Такфир тушунчаси

Такфир ибораси араб тилидаги “куфр” сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, луғатда инкор қилиш, осий бўлиш, тан олмаслик каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса ­икки хил маънода келади. Бири – динда, яъни, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатсизлик иккинчиси, инъом этилган неъматни менсимай, инкор этишга нисбатан қўлланилган.

Ислом тарихида, такфир тушунчаси халифа Али розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси томонидан ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўлланилган. Улар дастлаб халифа Алининг ашаддий тарафдорлари бўлиб, “Сиффийн” жангидан сўнг ҳазрати Алидан ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, унга ва Муовияга қарши баробар кураш бошлаган.

Хорижийлар қурол ишлатиш орқали ўз эътиқодини тарқатиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилиб қўйган. Улар мусулмонларни ўлдиришликни ҳалол санайдилар. “Жамал воқеаси” иштирокчилари, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо каби саҳобаларни ҳам куфрда айблайдилар. Катта гуноҳ қилган кишини кофирга чиқариб, уларни авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Таъкидлаш ўринлики, хорижийларнинг мазкур такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, халифа Алининг ҳам ҳаётларига тажовуз қилинган.

Бугунги кунда мутаассиблар мусулмонни ассоссиз кофирга чиқариб ғулувга кетмоқдалар.

Шариатда мусулмонни унинг мусулмон эканлигига қарши далил топилмагунича мусулмон, деб ҳукм қилинади. Зеро, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бундай дейдилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий ва Имом  Муслим ривояти).

Бир мусулмонни кофирга чиқаришдан олдин куфрга сабаб деб ўйланаётган у гапирган сўзи ёки ишига қараш, уни яхшилаб ўрганиш шартдир. Зеро, барча фосид сўз ёки иш куфр қилувчи эмасдир. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, бу ишдан қочиб, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола этиш вожибдир. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом  Муслим ривояти).

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай деяётганларини эшитган: “Ким бир кишини “кофир” деб чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани” деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади” (Имом  Муслим ривояти).

Таҳовий ақидасида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”, дейилади. Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилан шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорот бўлиши, мабодо вафот этса, бу – Аллоҳнинг хоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён этилган.

Ақида илимининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашъарий айтадилар: “Мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз маъбудга ибодат қиладилар”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Бунинг устига жамият кишилари орасида унинг ўрнини ўз билганича белгилаб бериш демакдир.

Аллоҳ таоло барчамизга ўз динимизни яхши англаб етишимизни, ошкора ва махфий фитналарнинг барчасидан паноҳида асрашини сўраймиз.

Асқаров Акбар ўқитувчи