ОТА-ОНАГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИШ ВОЖИБ АМАЛ

ОТА-ОНАГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИШ ВОЖИБ АМАЛ

Ислом дини инсоннинг тўғри йўлдан адашиб кетмаслиги учун ҳар бир ишда ўз кўрсатмаларини бериб боради. Шу жумладан, ота-она ҳақларини фарзандлар зиммасига юклаб, уларга доимо ҳурматда бўлишга буюради. Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топишга амр қилинади. Ота-онага зинҳор озор бермаслик ва уларнинг сўзларию феълларини ҳеч малол олмасликка буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт” (Исро сураси, 23 оят).
Мазкур оятда Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга чақирган амридан кейиноқ ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу ҳол ўз навбатида Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини билдиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олишга тарғиб қилганлар. Жумладан: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Амалларнинг қайси бири афзал?”, – деб сўрадим. “Вақтида ўқилган намоз”, – дедилар. “Кейин нима?”, – дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-онадан етим қолган бўлсалар ҳам, эмизган оналарига нисбатан юксак ҳурмат намуналарини кўрсатганлар. Ибн Саъднинг “Табақот” китобида ёзилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамизга уйланиб, Маккада яшаб турганларида ёнларига Ҳалимаи Саъдия келиб: “Қаҳатчилик туфайли ҳаёт кечириш жуда ҳам қийинлашиб кетди, қурғоқчиликдан ҳайвонлар қирилиб кетмоқда” – деб айтадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз билан маслаҳатлашиб унга қирқта қўй ва битта туя берадилар.
Ҳатто бир куни Ҳалимаи Саъдия Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларига келганида ўринларидан туриб:“Онажон!, онажон!”, – деб ҳурмат ва муҳаббат кўрсатганлари, ридоларини ерга солиб унга ўтқазганлари ҳам нақл қилинган. Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳо Мадинадаги Бақиъ қабристонига дафн қилинган.
Доно халқимизда “Нимани эксанг, шуни ўрасан”, “Ота рози – Худо рози” каби ажойиб ҳикматлар бор. Ҳар бир эркак ва аёл бу ҳикматлардан тўғри хулоса чиқариб, ўзини ўнглаши, хато қилган бўлса, дарров ота-оналаридан узр сўраб, уларнинг кўнглини топиш, дилларидан озорни кетказиш пайида бўлиши даркор!
Тобеинлардан бири Муҳаммад ибн Мункадир раҳматуллоҳи алайҳи ҳар куни оналарининг оёқлари остига ётар ва: “Эй, онажон, юзимни оёқларингиз билан босиб ўтинг ва менинг юзларимни дўзахдан қутқаринг”, – дер экан.
Ота-онаси вафот этганларидан кейин ҳам яхшилик қилишни истаган фарзандлар ота-оналари номидан хайру садақа ва эҳсонлар қилсинлар. Қилган садақалари савобини ота-оналарига бағишласалар, манфаати уларга етади. Ота-онадан сўнг уларнинг қариндошларига, дўст ва дугоналарига яхшилик қилган фарзанд худди ота-онасига яхшилик қилган билан баробар бўлиб, умрига ҳам барака берилади.
Фарзанд ота-онанинг розилигини олиш учун қуйидаги амалларни бажариши тавсия этилади.

• Аввало, барча ишларда ота-онадан маслаҳат олиш;
• Ота-онанинг насиҳатларини жону дили билан қабул қилиш;
• Гаплашганда мулойим, ёқимли сўзлар билан муомала қилиш;
• Бирор хизмат буюрсалар, “лаббай”, деб уни бажариш;
• Ўзига хуш кўрган нарсаларни уларга ҳам раво кўриш;
• Уларнинг олдида баланд овозда гапирмаслик;
• Уларга “уф” ёки “уҳ” демаслик;
• Ота-онадан олдин таомга қўл узатмаслик;
• Ота-она кириб келганда ўрнидан туриш ва улардан олдин ўтирмаслик;
• Ота-она ҳузурида оёқларини чўзмаслик, ёнбошламаслик;
• Улардан юқорида ўтирмаслик;
• Ота-она дам олаётганда уларни безовта қилмаслик, олдиларига рухсациз кирмаслик;
• Ота-онанинг кўнгилларини топиб, розилигини олиш;
• Ота-онанинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва соғлиғидан ўз вақтида хабар олиш;
• Дуо қилганда ота-онасининг ҳақларига алоҳида дуо қилиш.
Аллоҳ таоло барчамизни имон ва исломда собитқадам қилсин, бизни тарбия қилган ота-оналаримизни ҳамиша дуогўй бўлишларини насиб қилсин..

Музаффар Қосимов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти маънавий -маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

*

code