Яхшилик қилган яхшилик кўради

Silhouette of helping hand at sunset,please help me.helping and teamwork concept.

“Яхшилик қилинг! Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади”

(Бақара 195 оят)

Баъзан бир нарса ҳақида кимгадир тушунча бермоқчи бўлсанг, қанчалар жон кўйдириб гапир, агар у тушунишни истамас экан, ўзингни чарчатганинг бекордир. Аммо шундай пайт бериларканки, қалбинг оддий бир гапни жуда кенг маънода тафаккур қила оларкан. Шунинг учун яхшилик ҳақида фикр – тушунчаларимизни яъни, денгизга тушиб кетган икки одамдан бирини қутқарилгани ва бунинг сабаби ҳақидаги кичик бир ҳикоя орқали тушунтиришга ҳаракат қилдик.

Бир вақтлар кемада денгиз саёҳатига чиққан икки дўст денгизга тушиб кўрдилар. Шу вақт тўлқин кучайиб кетди.

Йўловчилар ҳаммаси бақириб – чақира бошладилар.

Кема дарғаси дарҳол денгизга ўзини ташлаб дўстлардан ёшроғини қутқариб қолди. Бошқасини қутқаришга эса ҳаракат қилмади, иккинчи дўст чўкиб кетди. У ердагиларнинг бир қанчаси дарғага:

  • Дарға, агар тезроқ ҳаракат қилганингда иккинчи одамни ҳам қутқарса бўларди. Жуда имилладинг, — дедилар.

Дарға бундай жавоб берди:

  • Менга яхшилаб қулоқ солинг. Бу йигитни қутқаришни хоҳлаган эдим, қутқардим. Чунки у менга аввалдан яхшилик қилиб келган. Бошқасининг чўкиб кетишини хоҳлаган эдим, у чўкиб кетди. Чунки унинг кўп ёмонлигини кўрганман. У мени ранжитган, кўнглимни оғритган. Шунинг учун унинг чўкиб кетишини истаган эдим,- деди.

…экканингни ўрасан, дейдилар. Яхшилик қилган яхшиликка эришади. Бу дунё шундай, ҳисобли дунёдир.

Ақлли мусулмонлар ўзларига нимани муносиб кўрсалар бошқаларга ҳам шуни раво кўрадилар. Ёмон кўрган ишларини бошқаларга ҳам қилмайдилар. Инсонлик мезони шундай. Инсонман, деган одамга яхшилик қилиш ярашади. Ёмонлик, ярамас ишлардан ўзини сақлаш инсоний қадр-қимматни билишдир.

Бу дунё шундай – қилмишингга яраша экан, у дунё ҳам худди шундай. Заррача яхшилик қилган унинг ширин мевасини тотади. Жаннатда солланиб юради, нашъу намо кўради. Заррача ёмонлик қилган одам ҳам унинг жазосини олади, жаҳаннамда чарсиллаб ёнади. Жаҳаннамга ўтин бўлади.

Бу дунёда бировга яхшилик қилмаган одам охиратда ҳам яхшилик кўрмайди. Ақлли инсонлар ҳеч кимга зарар етказмайдилар. Ҳеч кимга нисбатан ёмон ниятда ҳам бўлмайдилар. Ҳаммага юмшоқ ва мулойим муомала қиладилар. Яхшилик қилган яхшилик кўришини биладилар. Яхшига ёндашадилар. Яхшилик қилишни яхши кўрадилар.

“Яхшилик қилинг! Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади”

(Бақара 195 оят)

Изоҳ: Яхшилик фақат Аллоҳ учун бўлса, раҳмат эшитишлик учун бўлмаса, бир кун қайтаради деган мақсадда бўлмаса, мақтов эшитишлик учун бўлмаса, миннат қилиш учун бўлмаса Аллоҳ шу яхшилик қилган бандасини яхши кўради. Хурсанд бўлсин!

 

“Аллоҳ адолат қилувчиларни севади”

(Моида 42 оят)

Изоҳ: Инсон бегона инсон билан адолат қилишлиги осонроқ, лекин ўзини яқинлари, қариндошларига келганда адолат қилишлиги нафсига оғир келади. Ундан ҳам оғири ўзига бўлган адолати. Ўзи хато қилганда хатосини билса, адолат қилиб шу мени хатоимдир дейиши жуда оғир келади. Кўпчилик инсонлар ўтолмайдиган адолат шудир. Агар уларни Аллоҳ яхши кўришини хохлашса адолат қилишсин.

Яхшилик қилган кишини қутлаш ҳам суннат бўлган амаллардандир.

Яхшилик қилган кишига “Баракаллоҳу лака фи аҳлик ва малика ва жазакаллоҳу хойрон” (маъноси: Аллоҳ сени, аҳлингни ва молингни марҳаматига сазовор қилсин ҳамда сенга яхши мукофотлар берсин), дейиш мустаҳабдир.

Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мендан қарз сўрадилар. Бир муддатдан кейин уни қайтардилар ва: “Боракаллоҳу лака фи аҳлика ва малика”, дедилар” (Имом Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

Имом Термизий Усома ибн Зайддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Кимга яхшилик қилинса, қилувчига “Жазакаллоҳу хойрон” (Аллоҳ яхши мукофот берсин) дейилса, батаҳқиқ, мақтовда етук қилибди”, дедилар.

 

Н. Бердиева

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи