СУВ – БЕБАҲО НЕЪМАТДИР….

Аллоҳ таоло Ерни яшашга қулай қилиб яратгани баробарида, унда сувларни оқизиб қўйди, турли ўт-ўлан, дов-дарахтларни ўстириб ҳам қўйди. Қуръони каримнинг кўпгина сураларида Аллоҳ таоло инсонларга ато этган неъматларини эслатар экан, сувни ҳам зикр қилади: “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, (шу обиҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?” (Воқеа сураси, 68-70 -оятлари).

Мутахассислар фикрича,  инсон таомсиз бир икки ҳафтагача яшаши мумкиндир, аммо сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Одам танасидаги сув агар ўн беш фоизга камайса, у ҳалок бўлади. Инсон танасининг аксар қисми сувдан иборат. Масалан, чақалоқ оғирлигининг етмиш беш фоизини сув ташкил этади. Сув —   инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаидир. Бунга яна одамнинг покланиши учун ва бошқа мақсадларда ишлатадиган суви ҳам қўшилса, инсонга сув қанчалик зарур ва бебаҳо неъмат экани ойдинлашади.

Тоза ичимлик сувини эҳтиёждан ташқари ишлатиш ва ҳуда-беҳудага оқизиб қўйиш каби ҳолатларнинг учраётгани ўта ачинарли ҳолдир. Айрим давлатларда тоза ичимлик суви олтинга тенг бўлиб турган, минглаб кишилар, ёш гўдаклар ичимлик суви танқислигидан азият чекаётган бир шароитда, сизу биз Аллоҳ ато этган шундай буюк неъматнинг қадрига етмаслигимиз ношукрликдан бўлак нарса эмас.

Бугунги кунда мусулмонлар орасида Аллоҳ таоло ўзларига ато этган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга бепарво муносабатда бўлаётган кишиларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти. Сувнинг исроф бўлишига йўл қўймай, уни тежаб-тергаб ишлатайлик. Азиз фарзандларимизга ҳам сувни исроф қилмасликни ўргатайлик. Бир дона носоз жўмракдан томчилаётган сув бир соатда қанча бўлишини яхши тасаввур қиламиз. Сувни исроф қилмаслик барчамизнинг бурч ва вазифамиз эканлигини асло унутмайлик.

Сўнгги йилларда теварак атроф, ер, сув ва ҳавода сезиларли ифлосланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиб, соғлом авлод учун курашиш эса барчамизнинг бурчимиздир.

Зеро, соҳага оид ўнлаб мутасадди идора ва ташкилотлар бу борада доимий фаолият олиб бормоқда. Улар атроф муҳитни озода сақлаш, ичимлик ва оқава сувларидан оқилона фойдаланиш борасида эртаю-кеч меҳнат қилаётган эканлар, уларнинг ҳам меҳнатларини қадрлайлик.

Агар мана шу панд-насиҳатларга амал қилиб, Яратганнинг бизга берган ва бераётган неъматларига нисбатан ақл билан иш юритиб, ўз вақтида шукронасини бажо келтирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бу неъматларини бизга янада зиёда қилиб беради.

Сувни тежаш ҳақида ҳадиси шарифда шундай келади: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Саъд розияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларида “Эй Саъад бу исроф нимаси”, – дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсанг ҳам”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).

Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги борган сайин ортиб бормоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб боришимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, неъматларининг шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир.

Бугунги кунда барча инсонлар аввало тоза сув истеъмол қилиб, саломатликларини муҳофаза этишлари нақадар долзарб эканлигини чуқур ҳис этишлари лозим. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг буюк неъмати бўлмиш сувни тоза сақлаш, тежаб ишлатиш ва истеъмолда меъёрга риоя қилишимиз лозимдир….

 

 

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус  

 ислом билим   юрти маънавий -маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари