Динсизлик бошга фалокат келтиради

Динсизлик бошга фалокат келтиради

Икки динсиз бир халта олтин билан борар эдилар. Қандай ният билан бормоқдалар, улар ўғирлик йўлидамилар ёки қароқчилик йўлидамилар? Биз ишнинг сўнгига эътибор қаратайлик:

Улар олтинни бирор кимса билиб қолмасин деб, қўрқиб тоққа чиқдилар. Маълумки жиноятчи доимо шубҳада бўлади, пашша учса ҳам чўчийди. Бир-икки кун ўтганидан сўнг овқат тугагач қуръа ташладилар. Бири шаҳарга бориб овқат олиб келади, бири эса олтинларни беркитиб қўриқлайди.

Шаҳарчадан овқат олиб келгани кеган одам қайтаркан, динсизлигидан бундай деб ўйлайди: бориб бироз заҳар олайинда шу овқатга солай, кейин ҳамроҳимга уни берай. У овқатни еб заҳарланиб ўлсин. Бир халта олтин менга қолсин. Олтинларни бир ерга кўмиб, оз-оздан олиб юрайин.

Олтинларнинг олдида қолган одам бундай деб фикр юритади: шу қоя орқасига ўтириб ҳамроҳим келаётганида бир уриб ўлдирсам олтинларнинг ҳаммаси менга қолади.

Олтинларнинг олдида қолган одам ҳамроҳи келиши билан уни уриб ўлдирди. Сўнгра ўзи ўтириб заҳарли овқатни еди… Бир халта олтин эса ҳайвонларга қолди.

Ушбу ҳикояни жуда кўп маротаба ўқиган, эшитган бўлишимиз мумкин, аммо уни моҳиятини тушуниш келганда эса, эътиборсизликка йўл қўйиш керак эмас. Ҳирснинг товони йўқдир. Динсизлик аслида, жуда оғир бир дард ҳисобланади. Динсиз одамнинг қўлига амал тегса, бировга кун бермайди. Динсизлик бағри тошликдир. Инсонни инсон этувчи диндир, имондир. Инсонга меҳр-шафқат ҳиссини берувчи раҳмдилликдир.

Бир нарсага эътибор беринг: дин ўз ҳолича яшай олмайди. У халқ билан тирик. Аллоҳ таоло ўзи яратган халқнинг тўғри, имон-исломда, ҳалол-пок яшаши учун ҳам динни туширди. Шундай экан уни асраб-авайлаб авлодларга етказиш ҳар бир мусулмоннинг иши бўлиши керак. Ўзини таниган одам учун динсиз ҳаёт жаҳаннамнинг ўзи десам баъзилар хафа бўлишлари мумкин, аммо тузсиз таомдай гап. Яшайверасан, аммо унда еб-ичиш, бола-чақа орттириш, бир сўз билан айтганда, ўткинчи ҳою-ҳаваслардан бошқа ҳаётнинг туб маъносини англамай ўтади киши.

Аллоҳ таоло ўз Қуръонида шундай дейди:

فَفِرُّوا إِلَى اللَّهِ ۖ إِنِّي لَكُمْ مِنْهُ نَذِيرٌ مُبِينٌ

Бас, фақат Аллоҳгагина қочинг. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман. (Одатда инсон хавфу хатардан, бало-офатдан қочади. Бу оятда тилга олинган хавф-хатар — динсизлик, ғафлат ва осийликдир, ундан қочиш гуноҳ ва ҳаром ишларни тарк этиб, Аллоҳга илтижо этиш билан бўлади. Аллоҳга қочишда инсон учун улуғ саодат ва мартаба бордир.) Зарият сураси 50-оят.

Динсизлардан, динсизликдан наф кўрмоқчи бўлганларнинг бошига аввал-охир фақат фалокат келадир. Аллоҳ таоло миллатимизни динсизлик балосидан сақласин. Омин…! ватан, миллат учун, дини, иймони учун фидойи жон этувчи насллар етиштиришда азиз миллатимизга Аллоҳ таоло лутф этсин. Омин!

Нилуфар Бердиева,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртининг ўқув-услубий бўлим бошлиғи

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

*

code