Оилада аёлнинг вазифаси

Оилада аёлнинг вазифаси

Аллоҳ таоло бутун инсониятни яратиб, уларни икки хил эркак ва аёлга ажратди. Ер юзида тартиб ва интизом қарор топишини эса, айнан мазкур икки жинсга бевосита боғлади. Одам атони яратиб, Ўз ишларида чевар бўлган Раббимиз, ерда инсоният учун нима фойдаю нима зарар эканини билган ҳолда унга Момо ҳавони жуфт қилиб берди. Аллоҳ таоло эркак ва аёлни умумий ишларда тенг ҳуқуқлик қилиб яратган бўлса-да, аммо ҳар бирига муносиб бўлган вазифаларда бир-биридан фарқли қилиб қўйди. Жумладан, савобли ишларда эркак ва аёлга тенг ажр берилиши хусусида Қуръони каримда шундай келган: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).

Аллоҳ таоло аёлларга она бўлишдек, шарафли ва ўта оғир масъулиятни айнан уларга хослаб берди. Шу билан бирга эркакларни жисмонан куч талаб қилувчи ишларга, жумладан, касб қилиб аҳли оиласига нафақа бериш ҳамда бошқарув ишларни уларнинг зиммасига юклаб, эркакларни аёллардан бу хусуда афзал қилиб яратган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир” (Бақара сураси, 228-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда аёлларнинг вазифалари хусусида қуйидагича марҳамат қиладилар:  Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки хотин киши беш (маҳал) намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, номусини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киргин!” – деб айтилади”, — деганлар (Имом Табароний “Мўъжамул авсат”да ривоят қилган).

Ўз навбатида эркаклар ҳам аёлларга ғамхўрлик қилишлари лозим. Жумладан ҳадиси шарифда шундай дейилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир динор Аллоҳ йўлида инфоқ қилдинг. Бир динор қул озод қилиш учун инфоқ қилдинг. Бир динор мискинга инфоқ қилдинг. Бир динор ўз аҳлингга инфоқ қилдинг. Буларнинг ичида савоби улуғроғи ўз аҳлингга инфоқ қилганингдир”, — деганлар (Имом Муслим ривояти).

Уларга нафақа қилиш бошқа хайр-эҳсонлардан ҳам кўра афзалроқ саналади. Эрлар ҳам асоссиз равишда ҳали уни, ҳали буни таъқиқлашга шошилмасдан уларга шариат нуқтаи назаридан келиб чиқиб, яхши муомалада бўлишлари талаб қилинган.

Аллоҳ таоло юртимиздаги барча фуқароларни тинч-тотувликда ҳаёт кечиришларини бардавом қилиб, мушфиқ аёлларимизни бахтимизга соғ-омон қилсин…

 

 

 

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус ислом 

билим   юрти маънавий -маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари