ЁМОНЛИКЛАР ОНАСИ

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни оламларга раҳмат ўлароқ юборди. Зулматга ботган кавмларни ҳидоятга чорлаш мақсадида Набий алайҳиссаломга Қуръони Каримни нозил қилди. Қуръон кўплаб ишларни аниқ, батафсил тарзда баён этиб. Ўша даврда учраган  машҳур масала ва муаммолар ҳамда кейинчалик учрайдиган ишларга гўзал ва адолатли ечимини кўрсатиб берди. Аввалги ўтган пайғамбарларнинг қавмлари итоатсизлик қилганлари боис уларнинг бошига тушган балолар, бебошликнинг касофатларини қисса тарзида баён этиб, мусулмон жамият аъзоларини бундан ибрат олишга чақирди.

Баъзи тарихий манбаларда келишича арабларда Исломдан аввалги ҳаёт тарзи маст қилувчи, бўшаштирувчи ва кайф берувчи ичимликлар билан чамбарчас боғлиқ бўлгани ҳаттоки, бу шароблар чойдай доимий равишда ичилгани ҳақида маълумотлар учраб туради. Бундай бузуқликка муккасидан кетган қавмни тарбия қилиш ва уларни бу жирканч одатларидан қайтаришдай улкан ҳамда машаққатли ишни Ислом дини пайғамбаримиз воситасида аста-секинлик билан бартараф этди ва олиймақом натижаларга эришди. Хамр ичкиликларининг ҳаром қилиниши босқичма-босқич, тадриж ила амалга оширилгани ҳақида оятларнинг тафсири ва ҳадисларда бир қанча мўтабар маълумотлар мавжуд. Аллоҳ таоло Ўз инояти ва фазли ҳамда бандаларига муҳаббати ўлароқ ичкиликбозлик ҳамда қиморбозлик каби иллатларни илоҳий йўсинда муолажа қилди ва кишиларни яъни, Ислом жамияти аъзоларини шундай ифлосликлардан четда яшаш одатига олиб чиқди. Бу илоҳий тадбирлар асосида жамият чирканчлик ва иркинч одатлардан халос бўлди. Ислом бу нарсаларнинг зарарларини эътироф этиш ҳамда ундан қайтариш билан бирга унинг фойдаларини ҳам тан олган ва унинг фойдасидан кўра зарарлари каттароқ эканини исботлаб берган ва амалиётда ҳам кишилар унга ўзлари гувоҳ бўлишган, қолаверса бунга ҳозирда ҳам гувоҳ бўлиш мумкин, бунга оид мисоллар ҳам талайгина.

Хамрнинг ҳаром қилинишида Умар розияллоҳу анҳу кўп жонбозлик кўрсатидлар ва бу ҳақда оятлар нозил бўлишини сўраб астойдил дуо қилиб турдилар. Шу ўринда саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг гўзал фазилатларидан яна бирини кўриш мумкин эди. Боиси, буюк саҳобий Умар розияллоҳу анҳу ўзлари хамрни ичмаганлари ҳолда бошқа биродарларининг истеъмолига жим қараб ўтирмаганлар. Ҳа, бу бақувват иймон нишонаси эди. Айниқса, охирги босқич яъни, хамр ҳаром қилиниши борасидаги тўртинчи босқичда нозил бўлган оят у зотга ўқиб берилганида оятга жавобан, ўзлари хамрни истеъмол қилмагани ҳолларида “Тўхтадик, тўхтадик” дея жавоб берганлари ҳам Муҳаммадийя мадрасасида таълим олган зотларнинг гўзал хулқларидан бир қисмидир, холос.

Ичкиликбозлик ҳамда қиморбозликнинг жамият аъзоларига келтирадиган зарарлари улкан экани уламоларимиз тарафидан таъкидлаб келинади. Ислом уламолари умматни доимо жамиятга зарар берувчи бу ва бошқа иллатларга ҳамжиҳат бўлиб биргаликда курашиш лозимшлигини уқтирадилар.

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Умбаров Нуриислом