Илм — ёруғлик, жаҳолат — зулматдир

Инсонийликнинг энг муҳим шартларидан бири, бу маънавий ва маърифий билим олиш ҳамда касб-ҳунар эгаллаш бўлиб, ёшларни комил инсон қилиб тарбиялаш, вояга етказишда муҳим омиллардан ҳисобланади.

Ҳар бир инсон ёшлик вақтида илм ва маърифат, ҳунар ва санъатга эга бўлишга ҳаракат қилмаса, ҳаёти давомида кўплаб қийинчиликларга дучор бўлиши тайин. Халқимизда “Ғайратликдан имон қутилмас” деган нақл бор. Ғайрат қилишлик имонга, виждоннинг поклигига далолат этади. Ҳазрати Умар эшик олдида бекор ўтирган бир кишини кўриб, “Ғайратсиз кишилардан Худо безор…” деган экан.

Ақл идроксиз, илму ҳунарсиз киши ҳамиша фойдасиз бўлиб, ҳеч кимга манфаат етказмайди. Гўёки тиканли бута каби танаси бор аммо сояси йўқ.  ХалқимиздаИдрок сўқир бўлса, кўрар кўздан не фойда” деган нақл бежизга айтилмаган бўлса керак.

Демак, ҳар бир ота-она фарзандига молу дунё эмас, балки ақлли, идрокли, дидли, фаросатли қилиб тарбиялаб, одоб-ахлоқ, илму ҳунарни мерос қилиб, қолдириши лозим. Ривоят қилинишича: “Миср ҳукмдори билан Рум ҳукмдори ўзаро келишиб, дўстлик аҳдини туздилар ва орадаги адоватга барҳам бердилар. Ҳатто Миср ҳукмдори Рум ҳукмдорининг қизини ўғлига никоҳлаб, қизини эса Рум шаҳзодасига узатди. Уларнинг дўстлик ва қариндошлик алоқалари узоқ давом этди. Бир куни Рум ҳукмдори қудасига бу мазмундаги мактубни йўллади: Кўзларимизнинг нурлари бўлмиш азиз фарзандларимизнинг бизлардан кейин ҳам фароғатда яшамоқликлари учун ҳозирдан чора-тадбир кўришимиз керак. Мен ўғлим учун жуда кўп олтин жамладим. Чиройли боғ ва сарой барпо эттирдим. Сиз ҳам шундай қилгандирсиз? Миср ҳукмдори мактубни ўқиб табассум қилди ва бу жавобни йўллади: Азизим, мен сиздан кўра сал бошқачароқ йўл тутдим. Вафосиз мол-дунё ва матоҳларига илтифот этмаганим туфайли ўғлимга олтину жавҳарлар эмас, илм, ҳунар, одоб, ахлоқни мерос этиб қолдиришни истадим. Уни илмли, ҳунарли, хушахлоқли қилиб тарбияладим. Уни яхши адаб либоси билан безадим. Мол-дунёга қачондир завол етади, аммо мен қолдираётган меросга ҳеч замон завол етмайди. Бу мерос фарзандимни ҳар қандай бало-офатлардан омон  сақлагай.” деган экан.

Бугунги кунда ўз илму ҳунари, одоб-ахлоқи билан ҳалол касб қилиб, бойлик орттираётган, элга хизмат қилиб, дуо олаётган мардлар сон – саноқсиз топилади. Лекин, орамизда шундай баднафс, текинтомоқ кимсалар ҳам бор эканки, улар ўткинчи мол – дунё учун ватанини, ҳамюртларини ва ҳатто қариндошларини сотишдан қайтмайдилар. Бундай разиллик, тубанлик ботқоғига ботган кишиларни оммавий ахборот воситалари орқали барчамиз кўриб, билиб турибмиз.

Оят ва ҳадислардан маълумки, қайси бир банданинг энг асосий мақсади ва ташвиши дунё бўлса, гарчи у бой-бадавлат бўлса-да, Аллоҳ унинг кўзи олдига фақирлигини келтиради. Келажаги ҳақида ёмон ва ташвишли фикрлар гирдобига солади. Ҳирси ва очкўзлигини зиёда қилади. Бундай банда қалб хотиржамлиги, сокинлик неъматидан бебаҳра қолади. Доимо бирон-бир ўткинчи муаммолар устида сарсон-саргардон ҳолида кезади. Вақтини фақат дунёнинг ўткинчи муаммолари билан ўтказади. Унга тақдирида ёзилган ризқидан бошқа насиба етмайди ва унга хайр-барака ҳам берилмайди.

Динимиз мол-мулкнинг энг яхшиси ва ёқимлиси пешона тери билан топилганини таъкидлаш баробарида ишёқмаслик, танбаллик, бекорчилик, тиланчилик, ўзгаларга юк бўлиш каби иллатлар гирдобига тушиб қолишдан огоҳлантириб, бу каби зарарли одатлардан қайтарган.

Расулуллоҳ (с.а.в): “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик ва иффатини сақлаш учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой кечасидаги ой каби (порлаган ҳолда) бўлиб Аллоҳга йўлиқади”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Ким мол дунёни мақтаниш ва бошқалардан кўплиги билан фахрланиш учун талаб қилса, Аллоҳ таолони ўзига ғазаб қилган ҳолда учратади”, деб марҳамат қилганлар.

Билимли, доно, илмига амал қилган инсонлар жоҳиллик, бефарқлик, ялқовлик каби иллатлардан халос бўлади, тинмай меҳнат қилади, кишилар ўртасида ҳурмат-эътибор қозонади. Ота ҳам, она ҳам яхши ният билан фарзандлар салоҳиятини бош мақсад деб билишса ва уларни одоб-ахлоқли, илму ҳунарли қилиб тарбияласалар, албатта гўзал оқибатга эришилади.

Азамат УСМОНОВ