Абдуқодир ТОШҚУЛОВ: “Юртимиз олий таълим даргоҳларида ҳам жаҳонга тенг илғор тажрибалар бор”

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда Академия матбуот хизмати.

Маълумки, А.Тошқуловнинг юртимиз олий таълим муассасалари фаолияти билан танишувининг дастлабкиларидан бири айнан Ўзбекистон халқаро ислом академияси бўлгани ҳам бежиз эмас. Зеро, мазкур олий таълим даргоҳи 2018 йил 16 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси мақомида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов ҳамроҳлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг Академия фаолияти билан танишуви куннинг иккинчи ярмига тўғри келгани боис талабаларнинг тўгарак ва қўшимча машғулотларини кузатишди. Шундан сўнг талаба-ёшлар билан учрашув Академияда фаолият кўрсатаётган кутубхона, “BOOK-CAFE”да асосий дарслардан сўнг қўшимча ноёб адабиётлардан фойдаланиб билим олаётган китобхонлар ўртасида бўлиб ўтди.

Кутубхонамиз доимий янгидан-янги китоб ва нодир қўлёзмалар билан бойиб боради. Шу боис ушбу масканга ҳар куни шошиб бораман, – дейди вазир билан суҳбатда Исломшунослик факультети 2-курс талабаси Анвар Мустафоев.Чунки, Академиямизда анъанага айланган ташаббусга кўра, устоз-муаллимларимиз ҳам ўзи ўқиган қадрли китобларини кутубхона фондига совға қилиб келишади. Устозларимизни таъсирлантирган китоблар эса бизни ҳам янги-янги билимларга ошно қилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Академия ҳузуридаги бошланғич ташкилоти хонаси ва у ерда маънавий-маърифий тадбирларга тайёргарлик кўраётган истеъдодли ёшлар билан учрашув ҳам эътибор марказида бўлди. Унда олий таълим даргоҳида ташкил топган “Дуторчи қизлар” гуруҳи томонидан “Фарғона тонг отгунча” куйи ва қўшиғи маҳорат билан жонли ижро этилди. Айниқса, “Наврўз” – умумхалқ байрамида миллий анъаналаримизни намойиш этишга ҳозирлик кўраётган талаба Жалолиддин Эргашевнинг чанқовуз созида ижро этган куй олис ўтмишдан ҳикоя қилгани билан катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Академия ҳовлиси, мини футбол майдони, ўқув хоналари, спорт зали ҳамда Талабалар турар жойларини кўздан кечириб, уларнинг фаолиятини янада самарали ва қулай ташкил этиш, амалга оширилиши лозим бўлган бунёдкорлик ишлари хусусида ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда тавсиялари билан ўртоқлашди.

Академиямизда доно халқимизнинг “Устоз – отангдек улуғ”, ҳикматига ҳамоҳанг равишда “Шогирд – фарзанддек азиз” нақли шаклланган, – дейди ўзаро суҳбатларда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов.Меҳрдан меҳр яралади, илдиз отиб юксалади. Шу боис, шогирдига меҳр ва билим улашган устознинг қадри ҳам баланд бўлиб бораверади. Шогирдининг ота-онаси билан ҳам яқин дўст-биродар бўлган устознинг уларга фарзанди ҳақидаги ҳар бир хушхабари ҳам талабада янгидан-янги интилишга рағбат бағишлашига ишонаман.

Академия факультет деканларининг талабалар хонадонларида бўлиб учрашувдан олган таассурот ва хулосалари ҳақидаги сўзлари А.Тошқуловнинг ҳам эътиборини тортди.

Она Ватанимиз қадим тамаддун бешикларидан бўлгани жаҳонга маълум,дейди учрашув якунида Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов. – Буни юртимизда фарзанд таълим-тарбияси, уларни баркамол вояга етказиш ва албатта, етук кадр, замонавий нуқтаи назардан, халқаро миқёсда рақобатбардош мутахассис кадр сифатида шакллантиришда ўзига хос жаҳонга тенг тажрибалар борлигида ҳам ўз исботини топади. Уларни тизимли ўрганиб, оммалаштиришимиз керак, холос. Фақат хорижий тажрибани ўрганишимиз керак, дегувчиларни эса шу боис ҳам кўп ҳам оқлайвермайман.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолияти билан танишуви кўплаб янги фикрларга асос бўлди.

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати