ИМОМ АБУ ҲАФС КАБИР БУХОРИЙ
Muallif: Админ
Sana: 06.10.2020
56

Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий 150 ҳижрий (767 милодий) йили Бухорода туғилган. У кишининг тўлиқ исми аллома фақиҳ Мовароуннаҳр шайхи, машриқ фақиҳи Абу Ҳафс Кабир Аҳмад ибн Ҳафс ал-Бухорий ал-Ҳанафийдир. Аҳмад ибн Ҳафс илм излаб Бағдодга боради. У ерда Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний билан учрашади ва ундан дарс ола бошлайди. Ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўрганиб, бошқа диний илмларда ҳам камолга етганидан кейин Бухорога қайтиб келади. У ўз даврининг етук олим ва фақиҳларидан бўлган. Бухоро шу киши туфайли “Қуббат-ул Ислом” (“Ислом дини гумбази”) деб аталган. Унинг Бухоро аҳлининг илмли бўлиши, Бухорода илм кенг тарқалиб,ҳанафий мазҳабининг шаклланишида ўрни беқиёсдир[1] . Самъонийнинг айтишича, Абу Ҳафс Кабир кўплаб фақиҳларни тарбиялаб етиштирган.

Абу Ҳафс Кабир ҳанафий мазҳаби фиқҳининг Мовароуннаҳрда тарқалишида қанча жонбозлик кўрсатган бўлса, унинг ўғли Абдуллоҳнинг ҳам бу борада хизмати катта бўлган. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳни “Абу Ҳафс Сағир”, яъни “Кичик Абу Ҳафс” деб аташган.

Наршахий айтишича, ҳожилар карвонидан бир киши Абу Ҳафс Кабирни ёнига келиб, масала сўраган экан. Абу Ҳафс Кабир ҳайратланиб: “Ўзинг Ироқдан келяпсан-ку, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?” дебди. У киши: “Бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, лекин жавоб бера олишмади ва менга “Бухорога бориб, Абу Ҳафс Кабир ёки унинг фарзандларидан сўра, улар жавоб бера олади”, деб айтишди, деди.

Олим фиқҳнинг турли масалаларига доир кўп асарлар ёзган. Булардан “Фатавои Абу Ҳафс Кабир”, айниқса “Китабул имон” машҳур бўлган. Абдулкарим Самъоний айтишича, Абу Амр Аҳмад ибн Абу Бакр ал-Хузоий ал-Мохий: “Мен Абу Ҳафс Кабирнинг “Китабул имон” китобларидан таълим олганман”, деган. Абу Ҳафс Кабирнинг фиқҳга доир турли масалалар ёритилган “Ал-Аҳвоъ вал ихтилоф” (“Ҳавоий гаплар ва келишмовчиликлар”), “Ар-Радду алал лафзия” (“Юзаки қаровчиларга раддия”) каби асарлари ҳам бор. У мазҳаб уламоларининг аксарига хилоф бўлган бир неча масалаларни ихтиёр этган, жумладан, унинг наздидаиқтидо дуруст бўлиши учун имом имом бўлишни ният қилиши шартдир.

Абу Ҳафс берган фатволар ва унинг асаридан олинган иқтибослирдан кейинги давр уламоларининг фиқҳий асарларида кенг истефода этилган. Жумладан, унинг фикрлари Алоуддин Бухорийнинг “Ҳайротул-фуқоҳо”, Масъуд ибн Маҳмуд ибн Юсуф Самарқандийнинг “Масъудий”, Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳитул бурҳоний”, Абу Бакр ибн Масъуд Косонийнинг “Бадойиъу санойиъ фи тартиби шароиъ”, Музаффар Муҳйуддин Муҳаммад Аврангзеб буйриғи билан Шайх Низомиддин Балхий бошчилигида йигирма уч нафар фақиҳлар тамонидан ёзилган “Фатавойи оламгирия ёки фатавойи ҳиндия” каби қатор асарларда учрайди.

Имом Шофиъий Абу Ҳанифа таърифларида “Одамлар фиқҳда у зотнинг боқимандаларидир” деганларидек, Бухоронинг барча олимлари ҳам Абу Ҳафс Кабир олдиларида қарздордирлар. Жумладан, буюк муҳаддис, ҳадис илмининг пешвоси Имом Бухорий ҳам у кишининг шогирди бўлган. Бухоронинг аксар олимлари Абу Ҳафсдан таҳсил олишган.

Абу Ҳафс Кабир, амир бўладими, оддий фуқаро бўладими, қандай муаммо билан келса, ҳал қилиб берар эди. Олди-сотди ёки ибодат масалаларини жуда аниқлик билан ечарди. Шу боис, одамлар олимни “Ҳожатбарор имом” деб ҳурматлашган.

Ривоят қилишларича, Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорода ҳанафий мазҳаби асосида таълим бериладиган илк мадрасани қурдирган. Бу мадраса ҳозирги “Пойи Калон” мавзеида бўлган. Аллома уйларидан мадрасага боришда бозор орқали ўтардилар. Шунда ҳайбатларидан бозорчиларнинг шовқин-сурони тўхтаб қоларди.

Абу Ҳафс Кабирнинг илмда забардаст ўнлаб шогирди бўлган. Улардан Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадакорий Бухоронинг Бадакор қишлоғидан эди. Яна шогирдларидан Абул Ҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Ҳотам ибн Наср ибн Молик ал-Ғиждивоний.Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил Хуноматий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизгукий, Муҳаммад ибн Абдулло Абу Заҳҳок Фазл ибн Ҳассон Сутиканий, Абу Усмон Саид ибн Сулаймон Шаргий, бу кишининг отаси Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шаргий ҳам Абу Ҳафс Кабирдан таълим олган.

Ҳанафий китобларида саҳиҳ соҳиби Имом Бухорий билан Абу Ҳафс Кабир Бухорий ўрталарида машҳур воқия ҳикоя қилинди.Абдулҳай Лакнавий ўзларининг “Фавоидул баҳийя”номли китобларида бу воқеанинг бўлганлигини эҳтимолдан йироқдеганлар.

У ҳикоя қуйидагича бўлган( Абу Ҳафс Имом Бухорийни фатво беришдан қайтарган, ва унга “сен унинг аҳлидан эмассан”деган.Бухорий фатво беришдан тийилмаган, ҳатто ундан бир қўй ёки сигир сутини ичган икки бола ҳақида сўралганда“улар ўртасида маҳрамлик собит бўлишини” фатво берган.Шунда инсонлар унинг олдига жам бўлиб уни Бухородан чиқариб юборганлар.)

Абдулҳай Лакнавий: “Бухорий қадрининг улуғлиги, фаҳмининг тўғрилиги, назарининг кенглиги ҳамда чуқур фикрлашлигига нисбатан бу нарса мутлақо тўғри келмайди. Унинг саҳиҳларидан фойдаланган кишига бу ҳеч қандай махфий эмас.Агар уни тўғри деган тақдирда ҳам инсон хатодан холи эмас.”деган.

Имом Абу Ҳафс Кабир замонасининг мужаддид олими сифатида тан олинган. Бу зотнинг бизгача етиб келган ноёб асарлари бундан кейин ҳам мусулмонларга хизмат қилиши шубҳасиз.

Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорода ҳанафий мазҳаби асосида таълим бериладиган илк мадрасани қурдирган. Бу мадраса ҳозирги “Пойи Калон” мавзеида бўлган. Аллома уйдан мадрасага боришда бозор орқали ўтардилар. Унинг ҳайбатидан бозорчиларнинг шовқин-сурони тўхтаб қоларди.

Абу Ҳафс Кабирнинг илмда забардаст ўнлаб шогирдлари бўлган. Улардан Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадакорий. Бухоронинг Бадакор қишлоғидан эди. Яна шогирдларидан Абул Ҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Ҳотам ибн Наср ибн Молик ал-Ғиждивоний, Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил Хуноматий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизгукий, Муҳаммад ибн Абдулло Абу Заҳҳок Фазл ибн Ҳассон Сутиканий, Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шарғий ва унинг ўғли Абу Усмон Саид ибн Сулаймон Шарғий ҳам Абу Ҳафс Кабирдан таълим олган.

Абу Ҳафс Кабир 216 ҳижрий ( 832 милодий) йили вафот этган ва Бухородаги “Дарвозаи нав” қаршисидаги тепаликка дафн этилган. Муҳаммад Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” асарида: “Марҳум Хожа Абу Ҳафснинг саройи, кишилар у жойни қанчалик тузатиб турганликларига қарамай, бу кунгача сақланиб қолмаган ”, деган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки. Абу Ҳафс Кабирнинг шахсияти ва фаолияти кенг ўрганиладиган мавзулардан бўлиб, Абу Ҳафс Кабирнинг шахсияти ва олиб борган илмий фаолияти униб келаётган ёшларга илм олиш ва олган илми жамиятга манфаатли бўлиши учун ўрнак десак арзийди.Олим фиқҳнинг турли масалаларига доир кўп асарлар ёзган. Булардан айниқса “Фатавои Абу Ҳафс Кабир” ва “Китабул ийман” асарлари машҳур бўлган.Бундан ташқари Абу Ҳафс Кабирнинг фиқҳга доир турли масалалар ёритилган “Ал-Аҳва вал-ихтилаф”, “Ар-Родду алал-лафзия” каби асарлари ҳам бор. Аллома ўз замонасида биринчи бўлиб исломий илмларни таълим берадиган илм даргоҳига асос солган. У асос солган талим масканида таълим олишни бошқа юрт толиби илмлари ҳам орзу қилишган.

  • Холиқов Нурулло“Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси



[1]Муҳйиддин Абу Муҳаммад Абдулқодир ал-Қураший ал-Ҳанафий.Ал-Жаваҳирул-музия фи табоқотул-ҳанафия(696/775).Д.Абдулфаттаҳ Муҳаммад таҳқиқ қилган.Б.166.

.Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий ал- Ҳиндий ал-Ҳанафий.Ал-Фавоиду-л-баҳия фи тарожими-л-ҳанафия.Ал-Матбул-мустафо 1293/1872.Б.15.

Админ