​Камтар бўлайлик
Muallif: Админ
Sana: 18.09.2020
103

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар яъни: ВКонтакте, Одноклассники, Файсбук, Твиттер, Ватсап, Телеграм, Инстаграм, каби тармоқлар инсониятга бир қанча имкониятлар бериш билан бир қаторда афсуски, турли ғийбату ҳақоратларни, риёкорликни тарқатишда ҳам асосий каналга айланди. Уларнинг ишончлилиги эса шубҳалидир. Хусусан, аксарияти таниқли шахслар тўғрисидаги суҳбатлар билан боғлиқ бўлиб, уларнинг атрофида кўплаб миш-мишлар айланиб юради. Мусулмонлар бу каби суҳбатларда иштирок этмасликлари керак, чунки бу гуноҳдир. Аллоҳ субҳану ва таоло Ҳужурот сурасининг 12-оятида: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар» дея марҳамат қилади.

Шунингдек, мусулмон киши ҳар қандай жамоат ичида одамлардан ўзини устун ва ажратиб кўрсатишга уринмаслиги лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан такаббурлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин”.

Демак, мусулмонлар бошқаларга нисбатан кибр қилмаслиги шартдир. Сиз бошқалардан яхши томонингиз билан, фақат яхши ўрнак кўрсатиб ажралиб туришингиз мумкин. Бундан ташқари, сиз ўзингизнинг маълум афзалликларингиз ва бойликларингиз билан мақтана олмайсиз. Агар Аллоҳ бандасига дунёда бирон нарса берган бўлса, демак уни олиб қўйиши ҳам мумкин. Шунинг учун мусулмонлар берилган барча нарсалар учун оламларнинг Парвардигорига шукр қилиб, камтарликни изҳор қилишлари, манманлик ва кибрдан узоқ бўлишлари керак.

Суфён ибн Уяйна (р.ҳ): “Кимнинг гуноҳ-маъсияти нафсининг хоҳиши туфайли бўлса, унинг тавбаси қабул бўлишидан умид қил. Ахир Одам алайҳиссалом ҳам нафсининг хоҳиши билан гуноҳ қилган. Кейин мағфират сўраган ва Аллоҳ кечирган. Лекин, кимнинг гуноҳи кибр туфайли бўлса, унга лаънат тушишидан қўрққин. Зеро, иблиснинг гуноҳи кибр туфайли эди, лаънатга дучор бўлди” - деган эканлар.

Мусулмон киши ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда гуноҳларни ошкор қилишдан ҳам тийилиш лозим.

Кўпгина интернет фойдаланувчилари ўзларининг саҳифаларида видео ва фотосуратлари орқали қилган гуноҳларини ошкор қилмоқдалар. Мусулмон одамнинг ёмонликларини бошқаларга хабар қилиши жоиз эмас. Ҳар биримизнинг гуноҳларимиз фақат ўзимизга ва Аллоҳга маълум бўлиши керак. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисларнинг бирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Умматимнинг мужоҳирларидан бошқа барчаси афв этилган. Мужоҳир киши тунда бир гуноҳ амал қилади ва Аллоҳ унинг гуноҳини беркитган бўлади. У эса тонг оттирганда: “Эй фалончи, кеча мен фалон ва фалон амалларни қилдим”, дейди. Ваҳоланки, Аллоҳ унинг гуноҳини беркитганда, у ўз гуноҳини ошкор қилди”.

Агар бир киши бошқанинг гуноҳини билса, уни ҳам сир тутиши керак. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мўминнинг айбини яширса Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади» деганлар.

Аллоҳ таоло бандаларини гуноҳ ва маъсиятдан қайтариб, беҳуда гапирмаслик ва тилни эҳтиёт қилиш лозимлигини таъкидлаб, ҳадиси қудсийда: Эй Одам фарзанди! Агар қалбингда ғашлик, баданингда беморлик, ризқингда маҳрумлик, молингда камчилик топсанг, демак, билгинки, сен бефойда нарсани (кўп)гапирибсан.

Эй Одам фарзанди! Тилингни тўғри қилмагунингча, дининг тўғри бўлмайди. Роббингдан ҳаё қилмагунингча, тилинг тўғри бўлмайди. Агар ўз айбингни унутиб, одамларнинг айбига назар солсанг, унда сен шайтонни рози қилиб, Раҳмоннинг ғазабини келтирибсан дея марҳамат қилади.

Шундай экан, ижтимоий тармоқлардами ёки жамиятда юзма – юз учрашганимиздами фақат ва фақат манфаатли гапларни гапириб, бир биримизга меҳр оқибатли бўлайлик.

Албатта кишининг одоби, хулқи унинг маърифати, билимдонлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Инсон қанчалик маърифатга эришса, унинг хулқи шунчалик яхши ва мукаммал бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни эшитган ҳар бир маълумотни гапираверадиган, ёлғончи, туҳматчи ва мужоҳирлардан бўлиб қолишимиздан асрасин! Ўзининг амрига итоат этиб, биров келтирган, айтган хабарларни текшириб, ўрганиб кўрувчилардан қилсин!
Манбалар асосида А. Усмонов тайёрлади

Админ