ИСЛОМДА МУТААССИБЛИК ҚОРАЛАНГАН АМАЛДИР…

ИСЛОМДА МУТААССИБЛИК ҚОРАЛАНГАН АМАЛДИР…

 

Мутаассиблик – ўз фикр-мулоҳаза ва дунёқараши тўғрилигига ўта қаттиқ ишониб, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш демакдир. Мутаассибликка йўлиққан шахс ёки гуруҳлар жамиятда беқарорликни вужудга келтиришга уринадилар.

У жамият, халқ, қолаверса, бир дин вакиллари орасида ҳурматсизлик, келишмовчилик, ўзаро адоват ва фирқачилик каби салбий омилларни келтириб чиқариши билан ҳам ўта хавфли хусусият касб этади.

Ислом дини мутаассибликка хайрхоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради.

Ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилганини эслашимиз ўринлидир. Шу маънода, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси-шарифда шундай дейилади: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”.

Мутаассибликнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва бир қанча хатарлари мавжуд.

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-шарифда Набий алайҳиссалом Муоз розияллоҳу анҳу ва унинг шеригини Яманга жўната туриб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”, – деган эканлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло “Жосия” сураси 23-оятида шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад), ҳавойи-нафсни ўзига “илоҳ” қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!”.

Демак, мутаассиблик ортида ҳавойи-нафсга эргашиш каби қабиҳ сифат ҳам мужассам эканини кўрамиз. Бирор-бир фикрда таассублик қилиш ва уни бошқаларга мажбурлаш шаръан ман қилинган ишдир. Ҳақиқатлигида шубҳа бўлмаган ишда, агар бошқаларга зарар берилмаса, ўша ишга чин дилдан киришиш яхшироқдир.

Асримизнинг кўзга кўринган уламоларидан Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ўз асарларидан бирида мутаассиблик ҳақида қуйидаги фикрни билдиради: “Мен бу замонда баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи-нафсидан келиб чиқадиган, ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми билан бирлашмайдиган ва уларнинг ҳужжатига бўйсинмайдиган янгича ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман”.

Демакки, динни ўзининг дунёқараши доирасида маҳкам тутиш, ундаги вожиб амалларни адо қилишда уларга эргашмаган кишиларни ёмон кўриш, улар билан низо чиқариш, тарқоқлик ва фитнага сабабчи бўлиш айни мутаасибликнинг ёрқин кўринишидир.

Хулоса қилиб айтганда, ислом дини мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, хусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди. Зеро, Аллоҳ таоло Каломи шарифида марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди” (Бақара, 185).

 

 

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус  

 ислом билим   юрти маънавий -маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари