Одам ўлдириш гуноҳи кабирадир

Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга салот ва саломлар бўлсин.

Ҳеч кимга сир эмас кейинги вақтларда ижтмоий тармоқларда адашган оқим ва тоифаларнинг вакиллари дин номидан гапириб кўпгина фитналарга сабаб бўлишмоқда. Минг афсуски уларнинг ботил даъволарига алданиб қолаётганлар ҳам топилмоқда. Энг ачинарлиси бундайларнинг сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Шунинг учун халқимизга соф исломий ақидани тўғри тушунтириш ва адашган тоифаларнинг ботил даъволарини асоссиз экани исботлаш ҳар қачонгидан муҳим ҳисобланади.

Жонкуяр устозлардан Рустамжон домла ва Раҳматуллоҳ Термизий домлалар ўзларига хос услуб билан ватандошларимизга муқаддас ислом динининг асл моҳияти, динимизда бажариш лозим бўлган амаллар, ибодат ва муомалат масалалари каби мавзулардаги чиқишлари билан кўпчиликнинг диққат эътиборига тушиб улгирдилар.

Ўтган ҳафта “facebook”да Аҳмад Муҳаммад номли профилда ушбу икки устозга ўлим билан таҳдид қилишга қаратилган қуйидаги “…Ўлдириш керак. Жиддий айтяпман, ўлдириш керак уни. Бир ҳамла қилиб, бир кечада Термизий, Рустам, уни бир ёқлик қиворилса, қолганлари бироз сергак тортиб, ўзига келарди. Албатта планни пишиқ қилиб, холис Аллоҳнинг ризолигини мақсад қилган ҳолда киришилса” – деган сатрлар пайдо бўлди.

Афтидан Аллоҳнинг ризосини топиш мусулмоннинг қонини тўкишда деб ҳисоблайдиган бу каби нобакор нусхалар одам ўлдиришнинг қанчалар оғир гуноҳ эканини билмайдилар шекилли. Ёхуд билсалар-да мақсадалари йўлида ҳар қандай пасткашликдан ва жиноятдан тап тортмайдилар. Зеро бундан бир неча йил муқаддам шунга ўхшаш диний соҳа вакилларини ўлдиришга қаратилган хунрезликка қўл ҳам урган эдилар.

Хўш! Динимизда қасддан одам ўлдириш ҳақида нималар дейилган?

قال الله تعالى: وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا

Аллоҳ таоло айтади: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо сураси, 93).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Аллоҳ наздидаги энг улкан гуноҳ қайси?» деб сўраган эдим, «Аллоҳга бошқани тенг деб билишинг, ҳолбуки, У сени яратган», дея жавоб бердилар. «Бу ростдан ҳам улкан гуноҳ, сўнг қайси?» деган эдим, «Овқатингга шерик бўлишидан қўрқиб, фарзандингни ўлдиришинг!» дедилар. «Кейин-чи?» деб сўраган эдим, «Қўшнингнинг хотини билан зино қилишинг», дея жавоб бердилар» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар икки мусулмон қиличлари билан тўқнашсалар, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахда», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, бу-ку қотил, бироқ мақтулнинг гуноҳи нима?» деб сўрашди. Шунда у зот: «У ҳам биродарини ўлдиришга иштиёқманд эди», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Имом Абу Сулаймон Хитобий айтадилар: «Бу ҳукм бирон таъвил сабаб билан эмас, балки ўзаро адоват, тарафкашлик ёки дунё, обрў, мансаб туфайли урушганларга тааллуқлидир. Бироқ, кимда-ким боғийларга қарши жанг қилса ёки ўзини ё оиласини мудофаа қилса, бу таҳдиднинг унга дахли йўқ. Чунки у ўзини ҳимоя этиш учун жанг қилишга буюрилган бўлиб, мақсади биродарини ўлдириш эмас. Ахир у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У ҳам биродарини ўлдиришга ҳарис – иштиёқманд эди», деганлар!»

Кимки боғий ёки йўлтўсар мусулмонга қарши жанг қилса, уни ўлдиришга ҳарис иштиёқманд бўлмайди. Аксинча, ўзини мудофаа қилади, холос. Агар тажовузкор ўз ишини тўхтатса, унга тегмайди, таъқиб этмайди. Ҳадис бундай кишилар ҳақида ворид бўлмаган, уларнинг дахли йўқ. Аксинча, ҳадисда бундай (шаръий) сабаб бўлмай туриб, жанг қилганлар ирода қилингандир. Валлоҳу аълам.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтганларки: «Ноҳақ қон тўкиш сира қутулиб бўлмайдиган ҳалокатли ишлардандир» (Бухорий ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат куни инсонлар орасида биринчи бўлиб қонлар хусусида ҳукм қилинади» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳга дунёнинг завол топиши мусулмон кишининг қатл этилишидан кўра енгилроқдир» (Муслим ва бошқалар ривояти).

Хулоса ўрнида Рустамжон домланинг юқоридаги таҳдидга берган жавобларини айтиб ўтсак, “ҳамма замонда одамлар халқ ва дин ғамида хизмат қилгувчиларни жинни, сеҳргар ва ёлғончига чиқариб уларга ўлим билан таҳдид қилиб келган”.

 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти

ўқитувчиси Қодиров Омон