Ризқингиз кенгайишини хоҳлайсизми?

Аллоҳ таоло ўзи суйган бандаларига ўзгаларга яхшилик қилиш, одамларга меҳр улашиб, ҳар доим элу юртга фойдаси тегаётганидан завқ олиб яшаш хислатини берди.

Жамият саодати, қонуний тартиблар ва оилалар мустаҳкамлигида қариндошлик алоқаларининг аҳамияти муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади:

إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء

وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

«Албатта, Аллоҳ адолатли, эзгу ишларга ва қариндошларга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур». (Наҳл сураси 90-оят)

Ҳақ таоло қариндошлик ришталарига, ҳақ-ҳуқуқига риоя қилишликни кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолади:

الَّذِينَ يُوفُونَ بِعَهْدِ اللّهِ وَلاَ يِنقُضُونَ الْمِيثَاقَ {20} وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ

وَيَخَافُونَ سُوءَ الحِسَابِ {21}

“Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва «ал-Мийсоқ»ни (ваъдани) бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар”. (Раъд сураси 20-21 оятлар)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқини кенгайтирилиши ва ажалини ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи рақм қилсин”, дедилар. Учовлари ривоят қилишган.

Силаи раҳм қанчалик аҳамиятга эга амал эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.

Бухорий, Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида:

“Силаи раҳм қилувчи берганга яраша қайтарган эмас. Лекин силаи раҳм қилувчи ўзининг силаи раҳми кесилганда уни боғловчидир”, дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳакда ўзларининг бошқа бир ҳадиси шарифларида:

“Уч нарса Аллоҳнинг наздида карамли ахлоқдандир; сенга зулм қилганни авф қилмоғинг, сени маҳрум қилганга ато бермоғинг ва сен билан алоқани узган билан алоқа боғламоғинг”, деганлар.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни таълим олинг. Чунки силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир”, дедилар.

Меҳр-оқибат ва одамийлик йўқ жойда аҳиллик, тотувлик, оғизбирлик бўлмайди. Бу қадрият нафақат жамоа ёки жамият учун, балки ҳар бир оила учун ҳам аҳамиятлидир. Ака-укалар ёки опа-сингиллар ўртасида меҳр-оқибат бўлмаса, жабрини ота-она тортади. Шунинг учун болаларни ёшлигидан, аввало, бир-бирига нисбатан, қолаверса, бошқаларга нисбатан ҳам меҳр-оқибатли қилиб ўстириш керак. Шунингдек, қариндош-уруғлар, таниш-билишлар, ҳамкасблар, қўни-қўшнилар, ҳатто бегоналар ўртасида ҳам меҳр-оқибат зарур.

Азамат УСМОНОВ