ОМОНАТ ДУНЁДАГИ ҒАНИМАТЛАРИМИЗ

Бу ишни ким қанча эрта бажарса, биринчи бўлиб бажарса, у саховатлидир

Маълумки, ҳар қандай киши яхши-ёмон кунида, тўй ва бошқа тадбирларида яқинларига суянади, қариндош-уруғидан куч-қувват олади.
Гуруч курмакциз бўлмаганидек, бугун орамиздаги айрим инсонлар ўртасида андиша, инсоф, диёнат, оқибат ришталари йўқолиб бораётгандек. Энг ачинарлиси, ака-ука, опа-сингил, ҳаттоки ота ва бола ўртасида ҳам бундай ҳолатлар рўй бермоқда. Баъзи кишилар уй-жой, мол-мулк талашиб, мерос бўлишолмай, ўз туғишганлари билан юз кўрмас бўлиб кетсалар, яна бир ҳолатда ака-ука, опа-сингилларнинг, яқин қариндошларнинг қудачилиги уларни айро туширади.
Айрим ака-укалар ўртасида ғишт девору тўсиқлар бўлмаса-да, кўринмас девор уларни ажратиб, оқибатни, меҳрни тўсиб туради.
Ака-ука, опа-сингил шу тариқа, умрининг охиригача бир-бири билан гаплашмайди, тўй қилса чорламайди, эҳсон қилса, бир коса таом илинмайди ва на азасида иштирок этади.
Бундай кўринмас тўсиқлар мавжуд экан, у хонадонларга тинчлик, файз-барака, хотиржамлик каби неъматлар асло доримайди. Аслида, шундоқ ҳам ташвишларимиз ошиб-тошиб турган бу дунёда ғафлатга берилмай, яқинларимиз қалбига озор беришдан тийилиб яшашни ўрганишимиз керак эмасми?!
Ривоятларда келтирилганидек, ака ўз синглиси ҳолидан хабар олиш учун кетаётганида, қаршисидан буғдойзор дала чиқиб қолса, йўлни қисқартириш учун уни пайҳонлаб ўтишига ижозат берилганининг ўзи ҳам акаларнинг ўз сингилларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатиб турибди-ку.
Ёзувчи Тоҳир Малик “Одамийлик мулки” китобида қуйидаги ҳаётий воқеани келтиради: …ака-уканинг гап талашиши сўкишга, ҳақоратлаш эса бирининг кетмон кўтариб ҳамла қилишига айланди. Ғазабга минган ака-укани ажратишга ҳаракат қилаётган ўн олти ёшли ўғил отасининг қонга беланганини кўриб, ўзини йўқотади, қўлига чалғи олади. Узоқ давом этган нифоқ ака-уканинг фожиали ўлими ва ўсмирнинг қамоққа тушиши билан якунланади. Қонга беланиб ётган ака-уканинг кўзлари “Бу қанақаси бўлди?” дегандай очиқ қолди. Бу дунёга тўёлмаган кўзларни ёпа олишмади. Катта ҳовли-жойга сиғмаган ака ва уканинг ҳар бирига икки қулочли икки лаҳад кифоя қилди. Бир ҳовлида ёнма-ён яшашни исташмаган эди, қабристонда ёнма-ён қабрлардан жой олишди. У дунёдаги аҳволлари бизга номаълум. Ота-оналари билан қиёматда қай ҳолда кўришишлари ҳам номаълум. Фарзандларининг бу фожиаси туфайли ота-онанинг руҳи то қиёматга қадар нечоғлик азоб чекмоғи ҳам ёлғиз Аллоҳга маълум.
Бизнинг ажабланишдан ўзга иложимиз йўқ. Гап шундаки, ака-уканинг ўлими икки оила ўртасидаги нифоқни ўнгламади. Овсинларнинг ғафлат уйқусидаги кўзлари очилмади, қариндошлар эса ибрат олишмади. Ака-ука экиб кетган нифоқ уруғи униб чиқиб, бемеҳрлик меваларини бераверди.
Ҳасан Басрий (р.а.) Аллоҳнинг каломига асосланган ҳолда “Қайсики одамда илм кўриниб, унга амал қилмаса, тил билан айтишни яхши кўриб, қалби билан ғазабланмаса, қариндошлари билан узилишган бўлса, Аллоҳ уни лаънатлайди, кар қилади ва кўзларини кўрмайдиган қилиб қўяди”, деганларида балким шу каби инсонларни назарда тутгандир?!
Муносабатларда адолат бузилса, ҳақлар поймол қилинса, ахлоқ чегараларидан четга чиқилса, оилалардаги осойишталик барҳам топади, аҳилликка рахна етади, инсоний муносабатлар издан чиқади. Бу каби иллатлар жамият ривожига ҳам салбий таъсирини етказмай қолмайди. Яхши-ёмон кунимизга, оғир-енгилимизга аввало мана шу қариндошларимиз, яқинларимиз, жону жигарларимиз ярайди. Улар эса, омонат дунёдаги ғаниматларимиздир.
Гина ва адоватда, бир-биримиз билан аразлашиб, хусуматда уч кундан ортиқ юриш мусулмон кишига ҳаром ҳисобланади. Уч кун ичида инсон жаҳолатда ёки ғазабда бўлса, ҳовуридан тушиши, ўзининг хатоларини англаб узр сўраши, бир-бирининг ҳақига дуо қилиши бу ҳақиқий мусулмонларнинг фазилатли амалларидандир.

Азамат УСМОНОВ