ЁШЛИК ДАВРИ – ҒАНИМАТ

Инсонга берилган неъматлар, имкониятларнинг энг бебаҳоси ва қадри баланди бу – вақтдир. Вақтнинг қийматини, жавобгарлигини ҳис қилиш учун ушбу ҳадис кифоя қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайдиумрини қандай ўтказганиёшлигини нимага сарфлаганимолини қаердан топибқаерга сарфлагани ва илмига қай даражада амал қилгани ҳақида” (Имом Термизий ривояти)

 

Ҳадисга эътибор беринг: қиёмат кунида бандадан энг аввал сўраладиган тўрт неъматнинг аввалги иккитаси айнан вақт ҳақидадир. Умри ва ёшлиги. Аллоҳ таолонинг бандага берган беҳисоб неъматлар ичида энг аввало вақт ҳақида сўрашининг ўзи ҳам, бу неъматнинг қадри қанчалар улуғлигини намоён этади.

Маълумки, дунё ҳаёти – ҳар бир инсонга берилган ўткинчи синов муддатидир. Ундаги ҳар бир кун, соат, дақиқа ва ҳатто сония инсон учун кўп фойда келтирадиган ғанимат бир фурсатдир, бунда инсон онадан туғилиб, вафот этгунча охират учун сай-ҳаракат қилади. Умр бўйи қилган яхши амаллари эвазига савоб, ёмон амаллари учун гуноҳ ёзилиб турадиган бир муддатдир. Ёшлик ва ўспиринлик даври эса ҳаётнинг энг жўшқин ва ғанимат даври ҳисобланиб, унда тана аъзолари куч-қувватга тўлган ва ҳаракатлар жўшқин бўлиб, киши кўп ютуқларни қўлга киритиши мумкин бўлади. Ёшлик даври ғаниматлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилганлар:“Ёшлик, ўспиринлик даврини кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билинг ва бўш вақни бирор иш билан машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билинг!” (Имом Термизий ривояти).

Демак, ёшликда қилинган ишлар пухта ва мустаҳкам бўлади. Шунинг учун ҳам юртнинг келажаги, унинг мустаҳкамлиги, куч-қудрати ва тараққиёти ўша юрт ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқдир.

Улуғ ҳакимларнинг машҳур гаплари бор: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”.

Демак, ҳар бир ота-она фарзандларига ёшлик даврининг бўш кунларини ғанимат билишни ва ундан унумли фойдаланиш зарурлигини тушунтиришлари лозим. Уларни ёшлигидан бошлаб, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга, илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб, ҳалол меҳнатга ўргатиб, пешона тери билан топилган ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилишлари айни муддаодир.

Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанди ёшлик чоғини чиройли, намунали, фойдали ва савобли ишлар билан ўтказишига ёрдамчи бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим сураси, 6-оят). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “ўзларингизни ва аҳл-оилангизни дўзахдан сақланглар!” оятини тиловат қилдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, биз оиламизни дўзахдан қандай қилиб сақлаймиз?” – дейилди. Шунда у зот: “Уларни Аллоҳ яхши кўрадиган нарсага буюрасизлар, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсадан қайтарасизлар”, – дедилар” (Имом Ибн Мардавайҳ ривояти).

Ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил оқимлардан қаттиқ ҳазар қилиш ва ҳоказо зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади.

Фарзандларини ёмон хулқли кимсалар таъсиридан ҳимоя қилиш ота-онанинг бурчидир. Ота-она фарзандларига яхши, ростгўй дўст танлашда ёрдам бериши керак. Чунки ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр ҳисобланади. Бундай пайтда дўстларнинг таъсири катта бўлади.

Бу борада ҳазрати Умар ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Имон-эътиқодли, ақлли ва одобли киши билан дўстлашгин. У муҳтожлигингда ёрдамчинг, қийин кунларингда қўлловчинг, маъюслигингда қувончинг, хотиржамлигингда зийнатинг бўлади”.

Миржалил Худойназаров, ўқитувчи