ФИҚҲИЙ ҚОИДАЛАР

Ислом шариати кишиларнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминловчи олиймақом диндир. Шу маънода мўътабар манбааларда келган фиқҳий қоидалар борки уларни билиш кишининг моддий ва маънавий тараққиётига хизмат қилади.

БИРИНЧИ ҚОИДА. ЗАРАР ДАФ ҚИЛИНАДИ.[1]

Қоиданинг маъноси: Зарар юзага чиққан пайтда уни кетказиш зарур бўлади. Унинг ўзи билан бирга инсонларга етказадиган зарарли таъсирларини ҳам кетказиш лозим.[2]

Қоиданинг тиббий татбиқи:

Даволаниш ва муолажа қилиш орқали кишидаги касаллик кетиб, бемор  азият чекиб турган оғриқ, ҳолсизлик ва бундан бошқа аломатлар ҳам йўқолади. Касаллик Аллоҳнинг изни ила У Зотнинг Ўзи яратган дори неъмати орқали кетказилиб, зарар даф қилинади.[3]

Эҳтиёж сезилганда касалга қон қуйиш ҳам зарарни кетказишдир.

Инсон аъзосининг  бир бўлагини унинг бир  жойидан бошқа жойига ёки шу каби териси ва суягини ҳам инсон таънасининг маълум жойига кўчиришга рухсат берилган. Фақат бунда жарроҳлик амалиётидан келадиган фойда аввалдаги заррардан каттароқ бўлиши муҳимдир.[4]

Маййитнинг бирор аъзосини беморга кўчириш ҳам мумкин. (Бунда ҳам зарарни даф қилиш бор). Бу ҳолатда маййитнинг ўзи тириклик пайтида ёки унинг вафотидан кейин меросхўрлари бу амалиётга розилик берган бўлиши шарт.[5]

Инсоннинг Аллоҳ яратган аъзоларидан бирортасига зарар етиб, ишдан чиққанда унга протез аъзоларни ўрнатишга рухсат берилиши ҳам зарарни кетказиш учундир.[6]

ИККИНЧИ ҚОИДА. ИМКОН БОРИЧА ЗАРАР ДАФ ҚИЛИНАДИ.

Қоиданинг маъноси:

Бу қоида зарар юзага чиқмасидан ёки пайдо бўлмасидан илгари уни барча имкониятларни қўллаб даф қилиш зарур эканини ифода этади. Зарар етишидан сақланиш зарарлангандан кейинги муолажадан кўра яхшироқдир.[7]

Қоиданинг тиббий татбиқи:

Тиббий профилактига шариатда рухсат берилиши касалланмасдан туриб унинг олдини олишни кўзда тутади.(Тиббий профилактика биз ўрганаётган қоиданинг айни тиббий татбиқидир).

Бирор касалга чалинмасдан илгари унга қарши ҳимояланиш шариатда жоиздир. Безгаг,чечак,қизамиқ каби касалликларга қарши эмлашга шариатда рухсат берилган. Эмлов Аллоҳнинг иродаси ила соғлом кишиларнинг касалланиш зарарини кетказади. Шу орқали имкон борича зарар даф этилади.

Соғлом одамнинг юқумли касалликка чалинган киши билан алоқа қилмай туриши лозимлиги ҳам шариатда жорий этилган. Шу ўринда безгаг,ўлат,вабо каби бошқаларга юқадиган касалликлар бўлиб, уларга қарши жанг қилишнинг услуби фақатгина касалларга яқинлашмаслик ва улардан узоқ туришдир. Бу эса бундай касал кишиларнинг жамиятдан ажратилиши билан бўлади. Шундай пайтда тиббиёт мутахассисларига касалларни қанча муддат яккалаш кераклигин белгилаб бериш масъулияти тушади.

 

УЧИНЧИ ҚОИДА. ЗАРАР ЎЗ МИСЛИ БИЛАН КЕТКАЗИЛМАЙДИ.[8]

Қоиданинг маъноси:

Бу қоида ушбу маънони ифодалайди, кетказилиши лозим бўлган зарар кетказилиш чоғида худди ўзидек бошқа бир зиённи келтириб чиқармаслиги лозим. Агар юзага келадиган зарар кўпроқ бўлса бунда умуман безарар йўл орқали ёки ундан енгилроқ бошқа зарар билан буниси кетказилади.[9]

Қоиданинг тиббий татбиқи:

Бемордан зарурий мосламаларни (оксигенат[10], ИВЛ[11], дефиббрилятор[12]) бошқа бемор сабабидан олиб ташлаш жоиз эмас. (Чунки, зарар ўзига ўхшагани билан кетказилмайди).[13]

Агар қонини берувчи кишига бу туфайли зарар етса, бундай ҳолатда қонни бировга беришни шариат жоиз эмаслигини таъкидлайди. Қон қуйиш баъзи ҳолатларда айрим зарарларни кўтаришга ёрдам берса-да, айни ҳолат зарарни ўз мисли билан кетказиш деб эътибор қилинади.

Амалга ошириладиган жарроҳлик амалиёти борасидаги гумонларга амалиётнинг кутилган натижа бермаслиги устунлик қилса, шариат бундай жарроҳлик муолажасини ўтказишга рухсат бермайди. Чунки, баъзида бундай амалийтлар беморнинг ҳалок бўлиши ёки унинг бирор аъзосига талофат етиш ёхуд беморнинг сезги аъзоларининг ишдан чиқишига етиб боради. Бу эса касаллик туфайли юзага келган зарар бошқа унга тенг келадиган ёки ундан каттароқ бошқа зарар билан кўтарилмайди.[14]

(давоми бор)

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Тохтаев Илҳом

[1] Имом Суютий “ал-ашбоҳу ван назоир”,83-б.

[2] Надавий “Жамҳаротул қоваид ал-фиқҳийя”. 1-жилд,156-б.

[3] Имом Марғиноний “Ҳидоя” 10-жилд,66-б.

[4] “Ал-мавсуатул фиқҳийяту тиббийя”,2-жилд. 330-б.

[5] “Ал-мавсуатул фиқҳийяту тиббийя”,2-жилд. 331-б.

[6] “Ал-мавсуатул фиқҳийяту тиббийя”,2-жилд. 330-б.

[7] Аҳмад ибн Муҳаммад Зарқо “Шарҳу қоваидул фиқҳийя” 207-б.

[8] ИбнНужайм “ал-ашбоҳу ван назоир”,87-б.

[9] Имом Субкий “ал-ашбоҳу ван назоир”,1-жилд 53-б.

[10] Кислород етишмаганда қўлланади.

[11] Сунъий нафас бериш учун қўлланади.

[12] Юрак тўхтаган вақтда қайта ишлатиш учун ташқаридан кучли электр импулс узатилади.

[13] “Ал ифадатуш шаръийя фи баъзи масаилит тиббийя”, 244-б.

[14] “Ал ифадатуш шаръийя фи баъзи масаилит тиббийя”, 27-б.