МУФТИЙ  ҒУЛОМ ҚОДИР НУЪМОНИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИ

Ғуломқодир ибн Саййид Маҳмуд ибн Саййид Ғуломросул ҳижрий 1380 милодий 1964 санада Покистондаги Сархад вилояти Маҳмандаёжунсий туманидаги Хулдаж Хувайзий қишлоғида туғилганлар. У кишининг насаблари ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга бориб тақалади.  У кишининг ёшлик чоғларида ота-онаси оламдан ўтиб амакиси Фазлмаъбуд ибн Саййид Маҳмуднинг қарамоғида вояга етади. Фазлмаъбуд Гўриҳаткадаги “Ҳоқонийя” жомеъасини тамомлаган эди.

Ғуломқодир ибн Саййид Маҳмуд ибн Саййид Ғуломросул бошланғич китобларни ушбу амакисининг қўл остида ўқийди ҳамда исломйи илмларни таҳсил олиш мақсадида “Ҳоқонийя” жомеъасига ўқишга кирадилар. У ерда турли фанлар билан биргаликда замонавий илмларнинг барчасини ўқиб ўрганадилар ҳамда жомеъадаги жонкуяр устози шайх, муфтий Ғуломурроҳман Ҳазоравийнинг қўл остида фиқҳ бўйича мутахассис бўлиб етишадилар ва “Ҳақонийя фатволаридан таҳорат китобининг таҳқиқи” мавзуида илк мутахассислик ишини ёзадилар. Бу илмий иш ҳозирда “Фатаво ал-ҳақонийя” матбааси томонидан чоп этилган. Кейинчалик Қарачидаги жомеъада бир йилдаёқ “Даъват ва иршод” йўналишида мутахассис бўлиб етишадилар.

Сўнгра Шовурдаги жомеъада “Исломий ва арабий илмлар” йўналишида магистратура босқичини муваффақиятли якунлайдилар ҳамда ҳудди шу университетнинг докторантура босқичига ҳужжат топшириб, ўқишга қабул қилинади ва икки йил мобайнида талаб этилган режадаги фанлар бўйича дарсликларни ўқиб тугутади. Бироқ қўллари банд бўлгани, ташвишларнинг кўплиги боис докторлик дессертациясини ёза олмаганлар. 1409-ҳижрий санада “Ҳақонийя” жомеъасида дарс беришни бошлаган ва ҳижрий 1417 йили ушбу даргоҳнинг “Фатво ва фиқхий мутухассисислик” бўлимига мудир этиб тайинланадилар.

Муфтий  Ғулом Қодир Нуъмонийнинг ўз замонасининг етук устозларидан таълим оладилар. Жумладан, Муҳаддис, аллома, Шайх Абдулҳақ, (“Ҳоқонийя” жомеаси асосчиси) муҳаддис, муфтий, Шайх Муҳаммад Фарид Зарубий, Шайх Аллома Муҳаммад Ҳасанжон маданий, муҳаддис, шайх Муҳаммад Молик Лоҳурий ва бошқалар.

Илмий фаолияти давомида бир қатор китоблар ёзганлар. “Таржиҳи рожиҳ би ривояти фи масаили ҳидоя”, “Зиёрату ҳарамайни шарифайни”, “Масоилус сафар”, “Алафюн фи зовъи шариатил Исламийяти”, “Сиату ал-фиқҳил ҳанафияти”.

Бу кишининг ёзган асарлари орасида “Қавлур рожиҳ” асарининг  “Ал-Ҳидоя” китобидаги ихтилофли масалаларни ўрганишда тутган ўрни” китоблари машҳурдир. Муфтий Ғуломқодир Нўъмоний “Қавлур рожиҳ”нинг муқаддимасида ушбу китобни шарҳлашга ундаган сабаб борасида тўхталиб: “… Шайх Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” номли китоби ҳанафий мазҳабидаги фаръий масалалар борасида битилган матн китобларга ёзилган шарҳларнинг энг яхшиларидан биридир. Асарга катта уламо-ю муҳаққиқлар бир қанча шарҳлар ёзганлар. Мазкур шарҳлар “ал-Ҳидоя”нинг ибораларини изоҳлаш, улардан кўзланган мақсадни ёритишда кифоя қилади. Лекин, шу билан бирга асарда келтирилган ихтилофий масалалар қаршисида кўплаб муаллим-у талабаларнинг ожиз қолиб, турли фикрлар орасидан рожиҳини ажрата олмаётганларини, қай бири саҳиҳ-у, қай бири заиф эканлигини билмай турганларини кўрдим. Шу сабабдан ихтилофли масалалар борасида фатво берилган рожиҳ фикрларни баён қилишни мақсад қилдик, токи, муаллим ва талабаларга ушбу иш осон бўлсин …”. деганлар.

Манба: “Муфтий  Ғулом Қодир Нуъмонийнинг “Қавлур рожиҳ” асарининг  “Ал-Ҳидоя” китобидаги ихтилофли масалаларни ўрганишда тутган ўрни” китобининг 1- жилди.

Ў. Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси