ИМОМИ АЪЗАМ – МАЗҲАББОШИМИЗ

ИМОМИ АЪЗАМ – МАЗҲАББОШИМИЗ

Ҳанафий мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутий, яъни Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) Ироқнинг Куфа шаҳрида 80/699 йилда таваллуд топди. У киши аҳли сунна фиқҳий мазҳаб бошлиқларидан энг аввал туғилгани ҳисобланади. Ривоят қилишларича, Имоми Аъзамнинг отаси Собитни болалик чоғида бобоси Зутий ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ҳузурларига олиб келиб, унинг ҳақига дуо қилишларини сўрайди. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло бу боланинг ўзига ва зурриётига баракот берсин, деб дуо қиладилар. Аллоҳ таолонинг азалий иродаси ва ушбу дуо шарофатидан Собитнинг зурриётидан Имоми Аъзам (Улуғ Имом) машҳурлик касб этди ва бу зотнинг мазҳаблари оламга ёйилиб, шогирд ва эргашувчилари сон-саноқсиз бўлди.

Абу Ҳанифа виқор ва салобат эгаси эди. Кўп фикрлаб, кам сўзлар эди. Тақво соҳиби, дунё аҳлига кам аралашар, фойдасиз ва бекорчи гап-сўзларни ёқтирмас, саволларга қисқа ва лўнда жавоб берадиган зукко мужтаҳид эди. Фиқҳни тартибли усул ҳолига келтириб, барча дунёвий масалаларнинг фойда ва зарарли ҳолатларини баён этиш натижасида ўз дунёқарашини соғлом ақида асосида шакллантирган эди.

Имоми Аъзам мазҳаби ўзининг мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини чуқур ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, айрим ҳолларда юзага келадиган турли зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмокда.

Ҳанафий мазҳаби II ҳижрий асрдан ер юзининг турли мамлакатларига тарқалиб, дастлаб Аббосийлар давлати ундан сўнг бошқа ўлкалар томонидан қабул қилинди. Хусусан, Ироқ, Эрон, Мовароуннаҳр, Хуросон ва Туркия ҳудудларида турли даврларда ҳукм юритган Аббосийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Мисрда Айюбийлар, Мамлуклар, Мовароуннаҳрда Темурийлар, Бобурийлар, Шайбонийлар давлатлари ва Усмонийлар салтанати томонидан расмий мазҳаб сифатида қабул қилиниб, барча ҳудудларида барча шаръий масалалар ечими ва маъмурий идора ишлари ушбу мазҳаб асосида олиб бориларди.

Ҳозирги даврда ҳанафийликнинг жўғрофий ҳудуди Марказий Осиё давлатлари, Хитой, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Сурия, Саудия Арабистони, Яман, Миср, Жазоир, Тунис, Марокаш, Туркия, Индонезия ва бошқа мусулмон ўлкаларини ўз ичига қамраб олади. Абу Ҳанифа мазҳаби айтиб ўтилган мамлакатларнинг айримларида етакчи ўринни тутса, айримларида иккинчи ёки учинчи ўринда туради.

Абу Ҳанифа – Имом Аъзамдек зотнинг мазҳабида бўлганимиз ва юртимиздан чиқиб, шу мазҳабнинг кенг ёйилиши ва шаръий фатволарнинг халқимизга етказиб беришда бебаҳо асрлари билан ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Абу Ҳафс Кабир ва Сағир каби  олиму уламо, фақиҳу фуқаҳоларнинг бизнинг заминимиздан чиқариб қўйгани ҳамда дунё мусулмонларининг 60 фоизга яқини шу мазҳабга мансуб экани учун Ҳақ субҳаноҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар ва бениҳоя шукроналар айтишимиз ва шундай ҳидоят йўлини кўрсатиб берадиган тўғри йўлимиз турганда турли залолат ҳамда гумроҳликка олиб борадиган оқим ва тоифаларнинг тузоғига тушиб қолмасликни ҳам Ўзидан сўраб турмоғимиз зарур бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг мазҳабимизга мустаҳкам бўлиб амал қилишимизни саодатини муяссар этсин.

 

 

 

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус  

 ислом билим   юрти маънавий-маърифий

                    ишлар бўйича мудир ўринбосари