллари қандайдир мансаб ёки моддий манфаатлардан умидвор эмас. Балки улар бу ишларни дин учун хизмат қилиш деб биладилар ва ажрини Аллоҳдан кутадилар. Имом-хатиблар моддий манфаатдор деган даъвони қилаётганлар ўз гапларига далил-ҳужжат келтириши керак. Акс ҳолда бу даъво қуруқ гап-сўздан иборат бўлиб қолади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлда собит қадам қилсин. Ҳамиша  юртимизни тинч ва осмонимизни мусаффо қилсин!.

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Қодиров Омон