Ўз жонига қасд қилиш – гуноҳи кабира

Аллоҳ таоло одамзотни азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).

Ислом дини таълимотларида, хусусан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида инсоннинг ўз жонига қасд қилишидан қатъий қайтарилган. Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, Аллоҳ таоло азиз қилган инсоннинг ўз жонига қасд қилиши, ўз қонини тўкиши худди бошқаларнинг жонига қасд қилиш каби энг оғир гуноҳ саналади. Қуръони каримда айтиладики: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси, 32-оят).

Динимизда нафақат ўзини қасддан ўлдириш, балки эҳтиётсизлик туфайли ҳаётига зомин бўлиш ҳам қаттиқ қораланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: Али ибн Шайбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким уйнинг атрофи ўралмаган томи устида тунаса ва ундан тушиб кетиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас, ким денгизга мавжланиб турган вақтда чиқса ва чўкиб ўлса, унга ҳам ҳеч ким жавобгар эмас” (Имом Ҳоким ривояти).

Айни дамда, Ислом динида ўзини ўзи ўлдиришга олиб келадиган, инсон умрига зомин бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат этиш лозим эмаслиги таъкидланган. Қуйидаги ривоят шунга далолат қилади: Али розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойга қўшин юбориб, уларга ансорлардан бирини раҳбар этиб тайинладилар. Йўлга чиқишгач, раҳбар уларни синамоқчи бўлиб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларни менга итоат этмоғингизга буюрганлар, шундай эмас-ми? – деди. Улар: Ҳудди шундай, дейишди. Шундай экан, ўтин тўпланглар, деди ва олов келтириб, унга ўт ёқди, сўнгра: мана шу оташ ичига киришингларга буюраман, деди. Улар оташ ичига киришга шайланиб турганларида ораларидан бир йигит: Расулуллоҳнинг ҳузурларига айнан оташдан қочиб келган эдингиз-ку, бас шошилманг, аввал Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боринг, агар оташга киришингизга У зот ҳам буюрсалар кирасизлар, деди. Шундан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеанинг хабарини бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар оташга кирганингизда ундан абадий чиқа олмас эдингиз. Итоат фақат шариатга мувофиқ ишлардадир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Афсуски, бугунги кунда баъзи адашганлар турли раҳнамоларнинг буйруқлари ва фатволарига таяниб, ўзларини портлатиб ширин жонларига қасд қилишни ҳалол санамоқдалар. Юқорида келтирилган ҳадис, айнан мана шундай тоифадаги кишиларнинг қилаётган ишлари хато эканига ёрқин далил бўлади.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч ва осойишта сақлаб, ҳаётимизни Ўзи рози бўладиган хайрли ва савобли амаллар билан ўтказмоғимизни барчаларимизга муваффақ қилсин..

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус ислом 

билим   юрти маънавий -маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари