Аждодларимиз меросини ўрганамиз

Шу муқаддас заминимизда яшаган улуғ аждодларимиз бундан кўп асрлар илгари ислом дини ривожига кўплаб асарлар битган ва ҳозирги замонавий илм-фанга пойдевор қўйиб, уни ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшишган. Хусусан, улар Ҳадис, ақоид, тафсир, ислом тарихи математика, астрономия, география, тарих, тиббиёт, фалсафа ва тилшунослик соҳаларидаги қомусий ишлари, ихтиролари билан ислом ва  жаҳон цивилизацияси равнақида ўчмас из қолдирганлар.

Албатта ушбу нодир асарлар ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Бизнинг давримизгача етиб келган бу бой меросдан бутун башарият равнақи йўлида оқилона ва самарали фойдаланиш — ҳар бир олимнинг вазифаси, таъбир жоиз бўлса, виждон бурчидир. Зотан, ана шу тенгсиз асарлар ва илмий мерос фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади.

Жорий йилнинг 15 февраль куни “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртининг 1 ва 2 курс талабалари иштирокида “Аждодларимиз меросини ўрганамиз” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди ва ахборот-ресурс марказида мавжуд буюк аждодларимиз қаламига мансуб қўлёзма ва тошбосма асарлар ҳақида маълумотлар берилди.

Давра суҳбати давомида кўҳна ва бой тарихимиз, узоқ мозийда яшаб барҳаёт асарлар яратиб кетган буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш ҳамда уларни кенг халқ оммасига етказиш – олдимиздаги асосий вазифалардан эканлиги таъкидланди.

 

Билим юрти матбуот хизмати