ЯХШИЛИК ҚИЛУВЧИЛАРГА БАШОРАТ БЕРИНГ

Аллоҳ таоло бандани бир ишга буюрган бўлса, албатта, бу шу банданинг ўзига манфати етади, уни Аллоҳга ҳеч қандай зарари ҳам фоидаси ҳам йўқдир. Қурбонлик қилиш ибодати ҳам, бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да,фойдани инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан (шу қурбонликни) сўйган одамнинг ўзи ва фақир-фуқаролар манфатдор бўлади. Лекин бу ишдан етиб борадигани, банданинг Аллоҳга бўлган итоати, Аллоҳга бўлган қуллиги, Аллоҳга бўлган тақвосидир. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

﴿لَن يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَآؤُهَا وَلَكِن يَّنَالُهُ التَّقوَى مِنكُم كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُم لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَىكُم وَبَشِّرِ المُحسِنِينَ﴾

Уларнинг (қурбонликлар) гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмас. Лекин Унга сиздан тақво етади. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни (чорполарни) сизга бўйсиндириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат бер”. (Ҳаж сураси-37).

Ҳа, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларини ҳам, қонларини ҳам Аллоҳ таоло олмайди. У Зот уларга муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад юқорида таъкидланганидек банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳнинг йўлида сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга, қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир имкон ва фурсатдитдир.

“Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишинги учун уларни (чорполарни) сизга бўйсиндириб қўйди”.

Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ моли закот бериш нисобига етган муқим одамга қурбонлик қилиш вожиб бўлади, деганлар.

“Яхшилик қилгувчиларга башорат бер”.

Яъни тасаввурни, эътиқодни, амални, ибодатни ўнглаган ва бошқа бурчларни яхши адо этадиганларга хушхабар бер[1].

Бу оятларнин тасдиғи ва баёни сифатида Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар келган бўлиб, уларни бир иктасини келтириб ўтамиз.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: “Қурбонлик куни Аллоҳ таолога одам боласининг қилган ишларнинг энг суюклиси қон оқизишдир. Албатта (ушбу қурбонлиги) қиёмат куни шохию, юнлари ва туёқлари ила келади. (ушбу қурбонликнинг) қони ерга тушишдан аввал Аллоҳнинг ҳузурига қабул қилинади. Шундай экан уни кўнгилдан чиқариб қилинглар”.

Қурбон ҳайити куни мўмин банда қиладиган энг гўзал ишлардан ва Аллоҳга энг маҳбуб ишлардан бири бу, жонлиқ сўйишдир. Бу қурбонлик биринчи қатра қони ҳали ерга тушмасдан аввал Аллоҳ уни Ўз ҳузурига қабул этар экан. Унинг қони шунчаки ерга оқиб кетди, деб ўйлаш керак эмас. Чунки бу қурбонлик бир ибодат. Энди шу ибодатни оғринмай, ҳеч малолланмай қилиш керак экан.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Қурбонлик қилишда қурбонлик қилувчига (жонлиқнинг) ҳар бир юнгича ҳасанот бор”[2], деганлар.

Шундай башорат келиб турган бўлса, қайси оқил банда қурбонлик қилишдан ўзини олиб қочади, қайси жаннатни истаган банда бу оятга этибор қаратмайди, қайси тақво истаган банда Аллоҳдан қўрқмайди. Ёки шундай очиқ-ойдин ҳадис келиб қурбонлик қилувчига қанча ажр бор экани айтилиб турган бўлса, бундан бўйин товлаб бўладими, албатта, йўқ.

Ҳозирги бир оғир дамда ҳам Аллоҳнинг ушбу буйруғини чин кўнгилдан, тақво ва ихлос ила амалга оширган ҳамда оширмоқчи бўлганларга жаннат бўлсин. Ҳамда шундай оғир лаҳзада ҳайит байрамларини сабр билан уйдан чиқмай оила бағрида нишонлаётганларга Аллоҳдан буюк ажрлар бўлсин. Албатта ҳар бир ишнинг бир ҳикмати бордир. Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир. Аллоҳ таоло қурбон ҳайити байрамини гўзал тарзда Ўзининг амридан чиқмаган ҳолда нишонлаб олишизни муяссар қилсин. Молларимизга барака берсин.

Хожа Бухорий ислом билим юрти мударриси

Саидмуҳаммад Довудхон ўғли


[1] Тафсири ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол – Нашп” нашриёти, Тошкент – 2018. 4 – жуз. 28, 29 – Б.

[2] Ал-кавкабу ад-дуррий ала жамъ ал-Термизий. Рошид Аҳмад Гангуҳий. 4 – жуз. 345 – Б.