ВАТАНПАРВАРЛИК -МУҚАДДАС БУРЧ

ВАТАНПАРВАРЛИК -МУҚАДДАС БУРЧ

Инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.

Ота-боболаримиз, улуғ аждодларимиз ва алломаларимиз ҳам ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарибиялашга алоҳида эътибор бериб, ўз юртларига муҳаббатни ифода этиш борасида ажойиб намуналар кўрсатишган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад ал Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Абулайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк мутафаккирларимиз ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт билан боғлаганлари, уларнинг номини дунёга маълум ва машҳур қилганликлари ҳам бир ибратдир.

Ватан инсон учун муқаддас, уни ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайди, у ҳар қанча севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб,Маккаи мукаррамага қараб:

“Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, — деганлар.
Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қумсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.
Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи, ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган.

Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кеча кундуз “рибот”, (яъни душман қаршисида туриш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир”, — деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Уламолардан бири айтган эди: “Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини”.

Юртимиз довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан, Ислом оламида кенг тарқалган тасаввуф тариқатларидан бири кубравия таълимоти асосчиси Нажмиддин Кубро Ватан ҳимоячисининг ёрқин мисоли бўла олади. Замонасининг йирик алломаларидан, минглаб муридларга эга бўлган тариқат пир-муршиди бўлган бу шайх Ватанига мўғуллар босқинидан хабар топиб биринчилардан бўлиб унинг ҳимоясига отланди. Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини назарда тутиб, мўғуллар ҳукмдори унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ўз жонини сақлаб қолиш йўлида Ватанини ёвга топширишни ор билган аллома босқинчиларга қарши жангга киради ва мардларча  шаҳид бўлади.

Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги уни ватанини ҳимоя қилишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундаши лозим.

Зеро, ҳар бир оилада ўғил фарзанд туғилганда ота-она билан бир қаторда юрт – Ватан ҳам суюниб, шоду ҳуррам бўларкан. Чунки ўғил фарзанд нафақат ота-онаси, оиласини, балки бутун халқини, Ватанини ҳимоя қиладиган ўғлон ҳисобланади. Юртимиз тинчлиги ва барқарорлигини сақлашда, мамлакатимиз ҳудудини ҳимоя қилишда Қуролли кучлар, ҳарбий хизматчилар, чегара қўриқчиларининг хизматлари беқиёсдир.
Ўз ороми, тинчи, ҳузур-ҳаловати, роҳат-фароғати, керак бўлса жонидан кечиб, Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилаётган қуролли кучлар ходимларининг машаққатли хизматлари алоҳида эътирофга сазовар.

Аллоҳ инсонни халқ қилди. Ўзи ундан яратгани ва унга қайтарадигани ерга, заминга, она тупроққа муҳаббатни инсон фитратига қориштирди. Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у  тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.

Юрт тинчлиги — Ватан озодлиги истиқлол билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир инсоннинг ўз ишини сидқидилдан амалга ошириши, лоқайдлик, бепарволикнинг олдини олиши, ўз атрофида бўлаётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, Ватан тинчлиги йўлида ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаши, мустақиллик ва тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Хожа Бухорий номли ўрта

махсус ислом билим юрти мудири             Ғузаров Ўткир

 

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

*

code