ТУҲМАТ – ГУНОҲИ КАБИРА

Халқимиз туҳмат тошни ёради, тошни ёрмаса, бошни ёради, деб бежизга айтмаган. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётда хусумат, бўҳтон, ғийбат, фитна, ҳасад, туҳмат энг оғир иллатлардан саналади. Кимнингдир хусумати туфайли айбсиз одамнинг асаблари қақшайди, юраги сиқилади, ҳаловати йўқолади, уйқуси қочади, фароғати бузилади.

Туҳмат тошига нишон бўлган одам ҳақиқат юзага чиққунига қадар эл орасида боши эгилади, азият чекади, қийналади, алам чекади, йиғлаб-сиқтайди, туҳмат қилган кишини қарғайди. Бундай иллатлар одамларнинг тинчлиги ва осойишталигини бузиш билан бирга жамият ҳаётига соя ташлаши билан ҳам ўта хавфлидир.

Туҳмат – мусулмон киши ҳақида бошқа бир мусулмонда нафрат уйғотадиган нарсаларни айтиб, унда йўқ айбларни унга тўнкашдир. Туҳматчи бу разил қилмиши билан Аллоҳ таоло тўғрилаб изга солиб қўйган нарсага путур етказади. Нафақат путур етказади, балки Аллоҳ таоло билан ўзининг ўртасидаги риштани узади. Бу нарса шунинг учун ҳам катта гуноҳлар сарасига киради. Бу ёмонлик кетидан ёмонликни, гуноҳ кетидан гуноҳни туғдираверади.

Аллоҳ таолонинг каломида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида туҳматчи кимсаларга бу дунёда қилиниши керак бўлган муомала ва уларни охиратдаги хатарли холатлари батафсил баён қилинган.

Аллоҳ таоло “Нур” сураси айтади: «Албатта, (бўзуқ  ниятлардан) бехабар, поқиза, мўъмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат)да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл-оёклари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур» (23-24оят).

Ва яна Аллоҳ таоло «Нур» сурасининг бошқа оятида марҳамат қилади: «Иффатли аёлларни (зинокор деб) ҳақоратлаган, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон даррадан урингиз ва абадул-абад уларнинг гувоҳликларини қабул қилмангиз! Ана ўшалар фосиқ кишилардир» (4-оят).

Ҳаромдан сақланган, поқиза аёлга кимда-ким «зиноқор» ёки «фоҳиша» деб туҳмат қилса, унга дунё-ю охиратда лаънат ва улкан азоб бўлишини, бу дунёда эса саксон дарра урилиб, гарчи ишончли бўлса-да, гувоҳлиги бошқа қабул қилинмаслигини Аллоҳ таоло баён қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи ишдан сақланинглар», деб улар орасида: бузуқ  ниятлардан ғофил, покиза, мўъмина аёлларга туҳмат қилишни ҳам санаб ўтганлар (Муттафақун алайҳ).

Туҳмат ўзаро муносабатларнинг ёмон томонга оғиб кетишига, бунинг орқасидан кўплаб уруш-жанжаллар, келишмовчиликлар чиқишига сабаб бўлади. Шариатда ҳам дунёвий қонунчиликда ҳам туҳмат қилган шахсга жазо жорий қилинганидан туҳматчининг икки дунёда оқибати ёмон бўлишини билиш мумкин.

Туҳмат ғийбатдан фарқли ҳолда киши биродарида йўқ нарсани унга нисбат бериш билан бўлади. Йўқ нарсани нисбат берувчи кимсанинг қалбида инсонларга нисбатан раҳм-шафқат йўқлиги, ўзининг фойдаси учун ҳар қандай қабиҳликка тайёр шахс эканини билса бўлади. Бундай одамларнинг динимизда гувоҳлиги қабул қилинмаслиги туҳмат нақадар оғир иш эканини англатади.

Аслини айтганда, ҳаётда бировга кўр-кўрона туҳмат қилиш, ноҳақ айблаш ҳеч кимга ҳеч қачон рўшнолик олиб келмаган. Туҳмат балоси барибир изсиз кетмайди. Аллоҳ ҳаммасини кўриб турибди. Фаришталар банданинг амал дафтарига бор қилмишини битта қолдирмай ёзиб боради. Қиёмат куни бунинг ҳисоб-китоби бўлиши тайин. Туҳмат қилган киши барча умматлар олдида шармандаи шармисор бўлади. Хусусан пайғамбар алайҳиссаломнинг юзларига қарай олмай қолади. Ундан раҳмат юз буради, фаришталар юз ўгиради.

Туҳмат қилган киши ким бўлишидан қатъий назар Яратганнинг олдида жавоб беради. Шундай экан ҳар биримиз қилаётган ишимизга боқайлик. Бировларнинг мазлум бўлиб қолишига сабабчи бўлмайлик. Мазлумларнинг дуосидан сақланайлик. Зеро мазлумларнинг дуоси ҳеч қандай тўсиқсиз арши аълога етиб боради. Аллоҳ таоло мазлумларнинг оҳу ноласини эшитади ва уларга албатта кушойиш беради. Туҳмат қилган кишиларнинг иши бу дунёда қанчалик юришмасин, охиратда албатта рўёбга чиқади. Ҳар бир киши ҳар лаҳза қилган қилмиши учун жавоб беришини обдон ўйлаши керак.

Бекмурод САҲРИЕВ,

ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги масъул ходими,

ТИИ Махсус сиртқи бўлими 3-босқич талабаси