Ҳушёр мўмин бепарво мўминдан афзалдир

Динимиз таълимотларида ҳам зийрак, ҳушёр мўмин бепарво мўминдан афзаллиги уқтирилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига агар бировнинг ёмон иш қилаётганини кўрсалар, қўл билан, бўлмаса тил билан, унга ҳам кучи етмай, ожиз қоладиган бўлса, ҳеч бўлмаса қалбида у ишга норозилик билдириш лозимлиги, асло бепарво ўтиб кетмасликни ўргатар эдилар.

Бугун дунёда юз бераётган турли воқеа-ҳодисалар, таҳдидлар биргина ўша давлат ёки минтақа ҳаётига дахлдор деган одам адашади. Чегара билмас бу хавф-хатарлар бутун инсониятнинг, тараққиётнинг душманидир. Атрофимизда бўлаётган геосиёсий жараёнлар, диний экстремизм, терроризм, наркобизнес, миллатлараро низолар бутун инсониятга катта офатлар келтиришини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Озодликни соғиниб, озодлик йўлида курашиб ўтган ота-боболаримизнинг машаққатли меҳнати, орзу умидлари ва интилишлари рўёбга чиқди. Истиқлол Ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун замин яратди.

Азалдан юртимизда тинчлик ва тотувлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик руҳи юксак қадрланган. Чунки инсонлар онгини эзгу фикр эгалласа, ҳар қандай келишмовчилик, бузғунчилик ва ёвузлик рад этилади. Эзгу фикрнинг ифодаси бўлган сўз яхшилик ва хушмуомалаликнинг кенг ёйилишига, бу ўз навбатида, эзгу амалларнинг чуқур илдиз отишига, ҳар бир инсоннинг ўз вазифасини самимий ва сидқидилдан адо этишига ва шу йўл билан мамлакат ривожи ҳамда бунёдкорликка йўл очади.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиз каби, инсон учун тинчлик ва хотиржамлик зарур ва бу муқаддас динимизнинг, давримизнинг талабидир. Бу хусусида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) яна бир ҳадисларида шундай деганлар: Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”. (Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида ривоят қилган).

Дарҳақиқат, тинчликни сақлаш, уни мустаҳкамлаш кундалик ишимиз, муқаддас бурчимиз экан, ҳар қайси фуқаро, аввало, ўз вазифасини виждонан адо этиши, шу билан бирга, ғаразли мақсадда қилинаётган ахборот хуружларга, уйдирма ва миш-мишларга берилмасдан, содир бўлаётган воқеаларга очиқ кўз билан қараши, ўз уйи, ўз маҳалласи, шаҳар-қишлоғида осойишталик барқарор бўлиши учун жон куйдириши, мана шу ҳақиқатни чуқур англаб, огоҳлик ва ҳушёрликни ўз ҳаётининг мезонига айлантириши зарур.

Сирожиддин Жаҳонов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувичи