Ўтган уламоларимизнинг фатво бериш борасида ўзларида қўрқув ҳиссини туйишлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бугунги кунда диний билимларни хоҳ у ақийдавий масалаларни ечимлари бўлсин ва хоҳ шаръий масалаларга тааллуқли ечимлар бўлсин диний билимга эга бўлган етук мутахассислар гапириши кераклиги тўғрисида уламоларимиз такрор-такрор айтишларига қарамасдан, турли йиғинларда, айниқса ижтимоий тармоқларда қўрқмасдан ўзларини тўғри-нотўғри фикрларини тиқиштираётган ҳолатлар кўп учрамоқда. Бу ачинарли ҳолат, албатта. Шундан келиб чиқиб, қуйида олдин ўтган уламоларимиз шаръий масалаларни ечиш ва унга муносабат билдириш тўғри келиб қолганда ўзларини қандай тутганликлари ҳақида сўз юритамиз.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Шарҳул-муҳаззиб” китобининг муқаддимасида қуйидаги сўзларни келтирган:

“Билингки, фатво бериш жуда хатарли, шу билан бирга даражаси баланд ва кўп фазилатли ишдир. Чунки, фатво берувчи киши пайғамбарларнинг меросхўри ҳамда зиммасидаги фарзи кифояни адо этувчи киши ҳисобланади, бироқ у  ҳар доим хатар ичида бўлади. Шунинг учун ҳам муфтий Аллоҳ таолонинг номидан имзо чекувчи ҳисобланади, дейишган”.

Бундан ташқари ўтган салафларимиз фатво беришда ўзларида доимо қўрқув ҳиссини туйганликлари ва ҳамда имкон қадар ундан сақланганликлари тўғрисида кўпгина маълумотлар мавжуд. Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ Уқба ибн Муслимдан санад билан келтирган ривоятда, у: “Мен Ибн Умарга ўттиз тўрт ой ҳамроҳлик қилганман, ундан бирор нарса сўралганда, кўпинча билмайман деб жавоб берар эди ва кейин менга юзланиб, биласанми булар нима қилишмоқчи, булар бизни орқамизни ўзлари учун  жаҳаннамга ўтадиган кўприк қилиб олишмоқчи”, дер эди.

Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ “Алфақиҳ вал-мутафаққиҳ” асарини “Шошқалоқлик билан фатво беришда тойиб кетиш эҳтимоли борлиги учун ундан қайтариш” бобида Аллоҳ таолонинг Зухруф сураси 19-ояти “Тезда уларни гувоҳликлари ёзиб олинур ва ўзларидан ҳам сўралур”, Аҳзоб сураси 8-ояти “Тўғри сўзлаганларни ўша гапирган тўғри сўзлари ҳақида сўрайди ” ва ҳамда Қоф сураси 18-ояти “Оғзидан нима сўз чиқса унинг олдида тайёр турган кузатиб турувчи мавжуддир”, оятларини келтириб, уни ортидан, саҳобалар разияллоҳу анҳум қандай қилиб бирор фатво бериб қоладиган бўлсалар ҳам бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларгагина фатво берар эдилар, чунки Аллоҳ таоло бу нарсани жавобига уларни муваффақ қилишига ишонар эдилар. Шунингдек, уларнинг барчалари ўрнимдан шеригим фатво берсайди деб турар эдилар.

Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ санад билан Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у киши: “Мен уч юзта Бадр жанги қатнашчиларини кўрганман, уларни барчалари ўрнимдан шеригим фатво берсайди деб турар эдилар”, дедилар. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ мен Ибн Уяйначалик Аллоҳ фатво бериш қирраларини жам қилган бирор бир одамни кўрмаганман, у ўзидан фатво бериб юборишдан жудаям тийилар эди, деган экан. Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳни ўзлари одамлар ичида фатво беришга энг билимдони кўпроқ жим турадиганидир ва фатво беришдаги энг билимсизи кўпроқ гапирадиганидир деган экан. Бишр ибн Ҳорис раҳимаҳуллоҳ ким одамларни ўзидан савол сўраб мурожаат қилишларини яхши кўрса у савол сўралишга ҳақли одам эмас деган экан.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Усулул-ифтаи ва адабуҳу” китобидан фойдаланилди,  (Давоми кейинги сонларда)

Рахимов Абдурауф, ўқитувчи