БИР ҲАДИС ШАРҲИ

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: (من حسن إسلام المرء: تركُه ما لا يعنيه)  رواه الترمذي وغيره

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бекорчи нарсаларни тарк қилиш киши исломининг гўзаллигидандир”, дедилар. Имом Термизий ва бошқалар ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шариф киши нафсини тарбиялаш ва унга одоб бериш ҳамда нафсни турли камчилик ва нуқсонлардан сақлашда  улкан асос бўлиб хизмат қилади.

Уламоларнинг ушбу ҳадис борасида билдирган фикрлари:

  1. Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ: “Ушбу ҳадис одоб асосларидан бири ҳисобланади”, деганлар.
  2. Ҳамза Киноний раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадис исломнинг учдан биридир”, деганлар.
  3. Ибн Абдул Барр раҳматуллоҳи алайҳ: “Пайғамбаримизнинг ушбу муборак ҳадислари ўзининг қисқа лафзлари билан кўп маъноларни акс эттирган сўзларидан биридир”, деганлар.
  4. Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ушбу ҳадисни машҳур муҳаддис Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ ислом дининнг тўртдан бири деган бўлса, мен уни исломнинг ярми, балки унинг ҳаммаси деб айтаман”, деганлар.

Ҳадиснинг шарҳи.

Ушбу ҳадис кишининг хоҳ сўзда бўлсин, хоҳ амалда дунё ишларидан инсон учун муҳим бўлмаган ва фойдасиз нарсаларни тарк қилиши, унинг иймони комил ва исломи гўзал эканлигидан  далолат беради. Демак, инсон фойдасиз ишлардан ўзини тийса ёмонликдан саломат бўлар экан. Ёмонликдан саломат бўлиш эса яхшиликдир.

Ибн Қайюм раҳматуллоҳи алайҳ: “Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир оғиз сўзларида вараъ (тақво) нинг ҳаммаси жо бўлган. Ушбу ҳадиси шарифнинг таг замирида сўзлаш, назар солиш, эшитиш, юриш туриш, фикр юритиш ва бошқа зоҳирий ҳамда ботиний ҳаракатлардаги фойдасиз нарсаларни тарк қилиш ётади. У зотнинг сўзлари қанчалар шифобахш”, деганлар.

 

Ушбу ҳадисдан салаф уламоларимиз олган фойдалар.

  1. Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ: “Амалидан кўра гапининг ҳисобини олган одам фойдасиз нарсаларни камроқ гапиради”, деганлар.
  2. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ таолонинг бандани фойдасиз ишлар билан машғул қилиб қўйиши У зотнинг шу бандадан юз ўгирганининг аломатидир”, деганлар.
  3. Маъруф Кархий раҳматуллоҳи алайҳ: “Банданинг ҳуда-беҳуда гаплар билан машғул бўлиб қолиши Аллоҳ таолонинг уни хор қилиб қўйишидир”, деганлар.
  4. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ: “Уч нарса ақлни зиёда қилади. Уламолар билан суҳбатдош бўлиш, солиҳлар даврасида ўтириш ва фойдасиз гапларни тарк қилиш”, деганлар.
  5. Муҳаммад ибн Ажлон раҳматуллоҳи алайҳ: “Калом тўрт хил бўлади. Аллоҳни зикр қилишинг, Қуръон ўқишинг, хабар бериш учун бирор илм ҳақида савол сўрашинг ва дунё ишлари ичида фойдали бўлганлари ҳақида гапиришинг мумкин”, деганлар.
  6. Луқмон ҳакимдан ўзингиздаги бу фазилатга қандай эришгансиз деб сўралганда, у тўғри сўзлаш, омонатни адо этиш ва фойдасиз гапларни тарк қилиш орқали деб, жавоб берган экан.

 

Ҳадисдан олинадиган фойдалар.

  1. Инсоннинг фойдасиз нарсаларни тарк этиши лозим экани. Чунки бу вақт муҳофазаси ва дин саломатлиги учун керак.
  2. Ортиқча ва кераксиз нарсаларни тарк этиш киши исломининг комиллигига далил экани.
  3. Кишига манфаатли бўлган ишларда вақтдан самарали фойдаланишга қизиқтириш.
  4. Бемаъни ишлардан ва пасткашликлардан йироқ бўлиш.
  5. Фойдасиз ишларга киришиш одамлар ўртасида душманчилик пайдо бўлишига олиб келиши.

 Интернет манбалари асосида тайёрланди.

 

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

 ислом билим юрти ўқитувчиси