ҒОЯВИЙ ХУРУЖЛАРДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК!

Дин инсонлар ҳаётида доимо муҳим ўрин тутиб келган. Унинг яратувчилик ва бунёдкорлик, уюштирувчилик ва йўналтирувчилик салоҳияти ҳамиша жамият ривожи, инсон камолотига хизмат қилган. Айни пайтда, инсониятнинг кўп асрлик тарихи диндан ниқоб сифатида фойдаланиш, ундаги ғояларни вайронкорлик руҳида талқин этиш одамлар бошига кўплаб кулфатлар келтирганини кўрсатади. Афсуски, бугунги кунда ҳам биз мана шундай жараёнларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Жаҳоннинг турли нуқталарида рўй бераётган террорчилик хатти-ҳаракатлари, қонли тўқнашувлар, халқимиз, аввало, ўсиб келаётган ёш авлодда мутаассиблик, ўзаро низо, урушларнинг мудҳиш ва вайронкор оқибатлари ҳақида тизимли тасаввур ҳосил қилиш, юртимиз аҳолиси, хусусан, ёшлар ва аёллар онгини заҳарлашга уринаётган кучларга алданиб қолмаслик мақсадида ғоявий иммунитетни ошириш ва жойларда кучайтирилган маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришни долзарб вазифа қилиб қўймоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, халқимизнинг тўқ ва фаровон яшаётганликлари, яратиб берилган имтиёз ва эркинликлар, энг асосийси, тинч хаётимиз ана шу халқаро террористик ва экстремистик ташкилотлар ва уларнинг маънавий раҳнамоларига тинчини бузмоқда. Шу боисдан улар зўр бериб, ўз ғаразли мақсадлари – ғояларини ёйишга, миллат бирлиги, юрт тинчлигига раҳна солишга уринишмоқда.

Экстремистик гуруҳларнинг бош мақсади – «халифалик» ёки «ислом амирлиги» тузиш шиори остида хокимиятни эгаллашдир. Ушбу мақсадга эришиш йўлида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтишмайди. Аввало, аҳолига ҳанафийлик мазҳабига зид мутаассиб ғояларни сингдириш, ижтимоий – сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, ҳукуматга тазйиқ ўтказиш, аҳоли орасида қўрқув, поракандалик, давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини шакиллантириш ҳамда Республика раҳбарияти томонидан дин соҳасида олиб борилаётган сиёсатни обрўсизлантириш каби оралиқ мақсадларига бўйсиндирилган фаолият олиб боришга ҳаракат қилишади. Уларнинг асосий фаолият услублари экстремистик руҳдаги адабиётлар, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш, яширин гуруҳлар тузиш, ўз аъзоларини давлат тизилмаларига киритишга интилиш, мавжуд ижтимоий – сиёсий воқеаликни кескин қоралаш, давлат ва диний идора вакилликларини обрўсизлантириш ҳамда шу билан бирга террористик ҳаракатларни ўтказишдан иборат.

Дин ниқоби остида ғоявий хуруж қилаётган кучлар бор экан, киши хавотирга тушмай қолмайди, албатта. Бунда биринчи навбатда юртимизда қарор топган тинчлик ва хотиржамликни ҳар қандай ғоялардан муҳофаза қилишни тушунамиз. Зеро, Бош Қомусимизда “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир”, деб белгилаб қўйилган (52-модда). Биринчи Президентимиз айтганидек: “Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси, деганлар қаттиқ янглишади. Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак”.

Ҳақиқатан, тинчлик учун ҳаракат қилиш – сарҳад остонасида сергак туришдангина иборат эмас. Қолаверса, бугунги глобаллашув жараёнида ахборот хуружи асосий қуролга айланиб қолди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, огоҳлик ва ҳушёрлик ҳар қандай хуружларга қарши тура оладиган воситадир. Шу сабабли, аввало, ёшларни бундай таҳдидларга нисбатан муросасиз бўлишга тайёрлаш зарур. Бунинг учун уларга ақидапарастлик, маҳдудликнинг аянчли оқибатлари ҳақида мунтазам тушунчалар бериб бориш керак.

Азалдан маълумки, бепарво, лоқайд одам душмандан хавфлироқдир. Душманнинг кимлиги, асл қиёфаси аввалдан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг мақсадини бирданига билиб бўлмайди.

“Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган буюк Амир Темур. Абдураҳмон Жомий лафзига кўра: “Бепарволик минг турли ситамларнинг сабабчисидир”.

Тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиш ҳам барқарорликка қўшилган ҳисса аслида. Чунки ношукрлик жамиятда илдиз отиб кетиш хавфи катта бўлган таҳдиддир. Бундай инсонларни динимиз ҳам қоралайди: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюради: “Аллоҳнинг инсонларга аталган бир талай неъматлари бор. Инсонлар бир-бирларининг эҳтиёжларини таъмин этган ва бир-бирларининг дардларини аритган ва аритаётган вақтларда бу неъматларни уларга беришда давом этади. Бир-бирларини севмай, бир-бирини чалиб йиқитишга ўта бошлаган вақтларда уларга бераётган неъматларини тўхтатиб, бошқа аҳил қавмларга беради”.

Ўзини шу муқаддас Ватаннинг фаровонлиги учун дахлдор деб биладиган ҳар бир киши тинчликнинг моҳиятини нафақат англаши, балки муносиб ҳиссасини қўшиши зарур. Албатта, фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир.

Миржалил Худойназаров,

Хожа Бухорий ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси