Гиёҳвандлик нимаси билан хатарли?

Бандаларига меҳрибон ва раҳмли Зот инсон наслини бошқа Ўзи яратган барча махлуқотларидан афзал, азиз ва мукаррам қилиб қўйди. Унга ҳаёт неъматини, турли ноз-неъматларни, ҳатто минишга уловлару денгиздаги кемаларгача муҳайё этиб қўйди. Бундан ташқари, яхши ҳаёт кечириши, чиройли умргузаронлик қилиши, соғлом ва бақувват бўлиши учун фойдали, керакли ризқ-рўзни ҳам ато этиб қўйди.

Бугунги кунда баъзи кимсаларнинг ўз жонлари, моллари, жамиятдаги мавқеларига катта зарар келтирувчи иллатларга мубтало бўлмоқдалар. Буларнинг энг ёмони, энг хатарлиси “аср вабоси” дея машъум ном олган гиёҳвандлик балосидир. Гиёҳвандлик шуниcи билан хатарлики, у инсонни Аллоҳ буюрганидай ҳалол яшашдан маҳрум этади, унинг одамлар орасидаги обрўсини йўқотади, оиласини парокандалик ботқоғига отади, соғлигига жиддий путур етказади, ўзини эса жиноят йўлига бошлайди. Энг фожиалиси, у ўзига Аллоҳ берган ҳаёт неъматининг заволга учраши, эрта ўлим топиши каби кулфатларга учрайди.

Гиёҳвандликнинг зарарларини санаб адоғига етказиш қийин. Шундай бўлсада унинг баъзиларини келтириб ўтамиз:

тарёк моддалар инсон ақлини заифлаштиради.

   — инсон танасининг турли хасталикларга чидамлилиги, яъни иммунитетини кетказади.

хотирани пасайтириб, ҳамма нарсага бефарқ қилиб қўяди.

киши юрак, қон-томир ва асаб тизимини ишдан чиқаради.

ҳозирги пайтда бедаво саналган ОИТС касаллигига асосан гиёҳвандлар чалинишади. Булардан ташқари, афюн моддаларни мунтазам истеъмол қилиш кўзни хиралаштиради, тишларни касаллантириб тўкиб юборади, ошқозон-ичак, жигар, ўпка фаолиятини бузади. Гиёҳ чекувчилар ўта ялқов, оиласига, аҳли-аёлига бефарқ, мутлақо бепарво бўлиб қолади.

Демакки, гиёҳвандликнинг зарарлари беҳисобдир. Гиёҳвандлик саломатликка, жамиятга, унинг иқтисодиётига, оилаларга ва хусусан ёшлар тарбиясига жиддий зарар келтирар экан. Маълумки, ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг тарқалиши  катта ёшдагилар ўртасида  тарқалишидан кўра хатарлироқдир. Зеро, ёшлар келажакдаги раҳбар, олим, мутафаккир, иқтисодчи ва шу каби кишилардир. Аҳолининг бу қатлами гиёҳвандликка  қанча берилса, жамият келажаги шунча хавф-хатар остида бўлади.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан у киши Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:

«Аллоҳнинг хадди-чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга хожатлари тушса юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар, юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак қандоқ бўларкин, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар улар ҳам бошқалар ҳам ҳаммалари нажот топурлар».

Бугунги кунимизда гиёҳвандлик қилаётганлар, ул моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар барча-барчалари ҳаммамизнинг ҳаёт кемамизни тагидан тешиб ғарқ этишга ҳаракат қилаётган жоҳиллардир. Агар кўплашиб уларнинг қўлидан тутмасак, ҳаммамиз бараварига ғарқ бўлиб ҳалокатга учрашимиз турган гап.

Ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс учун гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиш зарурдир.

Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз жонига қаcд қилмасликка, шунингдек ўзгаларнинг ҳам қонларини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охири ўлимга олиб келадиган нарсаларни ис­теъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади.

Имом Бухорий ва Имом Муслимдек буюк муҳаддисларнинг асарларида келган ҳадиси шариф­ларнинг бирида:  «Ҳар ким ўзини-ўзи бирор нарса би­лан ўлдирса, қиёмат куни дўзаҳда унга ўша нарса билан азоб берилади» дейилган.

Имом Аҳмад ва Ибн Можжа ривоят қилган ҳадиси шарифда «Ислом динида ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар келтиришлик йўқ» дейилади. гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир.

Гиёҳвандликка сарф этиладиган харажатлар эса шахсга ҳам, жамиятга ҳам иқтисодий зарар келтириши билан бирга у исрофгарчиликка кира­ди. Исрофгарчилик эса Қуръон ва ҳадис билан ҳаром қилинган.

Давлатимизнинг доно сиёсати фуқаролар жамиятининг ҳар томонлама комил, соғлом, олижаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажралиб турадиган намунали жамият бўлишига қаратилган. Мана шу халқчил сиёсатга асосланган ҳукуматимиз  барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали гиёҳвандликнинг  инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтимоқда ва кенг суратда тушунтирилмоқда.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг Ўзи буюрганидек ҳалол ва пок яшашимизни насиб этсин, фарзандларимизни гиёҳвандлик, ичикиликбозлик, кашандалик каби зарарли иллатлар домига тушиб қолишдан асрасин!

Азамат УСМОНОВ