Ҳасад – яхшиликни душманидир…

Жамиятимизда мўмин-мусулмонлар амал қиладиган турли хил яхши хислатлар билан бирга зарарли хулқлар ҳам, афсуски, мавжуд. Шулардан бири ҳасаддир. Биринчи гуноҳ Иблис томонидан Одам алайҳиссаломга кибр ва ҳасад қилишидан келиб чиқди. Ер юзидаги биринчи қотиллик ҳам ҳасад сабабли содир бўлди. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ўз укаси Хобилга ҳасад қилди ва унинг қотилига айланди. Ҳасад – бандалар ичидаги Аллоҳнинг тақсимотига эътироздир. Аллоҳнинг бирор неъматни ўз бандасига ато этиши ёки бермаслигига эътироз қилган кишининг ҳолати оғир бўлади. Зеро, Аллоҳ ўз ҳикматига биноан хоҳлаган бандасига хоҳлаган неъматини беради, хоҳламаса – йўқ. Аллоҳ таоло ҳар нарсани билгувчи ва ҳикмат соҳиби бўлса, унга қандай эътироз қилиш мумкин?!

Ҳасад – бир кишига берилган неъматни ундан кетишини хоҳлашдир. Ҳасаднинг бундан ҳам ёмонроғи – бир инсонга берилган неъматнинг йўқ бўлишини орзу қилиш билан, ўша неъмат ўзида ҳосил бўлишини таъма қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳасаднинг ёмонлиги тўғрисида шундай дейди: “Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими? Ахир, Биз (илгари ҳам) Иброҳим наслига (Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб, Ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк (ҳукмронлик) ҳам ато этган эдик-ку!” (Нисо сураси, 54-оят).

Ўз ўрнида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадисларда ҳасаднинг давосини айтиб ўтадилар: Учта хислат умматимда доим бўлади: ёмон гумон, ҳасад ва шумланиш. Гумон қилсанг, юзага чиқарма; ҳасад қилсанг, истиғфор айт; шумлансанг, йўлингда давом эт(Имом Табароний ривояти).

Хулоса ўринда айтиб ўтиш жоизки, кун сайин дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини топиб бораётган ЖОНАЖОН Ватанимиз ва ватандошларимизга ҳасад кўзи билан эмас, балки ҳавас кўзи билан қараш керак. Давлатимизда олиб борилаётган сиёсат ва ислоҳотларни фақат ёмон гумон ва ҳасад билан таҳлил қиладиганлар ҳам, афсуски, топилади. Биз уларга таҳлилда холис бўлиш ва жамиятга фойдали бўлган ислоҳотларга хайриҳоҳ бўлишни тавсия қилган бўлардик. Зеро, ҳасад билан бирор натижага эришиб бўлмайди. Ватандошларимизнинг ҳам давлатимиз ҳукуматининг хайрли ислоҳотларида ҳамфикр бўлиб, қўллаб қувватлаб туришлари, мустажоб дуоларида эсга олишларидан умидвормиз.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳасаддан асрасин, ўзаро дўсту ёр бўлиб Ўзининг ҳидоятида бардавом айлаб, иймон ва исломда собит қадам қилсин!

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус  

 ислом билим   юрти маънавий -маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари