Қуръон оятларидан ғаразли манфаатларда фойдаланманг!

Жиҳод бу – ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган баъзи бир “даъватчилар” даъво қилаётганидек исломни куч билан ёйиш, қурол ёрдамида тарқатиш воситаси эмас. Аксинча, душманликни кетказиш, зулмни бартараф этиш ва заифларни ҳимоя қилиш йўлидир.

Тарихдан маълумки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни иложи борича қўлни тийишга ва мушрикларни кечиришга чақирар эдилар. Ҳатто ўзини ҳимоя қилиш учун ҳам кофирларга қарши жанг қилишга рухсат йўқ эди. Аллоҳ таоло: “Ўзларига қарши уруш очилганларга зулм қилингани учун уларга (уруш учун) изн берилди. Аллоҳ уларга нусрат беришга ўта қодирдир” (Ҳаж 39) оятини нозил қилди ва бу мусулмонлар учун кофирларга қарши уруш қилишга изн берувчи биринчи оят бўлди. Эътибор беринг! Аллоҳ таоло “Ўзларига қарши уруш очилганларга зулм қилингани учун…” демоқда. Демак, Қурайш кофирлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг саҳобаи киромларига истаганларича озор беришган, зулм қилишган ва мусулмонларга қарши уруш очишган. Ва ниҳоят мазкур оят карима билан мусулмонларга мазлум бўлганлари, азоб-уқубатга қолганлари учун кофирларга қарши уруш қилишга рухсат берилган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жиҳод – ҳеч қачон ҳукумат барпо қилиш ёки йўқ жойдан қўзғолон кўтариш учун жорий этилмаган.

Бугунги тинчлик ва мусулмонлар ибодатларини эмин-эркин бажараётган замонда ижтимоий тармоқлар орқали жиҳод оятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётганларга айтамизки, Аллоҳдан қўрқинг!,    Сизлар ўз нафсингизга қарши катта жиҳод қилинг!, Қуръон оятларидан ғаразли манфаатларда фойдаланманг!, Қуръони каримда жиҳод ва қитолдан кўра жуда кўп учрайдиган ва такрор-такрор келадиган “афв”, “кечирим”, “лутф”, “адолат” каби сўзларни ҳам борлигини унутманг! Ёшларнинг умрини хазон қилманг! .

Шу ўринда азиз ватандошларимизга ҳам шуни таъкидлаб ўтамизки, ҳақ йўлда барқарор бўлиб, аҳли суннат ва жамоатдан тойилманг! Ҳар кимнинг гапига кираверманг! Кўп ва хўп гапларига алданиб қолманг! Жанг майдонларида ҳалок бўлаётганлар Аллоҳ йўлида шаҳид эмас, балки ғаразли кучларнинг “раҳнамолари” йўлида мурдаси бекафан, бежаноза, хор бўлаётганлар эканини унутманг!!!

Азамат Усмонов