“Огоҳлик ва ҳушёрлик-давр талаби”

Инсоният тарихи жараёнида террорчиларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта «ғоялари» ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда. Ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлсада, тутаётган йўл ёки қилаётган ишлари бир хил: одамларнинг тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.

XXI аср инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Айниқса, баъзи шахс ва гуруҳлар томонидан ўзларининг геосиёсий мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниши қатор ихтилоф ва кўнгилсизларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, улар томонидан кўтариб чиқилаётган сохта даъволар мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани ҳамда ўз ҳаракатларини оммавий шаклда ташкил этолмаётгани жиҳатидан аҳолининг маълум қатламлари номидан кураш таассуротини уйғотиш мақсадида террор йўли танланмоқда.

Ана шундай ҳаракатлардан хабардор бўлиш ва соф ислом ақидасида мустаҳкам туриш мақсадида 5 февраль куни “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида талабалар иштирокида “Огоҳлик ва ҳушёрлик-давр талаби” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда билим юрти мудири Ў. Ғузаров ва туман ички ишлар бўлимининг тезкор гуруҳ мутахассиси А. Назаровлар мавзу юзасидан маъруза қилдилар. Маърузачилар ёрқин мисоллар асосида халқаро терроризм ва экстремизм, дин, миллат, элат ва чегара танламаслиги, энг ваҳший, маданиятсиз ва инсоний хислатларини йўқотган ашаддий жиноятчилар  қабиҳ ишга қўл уришлари ҳамда   террор узоқ ўтмишга эга бўлиб, сон-саноқсиз бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиб келганлиги, ҳозирги кунларда терроризм янги шакл олиб, энг замонавий қуроллардан фойдаланиш орқали қабиҳ ниятларини  амалга ошираётганликлари ҳақида гапирди. Шунингдек, ҳозирги вақтда ислом динини ниқоб қилиб, ўзларини мусулмонман, дея қўпорувчилик, террочилик ҳаракатларини олиб бориш жараёнида бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабабчи бўлаётган манфур кимсаларнинг қилмишлари ҳақида слайдлар ёрдамида талабаларга батафсил тушунтириб бердилар.

Суҳбат сўнггида маърузачилар талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Азамат Усмонов