Ёшларимиз илм-у ҳунарли бўлсин!

Илм ва покиза касб-ҳунар инсонларга дунёда ҳам, охиратда ҳам энг тўғри йўлни кўрсатади. Унинг соҳиби барча яхши хулқларга эришади. У сахий, жувонмард, камтар, шикастадил, иффатли ҳамда бошқа юксак инсоний хислатларнинг файзу баракотларидан баҳраманд бўлади. Бахиллик, қўрқоқлик, журъатсизлик, манманлик, исрофгарлик, зиқналик каби ёмон хулқлардан ўзини сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлиб камол топади. Зеро, илм воситасида инсон нима фойда-ю, нима зарар эканини билади ва ҳаётда олдига қўйган орзу-мақсадлари рўёбини кўради.

Муқаддас динимизда илм-ҳунар эгаллаш, маърифатли бўлиш жуда савобли иш экани қайта-қайта таъкидланади. Бешикдан то қабргача илм излаш лозимлиги қайд қилинишининг ўзи катта тарбиявий аҳамиятга эгадир. Ҳадисларда «садақанинг афзали мўмин киши илм ўрганиб, сўнг бошқа мўминларга ҳам ўргатишидир» дейилади.

Инсон кибрга берилиб кетмаса, ўзини ҳаммадан ортиқ қўймаса, Аллоҳнинг халифаси сифатида билим эгаси бўлиб, ёруғ дунёнинг барча билимларига унинг идроки етади.

Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Беруний, Ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Бобур Мирзо, Алишер Навоий, Беҳбудий, Мунаввар Қори каби улуғ зотлар ҳаёт тарзи, илм учун фидойилиги, эътиқодининг поклиги билан барчага ибрат бўлганлигини билиб олиш мумкин. Демак, диний ва дунёвий маърифатни жам қилган, ана шу ҳар икки илмни эгаллаган кишининг икки дунёси ободдир.

Ислом динини фақат ақида деб қарамаслик керак, балки у, аввало, маърифат, илмдир. Ислом тарихи шундан далолат берадики, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)гача бўлган давр арабларда «жоҳилия» даври деб аталган. Ислом дини ана шу «жоҳилия» (нодонлик) даври ўрнига кенг маънода маърифат, маданият, илм-фан ва маънавиятни яратди.

Мустақиллик туфайли фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда, Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбанд таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари, Имом Ғаззолийнинг дин ва дунё ҳақидаги қарашлари, Юсуф Ҳамадонийнинг тасаввуфи, Имом Мотуридийнинг ҳидоят каломи, Ғиждувонийнинг таълим-тарбияга оид ўгитлари асосида тарбия қилиш имконига эга бўлдик.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда билим эгаллаш — жамиятга ва ўзига фойда келтирувчи шахс бўлиб етишишда муҳим омил, деб қайд қилинган. Толиби илм бўлиш фарздир. Билимсизлик кишиларни нодонликка олиб келади. Билимсиз жамиятда эса жаҳолат, разолат ҳукмронлик қилади. Ҳадисларда: «Билимнинг офати унутишдир. Уни ноаҳил кишига гапириш эса уни зое қилишдир», «илм-у ҳунарни Чин (Хитой)да бўлса ҳам бориб ўрганинглар», — деб даъват этилади. Шунга кўра, «олим бўл, ё бўлмаса билимга ва илм аҳлига муҳаббатли бўл. Бешинчиси бўлма, ҳалок бўласан», дейилган.

Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: «Илм — ибодатдан афзал», «Ибодат фазилатидан кўра илм фазилати менга севимлироқдир».

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим.

Маърифат жаҳолатнинг, хурофотнинг кушандаси эканлиги яқин тарихдан маълум. Шу сабабли Жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ керак. Билимли, доно, илмига амал қилган инсонлар жоҳиллик, бефарқлик, ялқовлик каби иллатлардан халос бўлади, тинмай меҳнат қилади, кишилар ўртасида ҳурмат-эътибор қозонади.

Инсон учун энг муҳим нарсалардан яна бири ҳунар эгалламоқ. Ҳар қандай нарсанинг моҳиятини англаш, жаҳондаги воқеаларнинг яхши-ёмон томонини билиб олиш, одамларнинг қадр-у қимматини тўғри тушуниш, оиланинг фаровон яшашини тўғри ташкил қилиш, қисқаси, ҳар томонлама мукаммал инсон бўлиш учун илм ва ҳунар ўрганиш зарурий эҳтиёждир.

Ҳар кимнинг зари бўлмаса-да, аммо ҳунари бўлса, дунёда ҳеч бир қийинчилик чекмайди. Донолар дейди:

Олтин топмагин-у ўргангин ҳунар, Ҳунаринг олдида хасдир олтин-зар.

(А. Жомий).

Шунинг учун киши ҳунар зийнати билан безанмоғи лозим. Ҳунарсиз киши қуруқ савлатдир. Қуруқ савлат қотиб турган суратга ўхшайди. Сурат одамга ўхшаса-да, жонсиз бўлади, дарахт ҳам мевасиз бўлса, қадр топмайди. Қалам гарчи чўп бўлса-да, илм-у ҳунарни ошкор қилгани учун азиздир. Ойна эса гўзаллар юзини кўрсатгани туфайли қўлда юради.

Энг ҳалол ва ёқимли ейиш ва кийиш ҳунарлардан ҳосил бўлади. Ҳунар — яширин хазина. Куни келиб, киши дунё тасодифлари туфайли мол-мулкдан ажралса ҳам, ҳунардан ҳеч қачон ажралмайди. Ҳунар доимий ҳамроҳ, мададкордир.

Ҳар бир даврда касб-ҳунар жуда ҳам улуғланган. Халқ донишмандларидан бири: «Эй фарзанд, агар оқил ва доно бўлай десанг, ҳунарманд бўлишни ўйла. Ҳунармандчилик сабабидан иззат ва ҳурматга эришасан, агар ҳунардан бебаҳра бўлсанг, қуруқ соясиз дарахтга ўхшаб қоласан. Эй фарзанд, ақлли, фаросатли ва илм-у ҳунарли кишилар билан дўст бўл, ҳунарсиз кишида хосият бўлмайди. Меҳнатдан, илм-ҳунар ўрганишдан узоқлашма»,— дейди.

Ахлоқшунос олим Мажид Ҳавофий ҳунармандчилик тўғрисида шундай дейди: «Касб ва ҳунармандларни эъзозла. Ҳунармандчиликка ружу қўйган халқнинг ҳурмат ва эътибори ошади». Жуда кўп улуғлар ҳунарманд бўлганлар, жумладан, ҳазрати Довуд алайҳиссалом — темирчи, Форобий — боғбон, Саккокий — пичоқчи, Завқий — маҳсидўз бўлган. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мискарлик билан тирикчилик қилган. Рус олими Менделейев — ажойиб чамадончи бўлган.

Ҳозирги даврда ер юзида 500 мингдан ортиқ касб бўлиб, барчаси одамлар учун хизмат қилади. Ёшлар шу ҳунардан бир нечтасини ўрганиб, эл-юрт олдида ўз касбининг устаси бўлса, уларнинг ризқи бутун бўлади.

Азамат УСМОНОВ