Бу ўткинчи дунёда яхши амалларни бажараяпмизми?

Инсонни гўзал суратда, тана аъзоларини мутаносиб ва кўркам ҳолда яратган, Ер юзида тинч-осойишта ва қийинчиликсиз умр кечириши учун жуда кўп неъмат ва қулайликларни ато этган Аллоҳ бандаларни яхшиликка чорлаб, ёмонликлардан қайтаради.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди” деганлар. Яхши хулқ-атвор кишиларга яхшилик қилиш эзгу хислат ва олижаноб фазилатдир. Буюк мутафаккирларимиз ҳам одамларни яхшиликка, яхши хулқ-атворли, намунали ва ибратли бўлишга ундайди, тўғрилик, меҳрибонлик, ҳалоллик каби эзгу инсоний хислатларни тарғиб қилади.

Шундай экан, қилаётган амалларимизга бир назар солайликчи, бу ўткинчи дунёда қандай яхши амалларни бажараяпмиз. Ота-она, ака-ука, қариндош ва қўшниларни ҳаққини беминнат адо этаяпмизми? Яна ҳам чуқурроқ ўйлаб кўрайликчи, ўзимиз қолиб бировларнинг айбу нуқсонини излаш билан овора эмасмикинмиз? Кўнглимизни, хулқимизни, икки дунёмизни безаш қолиб, бошқаларга лой чаплаш билан машғул эмасмикинмиз? Ҳаётимизда мол-дунёдан ҳам қимматлироқ эзгу амаллар, инсоний фазилатлар-инсоф, диёнат, уят, ор-номус, иффат, бурч, савоб, садоқат, вафо, ҳаё каби юксак ахлоқий туйғу ва қадриятлар қолиб, ғийбат, туҳмат, риё, ҳасад каби иллатлар билан овора эмасмикиниз? Силаи раҳм қилиш қолиб, ака-ука, опа-сингил, ҳаттоки ота ва болалар уй-жой талашиб, мерос бўлишолмай ўрталарини ғиштин девору-тўсиқлар бўлмаса-да, “кўринмас девор” тўсиб қолмаяптимикин? Эр-хотин ёки қайнона-келин жанжаллари туфайли болалар етим қолмаяптимикин? Энг ачинарлиси, баъзи ноқобил ўғил-қизлар бойлик ва имкониятлари бўлатуриб, ота-оналари кексайгач, ожиз ва нотавон бўлишганида уларни эъзозлаб, парваришлаш ўрнига қаровсиз ташлаб, ёки қариялар уйига жўнатаётганларида эътиборсиз лоқайдларча қараб турмаяпмизмикин? Китоб ўқиш, илму ҳунар ўрганиш ва ўргатиш ўрнига, умуман учрашмаган, исмларини ҳам билмайдиган инсонлар билан вақти келса, ижтимоий тармоқларда соатлаб беҳуда «гап сотамаяпмизмикин»? Ёру дўстларимиз кимларнингдир алдовига учиб, ўзга юртларда хору зор бўлгунига қадар ғафлатда қолмаяпмизмикин? Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказишга ҳаракат қилинаётганлигини била туриб, савоб қилаяпман, яхшилик қилаяпман деб исрофга йўл қўймаяпмизмикин? Интернет тармоқлари, чет эл телерадиоканаллари орқали борган сари кенг тарғиб этилаётган умуминсоний қадриятларга зид иллатлар ва ахлоқ меъёрларига бутунлай қарши бўлган фильм, клип ва фотосуратлар ёшларимиз онггига салбий таъсир кўрсатиб, улардаги инсоний фазилатларнинг емирилишига олиб келаётганига бепарво эмасмикинмиз? Шулар ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. Бепарво, лоқайд қараб турмайлик.

Ўткинчи мол-дунёга ҳирс қўймасдан, берилган неъматларнинг шукрини адо қилиб, фарзандларимизга одоб-ахлоқ, илму ҳунар ўргатайлик. Мустақил Ватанимизни янада гуллаб яшнаши учун одилона меҳнат қилиб, бир-биримизга меҳр муҳаббатли, ғамхўр, суянчиқ бўлайлик.

Азамат Усмонов